МАВЗУГА ОИД НАЗОРАТ САВОЛЛАРИ
1. Ижтимоий шерикликнинг вужудга келиш сабабларини айтинг.
2. Ижтимоий шериклик назарияси қачондан шакллана бошлаган?
3.Нима учун ижтимоий шериклик ривожланган мамлакатлар барқарорлигига хизмат қилган?
4. Музокаралар жараёнларига кўра, ижтимоий шериклик ...?
5. Мезонига кўра, ижтимоий шерикликнинг моделлари...?
6.Ижтимоий шериклик самарадорлигини таъминлашда халқаро ташкилотларнинг ўрни қандай?
7.Ижтимоий шериклик тўғрисидаги тред-юнионистик назариянинг моҳияти нимада?
8.Ижтимоий шериклик тўғрисидаги секторлараро назария тред-юнионистик назариядан нимаси билан фарқ қилади?
9. Ижтимоий шерикликнинг субъектлари кимлар бўлиши мумкин?
10. Ижтимоий шерикликнинг замонавий шаклларини айтинг.
14-МАВЗУ: ФАОЛ ФУҚАРОЛИК ПОЗИЦИЯСИГА ЭГА БЎЛГАН ЁШ АВЛОДНИ ТАРБИЯЛАШНИНГ АСОСИЙ ЙЎНАЛИШЛАРИ
Режа
1.Ёшлар ҳуқуқ эркинликлари халқаро ҳуқуқий асосларини шаклланиши ва ривожланиши.
2.Мустақиллик даврида давлатнинг ёшларга оид сиёсатини ривожланиши ва уни амалга оширилиши.
3.Мамлакатда баркамол авлодни шакллантиришнинг янги босқичи.
Таянч сўзлар: ёшлар, бола ҳуқуқи, ёшлар ҳуқуқи, ёшлар сиёсати, давлатнинг ёшларга оид сиёсати, ёшларнинг мустақил позицияси, баркамол авлод, ёшлар, ёшлар ташкилоти, ёшлар бандлиги, ёшлар сиёсати объекти ва субъекти, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи, ёш тадбиркорлар, ёшларни ижтимоий ҳимоя қилиш.
1.Ёшлар ҳуқуқ эркинликлари халқаро ҳуқуқий асосларини шаклланиши ва ривожланиши
Инсонияти тарихи бир неча минг йилликлар ичида ёшларни алоҳида ижтимоий қатлам, жамиятининг барча билан тенг аъзоси сифатида ўрнига унчалик аҳамият бермай келди. Ва ниҳоят, фуқаролик жамияти куртаклари ва унсурлари пайдо бўлганидан кейин ёшларнинг жамиятдаги ўрни масалалари кўтарила бошланди. АҚШда 1776 йилда, Францияда 1849 йилда инсон ҳуқуқларини ҳимоялаш масалалари кўтарилиб, унинг таркибий қисми сифатида ёшлар ва болалар ҳуқуқларини ҳимоялаш ғоялари илгари сурила бошланди. Дастлаб, 1833 йилда Англияда 9 ёшгача бўлган болаларни фибрикаларда ишлатиш таъқиқланди. 1896 йилда Германияда ўз болаларига тазйиқ қиладиган уларни таҳқирлайдиган, ёки уларга ғамхўрлик қилмайдиган ота-оналарни жазолашга доир қонун қабул қилинди. 1899 йилда АҚШда дастлабки ювенал314 судлар ташкил топди.
1919 йилда жаҳон халқаро ҳамкорлигини ривожлантириш мақсадида тузилган Миллатлар Лигаси Болалар равнақи қўмитасини таъсис этди. У ўз эътиборини қаровсиз қолган болалар, етимлар ва қулликка тушиб қолган болаларга қаратди. Бу пайтда болалар ҳимоясига доир нодавлат ташкилотлар шакллана бошлади. Болаларни қутқариш халқаро иттифоқ (Save the Children International Union) биринчи жаҳон урушидан кейин тузилди. 1924 йил 24 сентябрда Миллатлар Лигасининн Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари Женева декларациясини қабул қилди.
1959 йил 20 ноябрда БМТнинг Бош Ассамблеяси Бола ҳуқуқлари декларациясини қабул қилди. Шу даврдан бошлаб 20 ноябрь Бола ҳуқуқлари куни сифатида нишонланиб келинмоқда. 1995 йилда БМТнинг Бош Ассамблеяси томонидан “Ёшлар бўйича умумжаҳон ҳаракатлар дастури” қабул қилинди. Ушбу дастур ҳар бир мамлакат миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилиши, бутун дунёда ёшлар шароити, ҳолатини яхшилашга қаратилган халқаро лойиҳа ва дастурларнинг амалга оширилиши учун мустаҳкам замин ва йўл-йўриқларни таъминлаб берди.
