I. МИРЗАЧЎЛ ТУПРОҚЛАРИНИ ЎЗЛАШТИРИШ ВА
СУҒОРИШНИНГ ҚИСҚАЧА ТАРИХИ (Адабиётлар шарҳи)
1.1. Мирзачўл тупроқларини ўрганишнинг қисқача тарихи
Инсоният ўзининг онгли фаолияти давомида қўриқ ерларга сув чиқариб, ўзлаштирилган ерларни обод ўлкага, гуллаган водийларга айлантиришни, улардан кундалик эхтиёжлари учун фойдаланишни асрлар бўйи орзу қилиб келганлар. Ўрта Осиё ерларини ўзлаштириш тарихига назар ташлар эканмиз, суғорма деҳқончилик ишлари асримиздан анча илгари бошланганлигига гувоҳ бўламиз. Мирзачўл ерларини суғоришга бўлган дастлабки ҳаракатлар ўтган асрнинг бошларига тўғри келади, чўл ерларига сув келтирган энг қадимий канал “Эскитуятортар” бўлиб, археолог Я.Ғ.Ғуломовнинг эътироф этишича, бу канал Зарафшон дарёси сувини Илонўтди дарёси орқали Сангзорга қуйган ва Мирзачўлнинг жанубий-ғарбий чеккасидаги Жиззах воҳаси ерлари суғорилган. Ўрта Осиё ерларининг ўзлаштириш ва суғориш тарихи хусусида муҳим ва ажойиб хулосаларга келинган, жумладан ерлардан унумли фойдаланиш масаласида алмашлаб экиш, дарахт ўтказиш, кузги-қишги сув бериш, шўр ювиш, чуқур шудгорлаш ва бошқа бир қанча ишлар амалга оширилган.
Ў.С.Эрбўтаева Мирзачўлда илк суғориш ишларини таҳлил қилиб, қуйидагича маълумотларни келтиради: Американинг Карнеги номидаги Вашингтон институти томонидан Хантингтон раҳбарлигидаги археологик экспедиция 1903 йилда Ўрта Осиёда суғориш истиқболларини тадқиқ этиб, Туркистон ўлкаси, шунингдек Мирзачўлдаги қадимги суғориш иншоотлари ва тизимларини ўрганган ҳолда, Туркистоннинг «қуриб кетиш» назариясини олға суришган. Шу даврнинг атоқли рус олими А.И. Войеков, кейинчалик унинг ишини давом эттирган Л.С. Берг Хантингтон назариясини асоссиз эканлигини исботлаб, Мирзачўл ҳудудида бошлаб юборилган ўзлаштириш ишларини тўхтатмасликга даъват этиб, рад этиб бўлмайдиган далиллар билан Ўрта Осиёнинг арид, қурғоқчил Мирзачўл ҳудуди, Қўшма Штатлар ерларидан кўра, кўпроқ инсон ҳаёти ва қишлоқ хўжалиги учун қулай эканлигини, бу борада албатта суғориш тарафдори эканлигини исботлайди [149; 38-41 б].
1913 йилда Князариқ (ҳозирги Дўстлик канали) ишга туширилган. 1911 йилда суғориладиган ерларнинг майдони 12 минг гектарни ташкил этган. 1910 йилдан 1914 йилгача 95 минг гектар ер ўзлаштирилиб, шундан 60 минг гектар ер майдонлари шўрланиш ва ботқоқланиш натижасида ишдан чиқганлиги аниқланган. 1914 йилда мухандис Г.К Резенкампф Мирзачўлни суғоришнинг бош лойиҳа схемасини ишлаб чиққан, унга кўра, 540 минг гектар ўзлаштирилиши мўлжалланган, лекин лойиҳа бу даврда амалга ошмади. 1922-1924 йилларда Мирзачўлнинг суғориладиган ерларининг ҳолати бир мунча яхшиланган ва янги ерлар ўзлаштирилган [90; 696-697 б].
