Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар: яшаш ҳуқуқи; шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари; айбсизлик презумпцияси ; турар жой даҳлсизлиги; эркин кўчиш ҳуқуқи; фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги; ҳуқуқ ва манфаатларига даҳлдор ҳужжатлар билан танишиб чиқиш ҳуқуқи; виждон эркинлиги.
Сиёсий ҳуқуқлар: жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқи; митинглар, йиғилишлар ва намойишлар ўтказиш ҳуқуқи; жамоат бирлашмаларига уюшиш, оммавий ҳаракатларда иштирок этиш ҳуқуқи; мурожаат қилиш ҳуқуқи.
Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар: мулкдор бўлиш ҳуқуқи; меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва ишсизликдан ҳимояланиш ҳуқуқи;дам олиш ҳуқуқи; ижтимоий таъминот ҳуқуқи; малакали тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи; билим олиш ҳуқуқи; илмий ва техникавий ижод эркинлиги, маданият ютуқларидан фойдаланиш ҳуқуқи145.
Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари устувор ҳуқуқ ҳисобланади ва бу далил унинг Ўзбекистон Республикаси Конституциясида биринчи ўринда берилганлигида ҳам кўринади. Шахсий ҳуқуқлар ва эркинликлар фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, эътиқоди билан боғлиқдир. Шахсий ҳуқуқ ва эркинликлар инсонни шахс сифатида намоён этувчи имкониятдир. Сиёсий ҳуқуқлар фуқаролик билан боғлиқ бўлиб, у тегишли давлатнинг фуқароларига давлат ва жамият ишларини бошқариш имкониятини беради. Сиёсий ҳуқуқларга фақат мамлакат фуқароси эга бўлиши мумкин. Сиёсий ҳуқуқлар орқали фуқаролар, тегишли давлат органларини тузиш, уларни ишида иштирок этиш, давлат органлари ва мансабдорлар фаолиятини назорат қилиш, қонунлар яратилишида иштирок этиш, сиёсат ва давлат фаолияти ҳақида ўз фикрларини билдириш имкониятига эга бўлади.
Фуқароларнинг мулкка эгалик қилиш, меҳнат қилиш, дам олиш, нафақа олиш, тиббий хизматдан фойдаланиш, билим олиш, илмий ва техникавий ютуқлардан фойдаланиш кабиларга бўлган ҳуқуқлари “Иқтисодий ва ижтимоий ҳуқуқлар” деб белгиланган. Бу ҳуқуқлар давлат томонидан ўрнатилиб, давлатнинг иқтисодий қудратини ошиб бориши, имкониятларини кенгайиши натижасида кенгайиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 19-моддасига мувофиқ Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас146. Фуқаролар ўз ҳуқуқ ва эркинликлари ошкора бузилганда (агар фуқаро шундай хулосага келган тақдирда), улар ҳуқуқ ва эркинларини амалга ошишига тўскинлик қилувчи ҳолатлар мавжуд бўлса, фуқаролар зиммасига қонунларда кўзда тутилмаган вазифалар юкланса судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Мамлакат қонунларида фуқароларнинг бурчлари ўрнатилиб, улар фуқароларнинг ҳуқуқларини бузилмаслиги, давлат манфаатларига зиён етмаслиги нуқтаи назаридан белгиланади. Конституцияда белгилаб куйилган ҳар қандай бурч фуқаролар учун бажарилиши шарт бўлган мажбуриятдир.
Демак, бу биринчидан, ҳар бир фуқаро нафақат Конституцияга, балки барча қонунларга риоя этишга мажбурдир. Бу қонунийлик принципини мазмун ва моҳиятига мос келиб, ана шу принципни амалга ошишини таъминлашни назарда тутади. Иккинчидан, ҳар бир киши-фуқаро бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбурдир.
Фуқароларнинг шахсий ҳуқуқларини белгиловчи Конституция нормаларида ҳар кимга ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ҳуқуқи берилган бўлса (Конституциянинг 27-модда), Конституциянинг 48-моддасига асосан бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари ва эркинликлари, шаъни ва қадр қимматини ҳурмат қилишга фақат давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмаларигина мажбур бўлмасдан, ҳар бир фуқаро ҳам мажбур эканлиги кўрсатилган147.