Мазкур дастурни ҳаётга тадбиқ қилиш учун, авваламбор, ёшлар орасида асосий инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг тўлиқ бажарилиши, амалга оширилишини таъминлаш, ҳамда барча мамлакатлар бундай ҳуқуқ ва эркинликларнинг бузилишига қарши аниқ чораларнинг кўриши, камситмаслик, бағрикенглик, хилма-хилликка ҳурмат, турли диний ва этник қадриятларга, маданий, фалсафий қарашларга ҳурмат тамойилини илгари суриши, барча аёл ва эркаклар учун имкониятлар тенглиги, ҳамнафаслик, хавфсизлик, жамият ҳаётида иштирок этиш имкониятларини яратиши, кафолатлаши талаб қилинади.
Ҳозирги кунга келиб дунё аҳолисининг 18%ини ёшлар ташкил этмоқда. Бу нисбий кўрсаткич албатта. Маълумки, бугунги кунда жаҳон мамлакатларида «ёшлар» тушунчаси турлича тасниф қилинади. Масалан, Европа Иттифоқи давлатларида аҳолининг 16 ёшдан 30 ёшгача (баъзан 35 ёшгача) бўлган вакилларига ёшлар сифатида қаралади. ЮНЕСКО эса 17 ёшдан 25 ёшгача бўлган йигит-қизларни ёшлар сирасига киритади. Аксарият МДҲ давлатларида эса (жумладан, Ўзбекистон Республикасида ҳам) 14 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ёшлар ҳисобланади. Бугунги кунга келиб ёшларга оид сиёсат юритиш, бу борада муайян сиёсий институтлар, жамоат ташкилотларининг фаолият олиб бориши кўплаб ривожланган ва ривожланаётган давлатлар қонунчилигида салмоқли ўрин тутади.
Ҳозирги даврдаги ёшларга оид давлат шаклланиши ва тарихи ХХ асрнинг 60-80 йилларида БМТ томонидан ёшлар ижтимоий қатламига бўлган муносабатнинг янгича принципларини белгилаб берилган қатор ҳужжатлар қабул қилиниши билан узвий боғлиқдир. 1965 йилда БМТ Бош Ассамблеясининг “Ёшлар ўртасида тинчлик ғоялари, миллатлараро ўзаро ҳурмат ва тушунишни тарғиб этиш тўғрисидаги Декларация”си эълон қилиниши билан ёшларнинг ижтимоий муаммолари ташкилот эътибор марказидаги вазифага айланди. ЮНЕСКО йўналишида ёшлар муаммоларига дахлдор юздан ортиқ ҳужжатлар қабул қилинди. Айнан ЮНЕСКО ташаббуси билан 1985 йилдан Ёшлар масалалари бутунжаҳон конгресси фаолият кўрсата бошлади ва шу йил БМТ томонидан “Халқаро ёшлар йили” деб эълон қилинди.
ХХ асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб болалар ҳуқуқини ҳимоя қилиш ҳуқий асосларини ривожланиши асносида болалар ва ёшлар ҳуқуқларини кафолатлаш даври бошланди. Бу даврдан бошлаб қатор ривожланган давлатларда ёшлар ҳуқуқини ҳимоялаш, ёшларга доир давлат сиёсатлари ривожланиб, улар ҳаётда қўллана бошлади. Хусусан, Францияда ёшлар сиёсати Ёшлар, спорт ва ижтимоий ташкилотлар билан ишлаш вазирлиги томонидан амалга оширилиб, унга таълим, маданият ва коммуникация ҳамда бандлик бўйича тегишли вазирликлар кўмаклашади. Францияда ишсиз аҳолининг кўпчилигини ёшлар ташкил этганлиги боис, ушбу муаммоларни ҳал этиш мақсадида “Янги хизматлар, янги иш ўринлари” давлат дастури жорий қилинган. Шунингдек, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун “Имкониятлар тенглиги тўғрисида”ги қонун қабул қилинган бўлиб, ушбу қонун мамлакатдаги хусусий корхона ва ташкилотларга ёшларни ишга қабул қилиш бўйича қўшимча вазифалар юклайди. Бундан ташқари, Францияда маданият соҳасидаги давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш борасида ҳам кўпгина ишлар қилинмоқда.