М.А.Орлов [96; 37-52 б] воҳа суғориладиган тупроқларини алоҳида «маданий-воҳа» (оазисно-культурные) тупроқ типига ажратиб, суғориш ва ўғитлар қўллашда нафақат кимёвий ва биологик хоссалари, балки уларнинг физикавий хоссаларининг ҳам ўзгаришини кўрсатиб ўтади. Унинг фикрича, бу жараёнда маданий суғориладиган тупроқларнинг механик таркиби оғирлашиб, зичлашиб, структурасизланиб боради, суғориш натижасида кукунлашиш, сочилишга мойил бўлиб, қуриганда қатқалоқ ҳосил бўлади, сувни ва ҳавони кам ўтказади, ғоваклиги камаяди.
А.Н.Розанов [114; 22 б] Мирзачўлдаги оч тусли бўз тупроқларда суғориш таъсирини ўрганиб, умумий ҳолатларни ҳайдалма ости зичлашган қатламнинг ҳосил бўлиши, механик таркибининг оғирлашиши, лойлашиш жараёнларини шаклланишини эътироф этиш билан бирга, лойнинг пайдо бўлиш сабаби суғориш сувларининг колматажловчи (ил заррачаларининг тўпланиши) таъсири ва тупроқ массасининг скелетли ҳамда талқон тупроқ (мелкозем) қисмлари минералларининг нураши натижаси, суғоришнинг бошланғич босқичларидаги лойланишнинг асосий сабаби эса дезагрегация жараёнларидир деб ҳисоблайди.
Н.И. Зимина [46; 15 б] тадқиқотларига кўра, суғориладиган типик бўз тупроқларда ғўза-беда алмашлаб экиш тизими таъсирида ва узоқ йиллар мобайнида органик (гўнг) ва минерал ўғитлар қўллаш шароитида тупроқнинг агрокимёвий хоссалари билан бир қаторда, унинг физик хоссалари ҳам яхшиланади: сувга чидамли агрегатлар, агрегатлар ғоваклиги, сув сиғими ва сув ўтказувчанлиги ортади, тупроқни етилганлик намлиги интервали кенгаяди.
С.Н.Рижов ва К.Б.Саакянцларнинг [115; 3-15 б] турли суғориш даврига хос бўлган Мирзачўл оч тусли бўз тупроқларидаги тадқиқот маълумотларининг кўрсатишича, суғориш таъсирида уларнинг морфологик хоссалари ва зичлиги нисбатан тез ва сезиларли ўзгариб боради. Н.И. Зимина [46; 15 б] айнан шу тупроқларда суғориш муддатларининг агрофизикавий хоссаларига таъсирини ўрганиб, сувга чидамли макроагрегатларнинг миқдори ўзлаштиришнинг дастлабки йилларида кескин камаяди, кейинчалик эса суғориш муддатларининг ортиб бориши, маданийлашиш ва унумдорлигини ошиб бориши билан уларнинг миқдори кўпайиб боради деган фикрга келган.
С.П.Сучков [120; 45-51 б] томонидан суғориш муддатларини бўз тупроқлар хоссаларига таъсири ўрганилиб, узоқ вақт суғориш таъсирида мазкур тупроқлар барча қатламларининг оғирлашиб бориши (ил заррачалари ҳисобига), тупроқ профилининг ўрта қисмида лойланишнинг алоҳида белгиларининг ажралиб туриши, шунингдек, баҳор даврида уларнинг сув ўтказувчанлиги нисбатан камроқ кўрсаткичларда кузатилиши вегетация оҳирида эса унинг кескин камайиб кетиши аниқлаган.
А.С.Хасанов [142; 40-50 б] Мирзачўл ҳудудида грунт сувларининг оқим шароитлари, буғланиш жадаллиги ва бошқа омилларнинг таъсирида уларнинг минерализация даражаси, шўрланиш химизми ва типларининг ўзгариши бўйича 6 та гидрокимёвий зонага:
1) Гидрокарбонат-кальцийли;
2) Сульфатли-гидрокарбонатли-натрийли;
3) Сульфатли-натрийли;
4) Сульфатли-хлоридли-натрийли-магнийли;
5) Хлоридли-сульфатли-натрийли;
6) Аралаш типдаги сувлар зоналарига ажратган.
Н.Ф.Беспалов [27; 60-71 б] бутун Мирзачўл ҳудуди учун чуқур илмий гидромодул районлаштириш схемасини ишлаб чиққан ва ҳудудни бешта гидромодул районга ажратган, уларнинг ҳар бири учун суғориш режими ва меъёрларини аниқлаган. Жумладан, ғўза учун суғориш нормаларини 3400 дан 7600 м3/га ча қилиб белгилангани ҳолда, суғориш сони 4-6, ҳар бир суғориш нормаси эса 900-1300 метр кубни ташкил этади.
М.У.Умаровнинг [137; 282-б] ишларида Мирзачўлнинг суғориладиган ва ўзлаштиришга мўлжалланган тупроқлари асосий физик хоссаларининг батафсил тавсифи баён қилинган, суғориш таъсирида тупроқни физик хоссаларининг ўзгаришлари кўрсатилган, Мирзачўл ерларини ўзлаштириш ва ундан фойдаланиш мақсадида керакли агротехник тадбирларни ишлаб чиқишда ҳудуд тупроқлари учун аниқланган сув-физик хоссаларининг асосий константалари (кўрсаткичлари) берилган.
О.К.Комиловнинг [57; 230-б] тадқиқотларида Мирзачўл ерларининг ўзлаштириш тажрибалари умумлаштирилган, тупроқ жараёнларига ирригацион-мелиоратив тадбирларнинг таъсири таҳлил қилинган. Турли мелиоратив режимларнинг сифат-миқдорий тавсифлари ёритилган, табиий ва тупроқ шароитлари ҳисобга олингани ҳолда, уларни қўллаш районлари (массивлари) тавсия этилган.
Н.Г. Минашина [89; 527-536 б], ва бошқаларнинг ишларида, Мирзачўлнинг жанубий-шарқий қисми тупроқларининг генезиси ва шўрланган тупроқлар ҳолатини яхшилаш ҳамда улардан самарали фойдаланиш борасидаги бир қатор масалалар ўз ечимини топган.
1960-1970 йилларда Мирзачўлнинг суғориладиган шўрланган тупроқларидаги тузларнинг таркиби, шўрланиш типлари ва тупроқ ҳароратини ҳисобга олган ҳолда, шўр ювиш меъёрлари ва муддатлари Д.С.Саттаров [116; 31-б] томонидан комплекс ўрганилган ва сульфат тузлари билан шўрланган ерларни тупроқ ҳарорати ҳали пасаймаган куз-қиш ойларида ювиш яхши самара бериши исботлаган.
Ж.Ахмедов, Қ.Мирзажонов, С.Азимбоев, С.Исаевлар [21; 6-7 б] республика суғориладиган ерлари тупроқларини мелиорациясига оид тадқиқотларни таҳлил этганлари ҳолда, тупроқ профилида гипс, арзиқ, шўх қатламлари бўлган ерларни аввало ГР-юмшатгичи билан юмшатиб, тупроқнинг бир метрлик қатламида хлор иони миқдори 0,01-0,02% гача қолгунга қадар шўр ювиш ишларини давом эттириш ижобий самара бериши эътироф этилган.
М.М.Тошқўзиевнинг [123; 39 б] кўп йиллик олиб борган илмий изланишларида суғориладиган тупроқларнинг ялпи кимёвий таҳлили, уларни гумусли, калийли, фосфорли ҳолати сингдирилган катионлар таркибига доир маълумотлар жумладан, Мирзачўл ҳудудлари тупроқларини таҳлил натижаларига кўра маълум бўлишича, ил фракциясининг элемент ва минералларини таркиби бир хиллиги аниқланган. Шу тупроқларнинг ил фракцияси ҳам, шунингдек пептизацияланган ҳамда агрегатланган ил заррачасини минералогик таркибида кўпроқ гидрослюда, ундан сўнг монтморлонит минерали учрашини ҳамда қисман хлорит ва каолинитлардан иборат эканлигини аниқланган.
