Ўзбекистон “Ватан тараққиёти” партияси (ВТП) 1992 йилнинг 24 майида ташкил топди. ВТПнинг дастурида белгиланганидек, партия жамиятнинг сиёсий тизимидаги фаолиятини парламент партияси сифатида ташкил этади. Партия ўз сиёсатини давлат ҳокимияти ва бошқарув органларига сайланган вакиллари орқали ўтказади. Бунинг учун барча даражадаги ваколатли ҳокимият органлари сайловига ўз номзодларини тавсия этади ва уларни сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланиши учун курашади.
ВТП таркибида 2000 йилда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, 12 вилоят, 220 дан зиёд шаҳар ва туман кенгашлари фаолият кўрсатдилар. Партия аъзоларининг сони қарийиб 35 мингга етди. Партиянинг марказий матбуот нашри – “Ватан” ижтимоий-сиёсий ҳафталик газетаси 2000 йил апрелга қадар фаолият кўрсатди.
Мамлакатда Ўзбекистон Халқ демократик ва “Ватан тараққиёти” партияларининг ташкил топиши билан бир партиявийлик тизимига бутунлай барҳам берилди. Шунингдек, жамиятдаги ижтимоий қатламларнинг қонун чиқарувчи ҳокимиятдаги манфаатларини ифода этадиган сиёсий оқимлар ва ташкилотлар шаклланди. Ўзбекистон Конституциясидаги демократик тамойиллар, шунингдек амалга оширилган ҳуқуқий ва сиёсий ислоҳотлар мамлакатда янги партияларнинг тузилишига кенг имкониятлар яратиб берди. 2000 йилнинг апрель ойида “Ватан тараққиёти” партияси “Фидокорлар” Миллий Демократик партияси билан бирлашди.
Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси (СДП) 1995 йил 18 февралда ташкил топди. Партия миллий хусусиятларни инобатга олган ҳолда ҳалқаро социал-демократик ҳаракатининг асосий негизи бўлган “Адолат”, “Эркинлик”, “Бирдамлик” шиорларини қўллаб-қувватлашини ва ўз фаолиятини ўзини ўзи бошқариш, ошкоралик ва шаффофлик, қонунийлик, кўнгиллилик, партия ҳаётида фаол қатнашиш, партия сафларига кириш ва ундан чиқиш эркинлиги, партия аъзоларининг тенг ҳуқуқлилиги асосида олиб боришини эълон қилди.
Ўзбекистон "Адолат" социал-демократик партиясининг асосий мақсади:
-демократик, ҳуқуқий давлатни, ижтимоий йўналтирилган бозор иқтисодиётига асосланган кучли, адолатли фуқаролик жамиятини барпо этишда ҳамда Ўзбекистон ҳудудида яшаётган барча миллат ва элатларнинг умумий манфаатларига мос келадиган, фуқароларнинг қонун олдида тенглиги, бирдамлиги, конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари таъминланган маънавий жипслашган жамиятни шакллантиришда фаол иштирок этиш.
Партиянинг вазифалари:
-Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш борасида демократик жараёнларни жадаллаштириш;
-Ўзбекистонда ҳуқуқий-демократик давлат барпо этиш борасида Ватанга садоқатли хизмат қиладиган инсонларни тарбиялаш;
-Ўзбекистон фуқароларига ўз қонуний ҳуқуқлари, эрк ва бурчларини англашга кўмаклашиш, уларнинг сиёсий онги, маданиятининг ривожи учун курашиш;
-ўзбек халқининг миллий анъаналарига таянган ҳолда миллий қадриятларни тиклаш, бой маданий меросимизни ўрганиш асосида ёш авлодни тарбиялаш;
-миллатлараро муносабатларни мустаҳкамлаш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни ривожлантириш, ҳар қандай миллатчилик, диний экстремизм, терроризм иллатларига қарши кураш олиб бориш, динлараро бағрикенгликни, тинчлик ва барқарорликни, миллатлараро тотувликни тарғиб қилиш;
-давлат ижроия тизимини такомиллаштириш, давлат ҳокимияти органларида иймонли, пок, ўз Ватани, халқини севадиган ва элу юртига садоқат билан хизмат қиладиган раҳбар ва мутахассис кадрларнинг ишлашига эришиш;
-республика фуқароларининг турмуш даражасини кўтариш, ижтимоий жиҳатдан муҳтож аҳолининг муҳофазасини таъминлаш борасида таклифлар ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
-Ўзбекистоннинг жаҳон миқёсида ўз ўрнини эгаллаши, дунёдаги илғор давлатлар билан халқаро ҳуқуқ талаблари асосида ўзаро манфаатли алоқаларини ривожлантириш учун фаолият кўрсатиш, миллий манфаатларига мос келадиган ташқи сиёсатни қўллаб-қувватлаш;
-Партиядан Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлигига, маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг сайланадиган лавозимларига номзодлар кўрсатиш, қайд этилган сайловларда иштирок этиш, шунингдек, сайланган органларда фаолият кўрсатиш;
-малакали мутахассислар, бюджет соҳалари ходимлари, педагоглар, шифокорлар, муҳандис-техник ва илм-фан вакиллари, хизмат кўрсатиш соҳалари меҳнаткашлари манфаатларини ҳимоя қилиш.
“Адолатt” ижтимоий-сиёсий газетаси Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг расмий нашри ҳисобланади, газета 1995 йил 22 февралда ташкил этилган192.
Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳар, вилоятларда, шунингдек, барча туман ва шаҳарларда партиянинг маҳаллий кенгашлари фаолият олиб бормоқда. Партия ўз сафларига 157222 та (2016 й. маълумоти) аъзоларни бирлаштирган. 4033 та бошланғич партия ташкилотлари мавжуд. Партия сафида 78670 та аёллар, 68145 та 30 ёшгача бўлган аъзолар фаолият юритади. Партиянинг марказий матбуот нашри - «Адолат» ижтимоий-сиёсий газетасидир193. Партия охирги сайлов – 2014 й. 21 декабрдаги сайловларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида 20 та, маҳаллий вакиллик органлари кенгашларида 834 та депутатлик ўрнини эгаллади. Тўрт марта Президенликка сайловларда ўз номзоди билан иштирок этди194.
Do'stlaringiz bilan baham: |