АҚШнинг ёшлар борасидаги давлат сиёсати ўзига хослиги, яъни, мазкур сиёсатни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда бевосита ёшларнинг ўзлари иштирок этиши билан бошқа мамлакатлардан ажралиб туради. Ҳозирги кунда Америка ёшлари орасида наркотик моддалар истеъмоли, жиноятчилик ва ирқчилик билан боғлиқ муаммолар авж олган. Шундан келиб чиқиб, ушбу муаммоларни ҳал этишга қаратилган кўпгина қонунлар қабул қилиниб, амалга татбиқ қилинган. Айни пайтда АҚШда ёшларни қўллаб-қувватлаш ва ҳимоя қилиш юзасидан 400 дан ортиқ дастурлар ишлаб чиқилган. Шундан энг кўп аъзоларга эга бўлганлари “Ёшларни ҳимоялаш лигаси”, “Талабалар очарчиликка қарши”, “Ташқарига назар”, “Ёрдам” (“Хелп”) ҳамда Қутқарув армияси кабилар ҳисобланади. Мазкур ҳаракатлар АҚШнинг барча касб-ҳунар ўқув муассасаларидаги ёшларни қамраб олган. АҚШда “Ёшлар сиёсати концепцияси”ни амалга оширишда давлатнинг роли бирмунча оз бўлиб, бу жараёнга, асосан, хусусий ташкилотлар кенг жалб қилинган. Давлат ёрдами ижтимоий ҳимояга ўта муҳтож бўлган ёшларга қатъий чегараланган миқдорда кўрсатилади. АҚШда ёшлар сиёсати давлат идораларининг алоҳида бир фаолият соҳаси ҳисобланмайди, ёшлар муаммолари юзасидан бир неча вазирликлар иш олиб боришади. Жумладан, Меҳнат вазирлиги ёшларнинг бандлиги, Адлия вазирлиги жиноятчилик, Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот вазирлиги эса ёшлар ҳамда ўсмирларнинг соғлиги борасидаги муаммолар билан шуғулланишади. Ёшлар билан ишлашда сиёсий ташкилотлар, спорт муассасалари ҳамда диний ташкилотларнинг ўрни ҳам баланд. “Ёш республикачилар” миллий федерацияси ҳамда “Американинг ёш демократлари” АҚШдаги энг катта ёшлар сиёсий бирлашмалари ҳисобланишиб, улар мамлакатдаги икки йирик сиёсий партиянинг ёшлар бўйича расмий ташкилотларидир. Ёшлар сиёсий ташкилотларининг асосий мақсадларидан бири ёшларни сиёсий ҳаётга жалб қилиш, уларнинг давлат сиёсатидаги ўрнини ривожлантиришга қаратилган. Шунингдек, АҚШда “Лютеранлик лигаси” ва “Католик ёшларнинг миллий федерацияси” каби диний, миллий ёшлар ташкилотлари ҳам фаолият кўрсатиб келмоқда.
Буюк Британия давлатининг ёшлар бўйича олиб бораётган сиёсати мисолида давом эттирадиган бўлсак, бу мамлакат ушбу соҳада узоқ тарихга эга бўлиб, ўзининг кўп қирралилиги билан Европанинг бошқа давлатларидан ажралиб туради. Жумладан, Англиядаги сиёсат ёшлар билан боғлиқ барча жабҳаларни қамраб олган бўлиб, улар орасида таълим соҳаси энг юқори ўринга қўйилган. Инглиз ёшларининг аксарият қисми турли ташкилотлар томонидан ташкил этилган “ёшлар клуб”ларига аъзо бўлиб, уларнинг ёшлар борасидаги тадбирларига кенг жалб қилинган. Шунингдек, ушбу давлатда ёшларнинг “кўнгилли ҳаракатлари” ўта ривожланган бўлиб, кичик шаҳар ва туманлар миқёсида давлат сиёсатини амалга оширишда муҳим аҳамият касб этади. Мазкур ҳаракатларни молиялаштириш давлат томонидан амалга оширилиб, фаолияти давомида, асосан, қийин вазиятларда қолган тарафдорларининг муаммоларини ҳал этишга ҳаракат қилинади. Шу билан бирга, ёшлар маданий ва ижтимоий соҳаларда ўз фаолликлари билан аҳолининг бошқа қатламларига нисбатан ажралиб туради. Англиядаги ёшлар ташкилотининг камчиликларидан бири уларнинг давлат бошқарувидаги роли қатъий эмаслигидадир. Ушбу ҳолат давлат бошқаруви тизими консерватив тамойилларга асосланганлиги билан характерланади315.