Конституциянинг бу моддаларида ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлаб қўйилган фуқароларнинг бурчларини, уларнинн жамият ва давлатнинг ривожланиши асосларидан ҳисобланувчи Конституция ва қонунларга тўла ва оғишмай амал қилиш зарурлигини, шу асосда ижтимоий ҳаётни ривожлантиришни таъминлашни назарда тутади. Конституция ва қонунларга риоя қилмаслик хавфсизликка, фуқаролар манфаатига, давлат бошқарувига умуман Конституциявий тузумга жиддий зарар етказиши мумкин.
Фуқаро фуқаролиги ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳамда муайян жамият (давлат) аъзоси бўлган шахсдир. Фуқаролик эса ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга онгли риоя этиш, маълум ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳамда бурчларни бажаришга масъуллик билан ёндошув, меҳнат жараёни ва жамоадаги фаоллик, маънавий етуклик асосида муайян давлатга мансублик демакдир.
Фуқаровийлик бир давлатга мансубликни англаш, давлатга содиқлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси сифатида талқин этилиши мумкин. Бунда давлатни, конституцияни, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, давлат тузумини ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга тайёрлик назарда тутилади. Фуқаровийликни инсонга ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан лаёқатли эканлигини ҳис этишни таъминловчи ва жамловчи тушунча сифатида ҳам талқин этиш мумкин.
Фуқаровийликни инсонга ҳуқуқий, ижтимоий, маънавий ва сиёсий жиҳатдан ўзининг лаёқатли эканлигини ҳис этишни ўзида сезадиган шахснинг белгилари сифатидаги тушунча сифатида ҳам талқин этиш мумкин. В.Далнинг луғатида қайд этишича, “фуқаровийлик фуқаролик жамиятини қарор топтириш учун жамиятнинг онги ва билими даражасини ифода этадиган ҳолатдир”148.
Кўриниб турибдики, фуқаровийлик нафақат инсоннинг ҳуқуқий мақоми, балки, унинг билими ва жамиятнинг ва ўзининг ҳолатини англаши, турли ижтимоий меъёрлардан хабардорлиги ва уларга риоя қилиш билан боғлиқдир. Бунда фуқаролар томонидан жамият тараққиёти йўлида амалга ошириладиган ўзаро бирдамлик, ўзаро ҳамкорлик сингари ихтиёрий фаолиятда иштирок этиш ҳам назарда тутилади. Бундай ҳолатда фуқаровийликда ҳуқуққа нисбатан маънавиятнинг устуворлиги намоён бўлади. Аслида, анъанавий жамиятларда фуқаровийлик ҳуқуқий мазмунда эмас, балки кўпроқ маънавий ахлоқий кўринишда намоён бўлиши ўз исботини топган.
Шўролар тузуми даврида фуқаровийлик ватанга садоқат ва ватанпарварлик сифатида талқин этилса-да, у асосан мафкуралашган кўринишда намоён бўлди. Кўпчилик ҳолларда фуқаровийлик ватанпарварлик билан аралашиб кетиши кузатилган. Аслида эса ватанпарварлик фуқаровийликнинг бир кўринишидир, холос. Фуқаролик жамияти фуқароларнинг оддийгина йиғиндиси бўлмагани сингари фуқаровийлик ҳам фақат индивидуаллик аҳамиятига эга бўлган ҳодиса эмас. Фуқаровийлик бир мамлакат ҳудудида яшовчи фуқароларнинг ўз ватанларига содиқлиги, қонунларни ҳурмат қилиши, уларга сўзсиз бўйсуниши, шунингдек ватаннни ҳимоя қилиш ва умуммиллий аҳамиятга эга бўлган масалаларда ўз фаоллигини намоён қилишни назарда тутади. Фуқаровийликка нисбатан турли фикрларни умумлаштирсак, у ҳолда унга нисбатан қуйидагича таърифни қўллаш мумкин: “Фуқаровийлик бир тарафдан, жамиятда шахснинг олий даражада мустақиллигини англатса, иккинчи тарафдан, кишиларнинг жамият ҳаётидаги иштирокида намоён бўладиган юқори даражадаги ўзаро бирдамликни назарда тутувчи қарашлар мажмуини ифода этади”.