А.У.Ахмедов ва бошқалар [14; 122-157 б, 15; 59-62 б, 16; 36-39 б, 17; 110-114 б, 18; 70-75 б, 19; 191-195 б, 20; 115 б] томонидан Сирдарё вилоятининг суғориладиган тупроқлари сув-туз балансида содир бўлаётган салбий ҳолатлар, бу ҳудудда туз тўпланиш ва иккиламчи шўрланиш жараёнларининг жадаллашиб бораётганлигини ҳамда бу вазиятни ўрганиш асосида ҳозирги тупроқ мелиоратив ҳолатини қайд қилинган. Кейинчалик бу ҳолатни мунтазам кузатиб бориш мақсадида табиий шароитларига кўра, ярим чўл минтақаси, жумладан вилоят суғориладиган тупроқлари учун характерли бўлган ҳудуднинг турли геоморфологик, гидрогеологик ва тупроқ мелиоратив шароитларида жойлашган Сайхунобод, Сирдарё ва Гулистон туманларидан калит майдонлари танлаб олиниб уларда кузатувлар олиб борилган. Ушбу кузатувлар натижасида ҳудудда тарқалган эскидан ва янгидан суғориладиган ҳамда янгидан ўзлаштирилган тупроқлардаги грунт сувларнинг сатҳи, тупроқнинг сув-физик хоссалари, тупроқ–мелиоратив ҳолатидаги ўзгаришлар динамикаси ўрганилган, шўрланиш ва бошқа деградация жараёнларини олдини олишга қаратилгана бир қанча тавсиялар ишлаб чиқилган.
Р.Қурвонтоев ва бошқалар [9 ; 119-б, 82; 177-180 б, 83; 472 б, 84; 126-128 б, 85; 108 б, 92; 169-171 б, 93; 81-83 б, 94; 308-311 б] ўзларининг кўп йиллик илмий тадқиқотларида Мирзачўл воҳасининг тупроқлари асосан турли даражада шўрланганлиги натижасида, унинг экологик, агрофизикавий хоссаларига салбий таъсир қилишини тадқиқотлар натижасида аниқлаган. Айниқса, суғоришнинг ривожланиши сабабли бу ерларнинг шўрланиш даражаси ортиб бориши натижада тупроқ донодорлиги (структураси) йўқолиши, бу эса ўз навбатида тупроқ агрофизикавий хоссаларини айниқса унинг зичлигини ёмонлашишига олиб келишини таъкидлайдилар.
Муаллифлар томонидан қишлоқ хўжалик экинларига вегетация даврида пуштага мульчалаб кам ишлов берилиши ҳайдов ва қисман остки қатлам тупроқларини зичлигини энг мақбул даражада ушлашга имкон яратиши, шудгорланган вариантларда эса у ошиб бориши кузатилган. Буғдой экинига пуштада мульчалаб кам ишлов берилганда тупроқда қимматли агрегатлар миқдорини кўп бўлиши умумий агрегат ғоваклиги ва ғоваклик аэрацияси юқори кўрсаткичларга эга бўлиши аниқланган.
Муалифларнинг таъкидлашича, физик ҳолати емирилишини барқарорлиги деганда, тупроқларни физик ҳолатини сақланганлигини, биринчи навбатда структура ҳолати ва зичлик қатлами мақбул чегараларидаги мувозанатлиги ёки шунга яқин табиий ва шу билан бирга антропоген таъсири шароитидаги катталиклардир. Тупроқ физик хоссаларини емирилиш чидамлилигига уларнинг генетик фарқланишлари ҳисобга олиниш асосида қаралади.