Европа давлатлари орасида Германиянинг ёшлар борасидаги давлат сиёсати ўзига хос хусусиятга эга. Немис ёшлар сиёсатининг моҳияти шундаки, унда асосий эътибор 18-27 ёшдаги аҳолининг ижтимоий бандлигига қаратилган. Бундан ташқари, ушбу сиёсат фуқароларнинг қонуний ҳимояси ҳамда уларнинг ижтимоий ва индивидуал ривожланишини ҳам кўзда тутади. Мамлакатнинг деярли барча катта шаҳарларида ёшларга тегишли бўлган кўпгина компанияларга қарашли махсус марказларни учратиш мумкин. Ушбу марказлар фаолияти ёш фуқароларнинг ишга жойлашиши билан боғлиқ муаммоларни ҳал этишга қаратилган, бу эса давлатнинг ишсизлик борасидаги сиёсати самарали амалга ошишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Мазкур ишларнинг масъулияти Оила ва ёшлар вазирлигига юклатилган бўлиб, ушбу вазирлик қошидаги ёшлар масалалари бўлими бевосита мазкур соҳадаги турли лойиҳаларни амалда қўллаш бўйича ўз фаолиятини олиб боради. Шу билан бирга, Германияда ёшларнинг ахлоқий қарашлари ва уларнинг маданий саводхонлигини ошириш ишлари билан шуғулланувчи ташкилотлар тузилган бўлиб, уларнинг ҳаракатлари жамиятнинг етук шахсларини камол топтиришга қаратилган.
Японияда ёшлар сиёсати муҳимлиги инобатга олиниб, мазкур соҳада олиб борилаётган ишлар миллий сиёсат даражасига олиб чиқилди. Японияда БМТнинг “Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги Конвенциясига асосланиб ёшлар борасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун Миллий ассамблея ташкил этилди. Мазкур ташкилот асосан 4 та дастур асосида иш олиб боради. Биринчиси, “Миллий ҳаракат” дастури бўлиб, у асосан куч ва воситаларини Ассамблея фаолиятини қўллаб-қувватлашга йўналтиради. Иккинчиси, “Ҳаёт йўлини танлашга кўмаклашиш” дастури 2007 йилда тасдиқланган бўлиб, унинг фаолияти ёшларни касб танлашга йўналтириш, уларнинг турли иқтидорларини ўрганишга қаратилган. Учинчиси, “Ўсмирлар орасида ҳуқуқбузарликнинг олдини олиш чоралари” дастури бўлиб, унинг асосий мақсади ёшлар орасидаги жиноятчиликка қарши курашишда давлат органларига яқиндан ёрдам бериш ҳамда ёшларнинг жиноий хатти-ҳаракатларини ўрганиш марказлари билан ҳамкорликни амалга оширишдан иборат. Сўнгги, “ОИТСга қарши кураш” дастури ўз ичига ёшлар орасида ушбу касалликнинг келиб чиқиш сабабларини ўрганишга қаратилган турли маслаҳатлар бериш ва бошқа тадбирлар ўтказишни назарда тутади316.
Ҳозирги даврда ёшларга оид давлат сиёсати давлатнинг ёшларга, ёшлар ташкилотларига муносабатида, шунингдек қонун чиқарувчи, ижроия, суд ҳокимияти соҳаларида ёшларни ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга доир чора-тадбирларни амалга оширишда ўз ифодасини топади. Бу сиёсатнинг мазмун-моҳияти ёш авлоднинг ижтимоий жиҳатдан ривожланиши учун ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, ташкилий шарт-шароит яратиб бериш, уларнинг ҳаётда ўз йўлини танлаб олишлари, интеллектуал, маънавий ва жисмоний жиҳатдан камол топишини таъминлаш, ёшларнинг ижодий иқтидори ва салоҳиятини шахсий ва мамлакат манфаатлари йўлида рўёбга чиқариш демакдир. Шунингдек, ёшлар сиёсати ёшларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш билан бир вақтда, ёш авлоднинг меҳнат ва ижодий фаолияти учун муҳим ва зарур бўлган инновациявий ва ишлаб чиқаришга доир жиҳатларни ҳам ўзига қамраб олади. Бу ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда ёшларни жамиятни ривожлантиришнинг асосий ва муҳим ресурсларидан бири сифатида эътироф этилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |