Спорт глобаллашувининг салбий томонлари
Спортнинг глобаллашуви сабаб ХХI асрда спортнинг энг долзарб ва муҳим фалсафий-ижтимоий муаммоларидан бири бу инсонпарварлик муаммосидир.
Ушбу муаммо асосан спортнинг беллашувли фаолияти билан чамбарчас боғликдир. Маълумки, кўпгина таълимотларда эътироф этилишича ҳар қандай қарама-қарши беллашувлар (антигуман) инсонпарварликка зид фаолиятлар ҳисобланади.
1706 йилда Бернарден Сен-Пъер ўзининг “Тарбия тўғрисида фикрлар”деб номлаган асарида, “ҳар қандай рақобатли фаолият яхшиликдан хабар бермайди” деб ёзади. Шунингдек, буюк рус ёзувчиси Л.Н.Толстой ҳам бунга салбий муносабат билдирган. У шундай деган эди: “Шуни ҳеч унутмангки, қарама-қаршиликдан яхши натижа чиқмайди, ҳуддики манманликдан олий ҳимматликка эришиб бўлмаганидек”. Ҳудди шундай фикрни жисмоний тарбия илмий усулининг асосчиларидан бўлган Россиялик бир қатор олимлар П.Ф.Лесгафт П.Де Кубертенлар ҳам болалар олимпия беллашувларини хавфли ва ноамалий фаолият деб баҳо берадилар.
Иккинчидан, спорт турлари чексиз. Уларни барчасини ҳам инсонни жисмоний ва маънавий етукликка ундайди деб бўлмайди. “Қоидасиз жанг” сингари спорт турлари ёшларда қандай аҳлоқий фазилатларни шакллантириши мумкин. Биринчи Президентимиз “Юксак маънавият-енгилмас куч” асарида таъкидлаганидек «оммавий маданият» деган ниқоб остида аҳлоқий бузуқтик ва зўравонлик, индивидуализм, эгоцентризм ғояларини тарқатиш, керак бўлса, шунинг ҳисобидан бойлик орттириш, бошқа халқларнинг неча минг йиллик анъана ва қадриятлари, турмуш тарзининг маънавий негизларига беписандлик, уларни қўпоришга қаратилган хатарли таҳдидлар одамни ташвишга солмай қўймайди.
Учинчидан, спорт глобаллашувининг салбий томонларидан яна бири катта спорт мусобақаларини ташкил этиш, ўтказиш даромад кетидан қувиш бўлиб қолмаслиги лозим.
Тўртинчидан, спортчиларнинг четга чиқиши. Спорти юксак ривожланган, иқтисодиёти устун мамлакатлар ёш спортчиларни ўзига чақириб олиш ҳолатлари кучаймоқда. Бу ёш спортчилар ўзга мамлакатнинг байроғи остида майдонга чиқишмоқда. Бразилияда ўтказилган ЖЧ нинг ғолиби Германия терма жамоасининг олти нафар аъзоси ажнабий спортчилар эди. Сочи-2014 олимпия ўйинларида Россия қўлга киритган медалларнинг 14% и чет элдан келган спортчилар ҳиссасига тўғри келган. Россия ҳукумати мамлакат жамоаларида хорижлик спортчилар сони умумий спортчилар сонининг чорак қисмидан ошмаслигини белгилаб берувчи ҳужжат қабул қилди20.
Бешинчидан, спортни мафкуралаштириш. Жаҳоннинг етакчи ташкилотлари, етакчи мамлакатлари турли соҳадаги келишмовчиликларини ҳал этишда спортни восита қилиш, спортнинг халқаро майдондаги мавқеидан фойдаланишга интилишга уринишмоқда. Албатта бу ижобий ҳолат. Доимий рақобатда бўлган давлатлар спорт майдонларидаги учрашувлар сабаб дўст давлатга айланса, турли хил ирқ, дин, мазҳаб вакиллари аҳил, иноқ бўлиб кетишса бунинг нимаси ёмон? Лекин спорт жазо воситаси сифатида фойдаланиш тескари натижа бериши ҳам мумкин. Антверпенда (Белъгия) ўтказилиши белгиланган VII олимпиада ўйинларига Олимпия қўмитаси қарорига биноан I жаҳон уруши сабабчиси ҳисобланган Германия ва унга иттифоқдош бўлган мамлакатларнинг олимпиада ўйинларида иштирок этиши таъқиқлаб қўйилди. Шунингдек, Собиқ иттифоқ вакилларининг ҳам олимпиада учрашувларидаги иштироки маън этилди. 1952 йил Хелъсинкидаги (Финляндия) ХВ олимпиада ўйинларида илк маротаба СССР (300 га яқин спортчилар билан) иштирок этди. Юқорида айтиб ўтилган 1980 йил Москвада (СССР), 1984 йил Лос-Анжелосда (АҚШ) ўтказилган олимпия ўйинларини ҳам бунга мисол қилиб айтиш мумкин. Болқон, Кавказдаги, Шарқий Европадаги баъзи келишмовчилик туфайли Россия-Украина, Россия-Грузия, Арманистон-Озарбайжон, Испания-Гибралтар терма жамоаларининг ўзаро гуруҳ босқичларида учрашуви ман этилган. Лекин негадир октябр ойининг (2014 йил) ўрталарига белгиланган доимий рақобатда бўлган Сербия-Албания учрашувига рухсат берилиши тушунарсиз ҳолат. Ўйиннинг 42 дақиқасига келиб майдон узра Буюк Албания баннери, албан миллатчиларининг байроғи илинган учувчисиз бошқариладиган вертолётнинг уча бошлаши серб футболчиларининг жиддий норозилигига сабаб бўлди. Серблар капитани Стефан Митрович айтишига қараганда у жанжалга сабаб бўлиши мумкин бўлган бу байроқни шунчаки олиб ташлашга ҳаракат килган. Натижада катта жанжал келиб чиқди21. Ўйинни давом эттириш имкони бўлмади.
Do'stlaringiz bilan baham: |