И.А. Зиямуҳамедов [47; 53 б] ва бошларнинг фикрича табиий ландшафтларда уларни ташкил этувчи компонентлари қаторига ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, асосан маълум минтақа учун хос бўлган турдаги организмлардан иборат бўлади. Шулар таъсирида шу минтақага хос бўлган типдаги тупроқлар ҳосил бўлади.
Антропоген ландшафтларда эса, уларни ташкил этувчи компонентлар табиийга нисбатан тубдан ўзгарган бўлиб, бутунлай бошқа турдаги навлардаги маданий ўсимликлар-ҳар хил экинлардан, макро, мезо ва микрофаунаси, хаттоки микроорганизмлари ҳам бошқа янги турдаги бошқа организмлардан иборат бўлади. Табиий биологик хилма-хиллик тубдан ўзгариб, сунъий ва табиий аралаш фаол организмлар хилма-хиллиги вужудга келади. Шулар таъсирида ҳар хил даражадаги умумдорликка эга бўлган юқори ва ўртача маданийлашган тупроқлар ҳосил бўлади.
Б.Б.Ахунова [23; 26-б] жанубий Мирзачўл канали бўйлаб суғориладиган тупроқларнинг физик ҳолатига баҳо бериб, олиб борилган тадқиқотлар натижаларини таққослаш орқали, тупроқнинг гумус қатламини шаклланишида, механик ва бир қанча физик хоссаларини суғориш таъсирида ўзгаришини аниқлаган.
Ғ.Т.Парпиев [100; 117 б, 101; 142-146 б, 102; 159 б, 103; 28-б, 104; 187 б, 105; 91-92 б, 106; 119-124 б] Мирзачўлнинг эскидан суғориладиган ҳудудидаги турли табиий ва қишлоқ хўжалиги шароитларида кенг ривожланган бўз-ўтлоқи ва ўтлоқи тупроқларнинг мелиоратив-экологик ҳолатида содир бўлаётган ўзгаришларни Ер мониторингини юритиш асосида аниқлаб, салбий жараёнларни олдини олиш ва уни оқибатларини тугатиш ҳамда ўрганилган калит майдонларининг “тупроқ шўрланганлиги” картограммаси ва олинган маълумотлар асосида, тупроқ унумдорлиги ва экинлар ҳосилдорлигини оширишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиққан. Бундан ташқари, Мирзачўл (Сирдарё вилояти) ерларини узоқ йиллар суғориш ва ўзлаштириш натижасида унинг табиий ландшафтлари компонентларида, жумладан ўрганилган ҳудудлар тупроқ-мелиоратив ҳолатида сезиларли ўзгаришлар содир бўлганлиги, бир қатор салбий жараёнлар шаклланганлиги, грунт сувларининг сатҳи ер юзасига яқин кўтарилиб, минераллашганлик даражаси ўртача 5-8 г/л гача етганлиги, шўрланиш жараёнлари фаоллашиб, турли даражада шўрланган тупроқлар шаклланганлигини ўз тадқиқотларида аниқлаган.
Н.Бакиров ва Ш.Турдиметовлар [25; 250-256 б] маълумотларига кўра, ҳудуд суғориладиган тупроқларини суғориш давомийлигига боғлиқ ҳолда бир қатор хосса ва хусусиятларини ўзгариши бўйича 1971 йилда илмий изланишлар олиб борилган. Бунга кўра, суғориш муддатини ортиб боришига боғлиқ ҳолда тупроқларни 0-100 см ли қатламида гумус ва азотни миқдори ортиб боради. Агар қуруқ тупроқда шу қатламда 60 т/га гумус ва 5 т/га азот заҳиралари аниқланган бўлса, 40 йил давомида суғориш давомида уларнинг миқдори мутаносиб равишда 66 т/га ва 6 т/га тенг бўлиб, бу эса ўз навбатида гумус ва азот заҳираларини ортганлиги аниқланган.
Do'stlaringiz bilan baham: |