Тўртинчи йўналиш - «Ёш оила» йўналиши. Оила халқимизда муқаддас даргоҳ саналади. 2012 йилни мамлакатимизда “Мустаҳкам оила йили” деб номланиши, унга мувофиқ қабул қилинган давлат дастурини амалга ошириш ўз самарасини берди. Ҳозирги кунда Ўзбекистонда салкам 7 млн. оила яшайди, шундан 995 мингдан ортиғи ёш оилалар ҳисобланади. Яъни, республикамизда ёш оилалар жами оилаларнинг 16% ини ташкил этади. Баркамол ёш авлод, аввало оилада улғаяди. Умуман, бу борада амалга оширилаётган комплекс чора-тадбирлар турли йилларнинг номланишида ҳам ўз аксини топиб келмоқда. Хусусан, 1998 йил - Оила йилига бағишлаб ишлаб чиқилган Давлат дастурида белгиланган чора-тадбирларнинг ижроси орқали оилани ижтимоий ҳимоя қилиш кўламларини янада кенгайтириш ва кучайтиришга эришилди. “Ёшлар йили” деб номланган 2008 йилда ёш оилаларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 30 млрд. сўмдан зиёд имтиёзли кредитлар ажратилди.
Бешинчи йўналиш – “Ёшлар профессионализми” йўналиши. Бу шуни англатадики, ёш авлодга замон талаби даражасида таълим-тарбия ва касбга кўникма берган ҳолда унинг жамиятдаги меҳнат бозорига кириб боришини таъминлаш муҳим аҳамиятга эга. Кадрлар тайёрлаш Миллий дастурига мувофиқ, мамлакатимизда «9+3» сxемаси бўйича 12 йиллик умумий мажбурий бепул таълим тизими жорий этилди. Умумтаълим мактабидаги 9 йиллик ўқишдан сўнг ўқувчилар кейинги 3 йил давомида иxтисослаштирилган касб-ҳунар коллежлари ва академик лицейларда таълим олиб, уларнинг ҳар бири умумтаълим фанлари билан бирга меҳнат бозорида талаб қилинадиган мутаxассислик бўйича касб-ҳунарларни эгалламоқда. Ўтган йиллар давомида 1573 та янги турдаги академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари барпо этилди. Бугунги кунда мавжуд 143 та академик лицей ва 1430 та касб-ҳунар коллежида 1 миллион 700 мингга яқин ўғил-қизлар таълим олишмоқда. Касб-ҳунар сирларини эгаллаган ёшлар халқ хўжалигининг турли соҳаларида фаолият юритмоқдалар. Умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари ўқувчиларининг халқаро фан олимпиадаларидаги иштироки ҳам йилдан-йилга кенгайиб бормоқда.
Олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси асосида мамлакатимизда икки босқичли бакалавриат ва магистратура тизимига ўтилди. Бугунги кунда ёшларимиз 75 та олий ўқув юртида халқаро андозаларга мос шарт-шароитларда таълим олмоқда. Жаҳондаги нуфузли университетлар билан яқин ҳамкорлик алоқалари ўрнатилди. Жумладан, Тошкентда Буюк Британиянинг халқаро Вестминстер университети, Италиянинг Турин политехника университети, Сингапур менежментни ривожлантириш институти, Кореянинг Инха университети, Губкин номидаги Россия нефть ва газ давлат университети, Плеханов номидаги Россия иқтисодиёт университети, Ломоносов номидаги Россия давлат университетлари филиаллари ташкил этилди. Иқтидорли талабаларни ҳар томонлама рағбатлантириш, уларга ўз истеъдодларини намоён этишлари учун Ўзбекистон Республикаси Президенти стипендияси, Алишер Навоий, Улуғбек, Беруний, Ибн Сино номидаги давлат стипендиялари таъсис этилди.
Do'stlaringiz bilan baham: |