Қуйидагилар фуқаровийликни ифода этувчи муҳим жиҳатлардир:
фуқаронинг ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаб етиши ва уни амалиётда қўллай олиш кўникмаси;
бошқа фуқароларнинг ҳақ-ҳуқуқларини эътироф этиш ва ҳурмат қилиш;
фуқаронинг ўз хатти-ҳаракати учун шахсий масъуд эканлиги;
шахснинг давлат ва жамият олдида ўзининг ҳуқуқий ва ахлоқий жиҳатлардан масъуллгини англаш;
фуқароларнинг бир-бирлари билан ўзаро тенглиги;
юксак маънавий-ахлоқий мезонларга асосланган ҳолда ижтимоий воқеликларга нисбатан объектив ва танқидий ёндашувларга эга эканлиги;
ҳокимият органлари, бошқа фуқаролар ва жамоат бирлашмалари билан ижобий мулоқот юритиш ва ҳамкорлик қобилияти;
бир мамлакат, жамият ва давлатга, шунингдек унга тегишли бўлган ҳуқуқий, маданий ва тилни ўзида намоён қилган, ўзини ўзи англаб қобилиятини эгаллаган шахс.
Фуқаровийликни шахснинг фаоллиги даражаси нуқтаи назаридан шартли равишда қуйидаги даражаларга ҳам ажратиб кўрсатиш мумкин:
фуқаро масъулиятли, онгли ва виждонли бўлса, уни дастлабки поғонада, яъни фуқаровий хусусиятларга эга бўлган шахслар қаторида баҳолаш мумкин;
агар фуқарода атрофда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан маълум бир муносабат билдира олиш қобилияти шаклланган бўлса, уни ўз фуқаровий нуқтаи назарига эга бўлган шахс сифатида эътироф этиш мумкин;
агар фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари ва бурчи, улардан амалда фойдаланиш ёки бажариш кўникмаларини эгаллаган бўлса, уни фаол фуқаро сирасига қўшиш мумкин.
Фуқаровийликнинг тугал ёки тўкис эканлигини қуйидаги мезонлар воситасида талқин қилиш мумкин:
1. Агар фуқаровий позиция ҳали шаклланмаган, фуқаровий хусусиятлар, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашиш истаги тўлиқ намоён бўлмаса, у фуқаровийликнинг энг қуйи даражаси турган бўлади.
2. Фуқаро ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун курашишга мойил бўлса, у ҳақда ўз билим ва қобилиятини намоён қилишга тайёр бўлса, бундау фуқаровийликнинг ўрта даражасини эгаллаган бўлади.
3. Агар шахсда фуқаровий хусусиятлар ҳамда фаол фуқаролик позицияси тўлиқ шаклланган, ўз ҳақ-ҳуқуқлари учун амалий ҳаракатга кириш иштиёқи яққол намоён бўлаётган бўлса, у ҳолда уни юқори даражада фуқаровийлик намоён қилаётган шахс сифатида талқин этиш мумкин.
Шахсларнинг фуқаровийлик сифатлари жамият аъзоларини сафарбар этиш ва йўналтиришда муҳим аҳамият касб этади. Фуқаровийлик шахснинг ўз теварак атрофида бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан фаол муносабатини, фуқаролик жамиятини шакллантириш ва ривожлантиришдаги иштирокини англатади. Шунингдек, фуқаровийлик жамият олдида маълум бир мақсаднинг шаклланиши учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Албатта, жамиятда фуқаровийликнинг ривожланиши учун тегишли маънавий, ижтимоий ва тарбиявий чора-тадбирлар кўриш, унинг ривожланиши учун қулай ижтимоий муҳит яратиш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Фуқаровийлик шахснинг сиёсий жиҳатдан комилликка эришиши билан узвий равишда боғлиқ бўлиб, комиллик даражасига етган шахс сиёсий жараёнлар ва ҳодисаларга қизиқиш билан қарайди, рўй бераётган воқеликни мустақил равишда таҳлил қилиш қобилиятига эга бўлади. Айнан ана шундай қобилиятга эга бўлган фуқаро кези келганда ўз ватани тақдири учун бефарқ бўлмайди, ватан учун ўзининг фидойилигини нммоён қилади. Ватанпарварлик руҳиятини ўзида ўзлаштирган, масъулият ҳиссига эга бўлган, сиёсий маданияти юксак ва ўзининг сиёсий онгини бойитиб борадиган жамият аъзосини ҳақиқий фуқаровийликка эга бўлган шахс сифатида баҳолаш мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |