9-МАВЗУ. ФУҚАРО, ФУҚАРОВИЙЛИК ВА ФАОЛ ФУҚАРОЛИК ПОЗИЦИЯСИ
Режа:
1.Фуқаро ва фуқаровийлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва асосий хусусиятлари
2.Фуқаровий онг ва унинг намоён бўлиш омиллари
3.Фуқаровий фаоллик ва унинг фуқаролик жамиятидаги ўрни
Таянч сўзлар: жамият, давлат, фуқаролик жамияти, фуқаролик жамияти институтлари, фуқаровийлик, фуқаровий онг, фаоллик, ижтимоий фаоллик, ҳуқуқий давлат, фуқаровий фаоллик, ижтимоий муносабатлар, ижтимоий макон, ижтимоий жараёнлар, сиёсий жараёнлар, давлат ва фуқаро муносабатлари.
1.Фуқаро ва фуқаровийлик тушунчаларининг мазмун-моҳияти ва асосий хусусиятлари
Фуқаролик жамияти фуқаровий онг ва фаоллик юксак бўлган шароитда барпо этилиши мумкин. Фуқаровийлик мамлакатнинг турли ривожланиш босқичларида, шунингдек жамиятнинг бир босқичдан иккинчи босқичга ўтиш даврида яққол намоён бўлади. Ҳозирги даврда ижтимоий-сиёсий ўзгаришларни ўз бошидан кечираётган, яъни, фуқаролик жамияти барпо этаётган турли мамлакатларда фуқаровийликнинг нмоён бўлиши муҳим аҳамият касб этади. Фуқаровий фаолликнинг моҳиятини англаш учун аввало фуқаровийликнинг мазмун-моҳиятини тушуниш талаб этилади.
Турли илмий манбаларда қайд этилишича, ўз ватани тараққиёти учун ҳар қандай йўл билан, хусусан, ўзининг жисмоний ёки маънавий меҳнати билан жамиятга хизмат қиладиган инсон ҳақиқий фуқаро сифатида эътироф этилади. Бу каби қарашлар бироз фалсафий аҳамиятга касб этаётгандек туюлса-да, аслида фуқаролик жамияти барпо этишда айнан фуқаронинг фаолиги муҳим омил сифатида аҳамият касб этади.
Фуқаровийлик дастлабки қарашда ҳуқуқшуносликка оид атамадек туюлади. Аслини олганда, бу ҳодисанинг фалсафий, ҳуқуқий, социологик ва сиёсий моҳиятлари мавжуддир.
Фуқаро – ўзининг фуқаролиги ҳуқуқий жиҳатдан эътироф этилган ҳамда муайян жамият (давлат) аъзоси бўлган шахсдир. Фуқаролик эса ҳуқуқий ва ахлоқий меъёрларга онгли риоя этиш, маълум ҳуқуқлардан фойдаланиш ҳамда муайян бурчларни бажаришга масъуллик билан ёндашадиган, ўз меҳнати ва жамоадаги фаоллиги, маънавий етуклиги асосида муайян давлатга мансубликни англатади.
Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик Кодексининг 16-моддасида “фуқаро (жисмоний шахс) тушунчаси” қуйидагича белгиланган: “Фуқаролар (жисмоний шахслар) деганда Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари, бошқа давлатларнинг фуқаролари, шунингдек фуқаролиги бўлмаган шахслар тушунилади”143.
Фуқаровийлик бир давлатга мансубликни англаш, давлатга содиқлик ҳамда ватанпарварлик ҳисси сифатида ҳам талқин этилиши мумкин. Бунда давлатни, конституция ва қонунларни, давлат рамзларини ҳурмат қилиш, давлат тузумини ва қонун устуворлигини ҳимоя қилишга тайёр туриш фазилатларига эга бўлган шахс назарда тутилади.
Ўзбекистон Республикасида фуқаролик қуйидаги тамойилларга асосланади:
-ягона фуқаролик, яъни икки ва кўп фуқаролик тан олинмайди;
-фуқароликда тенглик принципи мавжуд;
-фуқароликка эга бўлиш, фуқароликдан чиқиш ихтиёрийликка асосланади;
-фуқароликдан мажбурий чиқаришга йўл қўйилмайди;
-Ўзбекистон фуқаролари ҳуқуқлари, эркинликлари, манфаати мамлакат ташқарисида ҳам давлат томонидан ҳимоя қилинади.
1992 йил 2 июлда қабул қилинган ва 2004 йил 3 декабрда таҳрир қилинган “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги қонун асосида Ўзбекистондаги фуқаролик ҳолатлари мустаҳкамлаб қўйилди144. Шахс фуқаро бўлсагина, у барча ҳуқуқлардан тўла фойдалана олади ва жамиятни ривожланиши, мамлакатни хавфсизлигини таъминлашга қаратилган бурчларни бажаради. Шахснинг фуқаролиги уни дунёни қаерда яшашидан қатъий назар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга асос бўлади. Яъни фуқароларни фуқаросизларга нисбатан ҳимояланиш имкониятлари кенгрокдир.
Эркинлик шахснинг ўз ихтиёри буйича яшаш, ҳаёт кечириш имконияти бўлиб, шахс фақат қонунларга итоат этиши зарур. Мамлакатимизда ҳар бир кишининг эркинлиги, унинг шахсий дахлсизлиги билан таъминланади. Дахлсизлик деганда шахснинг эркинлигини чекловчи ҳеч қандай ҳаракатларга йул қўйилмаслиги тушунилади. Қонунда белгиланган асослардан ташқари ҳеч кимнинг эркинлиги чекланиши, эркинликка зарар етказилиши мумкин эмас. Қонун тегишли ҳолларда кишиларнинг эркинлигини чеклашга йул қўяди, холос. Яъни улар жиноий ҳаракатлари содир этса, ёки шундай ҳаракат содир этишда гумон қилинса, шахсни жамиятдан ажратишга зарурат туғилади.
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 24-42-моддаларида фуқароларнинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш учта йўналишда амалга оширилади:
Do'stlaringiz bilan baham: |