Минтақавий можароларни олдини олишнинг шарт-шароитлари ва омиллари.
Минтақавий можароларнинг оқибатлари анча сезиларли шаклга ҳам эга. Улар давлатларнинг миллий иқтисодиётига ва хўжалик алоқаларига таъсир кўрсатади. Ҳар бир фуқаронинг ва жамият аъзосининг аниқ ҳисоблаб кўрса бўладиган манфаатлари демакдир.
1. Масалан, Афғонистондаги уруш мамлакатнинг шундоқ ҳам яхши ривожланмаган иқтисодиётини бошдан-оёк вайрон қилди. Бу уруш ҳозирги вақтда Марказий Осиё давлатларига “илиқ денгизлар”даги портларга чиқиш ва шу йўл билан жаҳон хўжалик алоқалари тизимига қўшилиш имконини берадиган янги транспорт коммуникацияларини очиш йўлида асосий ғов бўлмоқда. Бу эса, ўз навбатида, миллий иқтисодиётнинг ривожланишини секинлаштирмоқда. Чунки самарали товар айирбошлаш учун жуда қисқа ва барқарор транспорт коммуникациялари керак бўлади.
2. Қуролли можаро кескинлашган тақдирда чегараларни тан олмасдан, қўшни давлатлар ҳудудига “ёпирилиб кириш”га тайёр турган қочоқлар муаммоси вужудга келади. Суриядаги ҳолат буни кўрсатди. Одатда, бу оқимда чегара орқали нон ва бошпана топишнигина эмас, балки одамларнинг қалбига янги ғулғула солишни истайдиганлар ҳам кириб келади. Қочоқларни қабул килувчи томон учун бу масаланинг табиий инсонпарварлик жиҳати билан бирга, иқтисодий томони ҳам мавжуд. Чунки қочоқларни жойлаштириш ва уларнинг кўп сонли, кечиктириб бўлмайдиган муаммоларини ҳал қилиш учун ўз бюджетидан қўшимча маблағлар қидириб топиш зарурияти беихтиёр пайдо бўлади.
3. Афғонистонда чўзилиб кетган минтақавий можаролар салбий ходисаларни келтириб чиқармоқда.Қонунга хилоф равищда наркотик моддалар олиб ўтилиши, халқаро терроризм ва қурол-яроқ контрабандаси каби муаммоларга ҳам тўхталиб ўтиш лозим. Маълумки, вайронгарчилик ва сиёсий тартибсизлик шароитида уруш ҳаракатларини олиб бориш оддий аҳоли учун асосий юмушгина эмас, балки омон қолиш усули ҳам бўлиб қолмоқда. Айни пайтда, Афғонистондаги можарода катнашаётган гуруҳлар учун наркотик моддаларни ишлаб чиқариш ва сотиш қурол-яроқ ҳарид қилиш ва бойлик орттириш учун пул топишнинг энг кулай воситасига айланмоқда. Турли халқаро ташкилотлар, шу жумладан БМТ таҳлилига кўра, Афғонистон қорадори ҳом ашёсини тайёрловчи дунёдаги етакчи давлатлардан биригагина эмас, балки наркотик моддалар олиб ўтиладиган энг йирик базага ҳам айланиб қолди. Бу макон орқали наркотик моддалар тобора кўпроқ миқдорда Марказий Осиё давлатларига ва сўнгра Фапбга етказилмоқда. Табиийки, уларнинг бир қисми бизнинг минтақамизга “сингиб кетмоқда”. Бу эса жиноятчиликнинг ўсишига айрим ёшларнинг бузилишига, ҳатто миллатнинг генофонди айнишига сабаб бўлади.
4. Афғонистондаги минтақавий можаролар ҳал булмаётир. Бу эса минтақадаги давлатлар, шу жумладан, Ўзбекистон олдига терроризм ва қурол-яроғлар контрабандаси сингари ҳодисаларнинг қўшни давлатлар ҳудудларига ёйилиши билан боғлик бўлган янги ва ғоят хавфли муаммоларни кўндаланг қўйди. Эндиликда миллий хавфсизликни ва ички барқарорликни таъминлаш даражаси ана шу муаммоларни ҳал қилишга боғлиқ. Яқин Шарқдаги ва сайёрамизнинг турли нуқталаридаги бошқа тангликлар, шунингдек, МДҲ ҳудудидаги (Чеченистон, Тоғли Қопабоғ, Абхазия ва бошқалардаги) воқеаларнинг ўхшаш жиҳатларига қараб террорчилик фаолиятини Афғонистонннинг миллий чегараларидан ташқарига кўчириш имкониятлари қай даражада эканлигини тасаввур этиш мумкин. Бунинг устига, Афғонистон ҳудуди ва чегаралари назорат қилиб бўлмайдиган қурол-яроғ аслаҳахонасига айланган. Бундай шароитда Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги чегаралар очиқлиги янада хатарлидир. Афғонистон худудида тайёргарликдан ўтган ёки партизанлар урушида тажриба орттирган жангарилар дунёнинг кўпгина давлатларидаги қуролли можароларда фаол қатнашган бўлиши мумкинлигини ҳам инкор этиш мушкул.
Миллий хавфсизлигимизга четдан реал таҳдид солаётган Афғонистондаги минтақавий можаролар Марказий Осиёда ва на бутун дунё миқёсида баркарорликни мустаҳкамлашга ёрдам беради. Бу можароларнинг катта салбий потенциали бутун дунё кўламида ҳалокатли оқибатларга олиб келишга қодир.
Нафақат Марказий Осиё минтақасидаги, балки ундан ташқаридаги ҳар бир соғлом фикрли инсон минтақавий можароларнинг янада авж олиши бу ҳудуддаги мамлакатларнинг танлайдиган йўлига таъсир кўрсатмасдан қолмаслигини яхши англайди. Бу можаролар уларнинг ижтимоий-сиёсий ривожланиши қандай, кайси йўлдан боришига миллионлаб кишиларнинг тақдирини белгилаб берадиган демократик ва бозор ислоҳотларининг истиқболлари қандай бўлишига ўз таъсирини ўтказади.
“Совуқ уруш” даври тугашининг асосий якуни шу бўлдики, инсоният учинчи жахон урушидан қутулиб қолишга муваффақ бўлди. Минтақавий можароларнинг шулар қатори Афғонистондаги можаронинг ва дунё микёсида келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатларини чеклашга ва тарқатмасликка бугунги кунда ҳаммамизнинг ҳам ақл-идрокимиз, тажрибамиз ва қатъиятимиз етадими?
Ўзбекистан Республикамиз билан чегарадош мамлакатлардаги ҳарбий-сиёсий можароларни тинч йўл билан ҳал қилишга ва уларнинг олдини олишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатларни, амалий қадамларни қўллаб-қувватлаб келди ва бундан буён ҳам қўллаб-қувватлайверади. Бу йўлда мамлакатимиз ҳам ўз давлат сиёсати доирасида, ҳам халқаро ташкилотлар механизмларидан фойдаланган ҳолда, мавжуд имкониятларни аниқ мақсадни кўзлаб ишга солади. Бутун миллий стратегиямизнинг асосий йўналишларидан бири ана шундай мазмун-моҳиятга эга.
Do'stlaringiz bilan baham: |