2. ТУРКИСТОН МУХТОРИЯТИ – МИЛЛИЙ ДАВЛАТЧИЛИГИМИЗНИНГ ЁРҚИН САҲИФАСИ
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Республика ижодкор зиёлилари вакиллари билан учрашувидаги маърузасида катта ғурур ва фахр билан: «Бизнинг ҳавас қилса арзийдиган буюк тарихимиз бор. Ҳавас қилса арзийдиган улуғ аждодларимиз бор», – дегани барча-барчани беҳад қувонтириб юборди. Тарихимизга берилган бу ҳаққоний баҳо чиндан-да асослидир. Шу ўринда бундан 100 йил аввал Туркистон сарҳадида миллатимиз сарварларининг машаққатли кураши туфайли тарих саҳнасидан муносиб ўрин олган, аммо большевизм томонидан бешикдалигидаёқ бўғизланган Туркистон мухториятини эслаб ўтиш жоиз.
Маълумки, Ўрта Осиё ва Қозоғистон Республикалари халқлари яқин ўтмишда ўзларининг миллий давлатчилигини бой бериб, қарийб 130 йил мобайнида чор Россияси ва совет мустамлакачилиги исканжасида азоб-уқубатда, қарамликда, миллий ва ижтимоий зулм остида, ўзлигидан, тарихий қадриятларидан бегоналашган мудҳиш, оғир шароитда кун кечирдилар. Ана шу зулм ва истибдодга қарши бу халқлар қўлни қўлга бериб, елкама-елка туриб кураш олиб бордилар. Бу жараёнда кўплаб қурбонлар берилди. Озодлик, ҳуррият учун кураш кенг кўламда олиб борилди. Натижада тарихий, афсонавий Туронзаминда бирин-кетин мустақил давлатлар Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Тожикистон номи билан жаҳон ҳамжамиятидан муносиб ўрин олди. Эл-юрт равнақи йўлида бу республикалар халқлари буюк бунёдкорлик фаолиятини олиб бормоқдалар.
Бу халқларнинг ўз миллий давлатчилиги, бой ва бетакрор тарихга эгалиги жумлаи жаҳонга маълум. Дунёнинг кўплаб мамлакатлари эл-улуслари ибрат олса арзигулик миллий давлатчилигимиз бўлган. Аммо юртимиз узоқ тарихий жараён мобайнида ўзга салтанатлар тажовузи, босқинига кўп марта дуч келди. Ҳар бир ёв босқини даврида давлатчилигимизга катта путур етказилди. Айниқса, чор Россияси ва совет босқини миллий давлатчилигимизга кучли зарба бўлди. 1876 йили Қўқон хонлиги, 1920 йили Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги тугатилиб, миллий давлатчилигимизга барҳам берилди. Аммо халқимиз қарийб 130 йил давомида истиқлол учун, миллий давлат қуриш учун мардонавор кураш олиб борди. Бу йўлда мислсиз қурбонлар берилди. Ниҳоят, 1991 йил 31 августида Ўзбекистон ўзининг давлат мустақиллигини қўлга киритди. Ўзбекистоннинг биринчи Президенти Ислом Каримов таъбири билан айтганда, давлатчилигимизнинг минг йиллик тарихи Россия империясига зўрлик билан қўшиб олинишимиз натижасида узилиб қолган эди. Бу узилиш совет даврида ҳам давом этди. «Фақат, – деб кўрсатади Ислом Каримов, – мустақилликка эришилгандан кейингина халқаро муносабатларнинг тенг ҳуқуқли субъектига айланган суверен Ўзбекистон янги давлатчилигини қуриш ва ривожлантиришга киришди». Фақат истиқлолгина ўз миллий давлатчилигимизни шакллантириш имконини берди. Бу жараёнда биз давлатчилигимизнинг узоқ ва яқин ўтмиши тажрибаларидан самарали фойдаланмоқдамиз. Бунинг ёрқин мисоли 100 йил муқаддам Туронзамин узра қад кўтарган Туркистон мухториятидир. Бу давлат чор Россияси қулаб, совет ҳукмронлиги ўрнатилаётган даврда майдонга келиб, бор-йўғи 2,5 ой умр кўриб, бешикдалигидаёқ большевиклар томонидан бўғизлаб ўлдирилган эди. Туркистон мухторияти Марказий Осиёдаги ўзбеклар, қирғизлар, туркманлар, тожиклар, қорақалпоқлар ва бошқа маҳаллий халқларнинг миллий, мустақил, демократик давлати сифатида пайдо бўлди.
Таниқли адабиётшунос олим, танқидчи, профессор, «Жаҳон адабиёти» журнали собиқ бош муҳаррири, Ўзбекистон Қаҳрамони Озод Шарафиддиновнинг «Мустафо Чўқаев» номли мақоласидан кичик бир парча келтирамиз: «Маълумки, 1917 йилдан кейин большевиклар барпо этган йўқсуллар ҳукмронлиги салтанатида ҳукмрон мафкура фақат бир мақсадга – янги тузумни ҳар жиҳатдан оқлаш ва улуғлашга хизмат қилди. Бу йўлда у ҳар қандай воситалардан, ҳатто зўравонликдан ҳам, ошкора ёлғон, сурбетларча сохтакорликлардан ҳам қайтгани йўқ. Ҳукмрон мафкура, айниқса, большевикларнинг миллий сиёсатини «улуғлашда» зўр жонбозлик кўрсатди. «Октябрь ўтмишда эзилган халқларни озодликка олиб чиқди, улар улуғ оғамизнинг ёрдами билан бахтиёр ҳаёт қурдилар, улар ўтмишда хор ва қашшоқ эдилар, фақат совет давридагина маданиятли, фаровон турмуш кечира бошладилар, бунинг учун улар партиядан ҳар қанча миннатдор бўлсалар арзийди. Кимда-ким бу гапларга қўшилмаса ёхуд қарши бўлса, у ғоявий маҳдуд, муртад, халқнинг ашаддий душмани, разил миллатчи!». Ўнлаб йиллар давомида ана шу «ҳақиқат»ларини халқ онгига сингдиришга ҳаракат қилишди. Афсуски, ижтимоий илмлар турли тазйиқлар ва маъмурий жазолар таъсирида мустақиллигини йўқотиб, нобоп тузумнинг хизматкорига айланди. Оқибатда олис ўтмиш ҳам, яқин тарихимиз ҳам бутунлай сохталаштирилиб, бузиб, ёлғон-яшиққа, уйдирмаларга қориштириб талқин этила бошлади.
Бу ўринда Туркистон мухторияти тарихини сохталаштиришга мажбур бўлган таниқли тарихшунос олимларимиздан фақат иккитасининг фикрини қисқача келтирамиз. Тарих фани бешигини тебратиб ўзгаларга «ибрат» бўлиш даъвосидаги шахс Қўқон буржуа мухториятчилари Қашқардаги Англия консуллигидан тўғридан-тўғри ёрдам олиб турган, «Қўқон мухторияти» ўзининг таркиби ва мақсади билан халққа қарши бўлган эди, у совет ҳокимиятини ағдармоқчи, ўлкада эксплуататорлик тузумини реставрация қилмоқчи эди, Туркистонни Англия мустамлакасига айлантиришга ҳаракат қилган, маҳаллий миллатлар меҳнаткашларининг кенг оммаси буржуа мухториятчиларига қарши чиқиб, советларни қўллаб-қувватлаганлар деб ёзган. «Қўқон мухторияти» буржуа миллатчи қирғиз-қозоқлар комитети «Алашўрда» билан иттифоқда бўлгани, 1918 йил 1 январда Туркистон шаҳрида алашчиларнинг қурултойида Алаш ташкилоти Қўқон буржуа мухторияти билан яқиндан алоқа ўрнатганлигини афсус-надоматлар билан қайд қилган.1
Нуфузли олимлардан яна бири Туркистонда советларга қарши ички ва ташқи контрреволюция занжирининг муҳим ҳалқаси миллий буржуазия, феодал-клерикаллар, рус оқ гвардиячилар, рус буржуазияси билан биргаликда ташкил топган «Қўқон мухторияти»дир деган хулосага келган.2
Совет салтанатидан ташқарида – хорижда Туркистон мухторияти ҳақида бор ҳақиқатни ёзган олимлар, тадқиқотчиларга большевистик мафкура буржуа сохталаштирувчилари деган ёрлиқ ёпиштирган эди. Яна Озод Шарафиддиновдан мана бу иқтибосни келтирамиз: «Буни қарангки, муайян йилларда ана шундай «аксилтарғиботчилик», чет эллардаги ўзбек муҳожирларини ёки бошқа миллатларга мансуб шарқшунос олимларни фош қилиш айрим «олимлар» учун тирикчиликнинг осон йўлига айланди. Анча-мунча одамлар бу йўлдан бориб мансаб пиллапояларидан кўтарилдилар ва сохта шуҳрат эгаларига айландилар. Бугун буларнинг ҳаммаси ёлғон бўлиб чиқди. Ўша «фош этилган», урилган, сўкилган советшуносларнинг кўп гаплари тўғри экан – улар четдан туриб Туркистоннинг заволли аҳволи, аччиқ тақдири тўғрисида бизга қараганда тўғрироқ фикр юритишган экан. Замон ўзгарди, катта қийинчиликлар, талафотлар эвазига бўлса ҳамки ошкораликка эришдик, аста-секин сўз эркинлиги кириб келяпти. Бугун Вали Қаюмхон, Боймирза Ҳайит, Булоқбоши, Темирхўжа каби ўзбек муҳожирларининг номини бемалол тилга оладиган, асарларини чоп этадиган бўлиб қолдик».
Туркистон мухторияти тарихини янгича тадқиқ этган Саидакбар Аъзамхўжаев мазкур мавзунинг ишлаб чиқилишида хориждаги ўзбек олими Боймирза Ҳайитнинг салмоқли ҳиссаси борлигини эътироф этди. Унинг 1956 йили нашр этилган «Туркистон ХХ асрда», «Туркистон Россия билан Хитой ўртасида», «Қўқонда миллий мухторият», «Алашўрда ҳукумати» номли асарларидан фойдаланганлигини ўз асарида қайд этган.3
Доктор Боймирза Ҳайитнинг немис ва турк тилларида нашр этилган «ВАSMATSCHI» («Босмачилар») асарида Туркистон мухторияти муаммолари, туркистонликлар уни ёқлагани, руслар эса қарши тургани, Қўқонда Туркистон мухторияти, Оренбургда «Алашўрда»нинг ташкил топиши, 1917 йил 13 декабрда Тошкентда мухториятга қарши қон тўкилиши, Қўқонда мухтор ҳукуматни эгаллаш учун советлар тайёргарлиги, советларнинг ёвузлиги, Қўқондаги арман дашноқлари ваҳшийликлари каби тарихий воқеаларнинг ҳар бири алоҳида параграфларда таҳлил этилган.
Туркистон мухториятининг хорижий тарихшунослигида Мубошир Косоний, Муса Туркистоний, Али Бодомчи, Усмонхўжа ўғли Пўлатхўжа ва бошқаларнинг асарлари ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.
Туркистон мухторияти тарихига янгича ёндашувнинг асосий концептуал масалалари истиқлолимиз арафасида ва мустақилликнинг дастлабки йилларидаёқ бошланган. Бу М.Ҳасанов4, Н.Норқулов5, Ш.Дониёров6, Ҳ.Содиқов7, С.Аъзамхўжаевнинг8 мақола ва асарларида ўз ифодасини топган. С.Аъзамхўжаев 1996 йили «Туркистон мухторияти: озодлик ва мустақиллик учун кураш (1917 – 1918)» мавзуида докторлик диссертациясини ҳимоя қилди.
Унинг «Туркистон Мухторияти – миллий демократик давлатчиликнинг дастлабки тажрибаси» номли материали «Ўзбекистон совет мустамлакачилиги даврида» китобидан ҳам ўрин олган.9 Тадқиқотчининг рус тилида нашр этилган монографияси ҳам катта илмий қимматга эга.
Туркистон мухторияти тарихи олий ўқув юртлари ва ўрта махсус билим юртлари талабалари учун мўлжалланган Ўзбекистон тарихидан ўқув қўлланма ва дарсликлардан ҳам муносиб жой олган10.
Аммо, бизнингча, Туркистон мухторияти фаолиятининг бутун бўй-басти, муаммолари, йўналиши, мақсади, енгилиш сабаблари, ҳар бир мухториятчининг шахсияти, таржимаи ҳоли, тақдири ўрганилганича йўқ. Мавзуга дахлдор манбалар, архив ҳужжатлари, матбуот материаллари, эсдаликлар, хориждаги манба ва адабиётлар ҳанузгача бизга маълум эмас. Мухторият ва унинг фидойилари номларини абадийлаштириш, бу мавзу бўйича бадиий, драматик асарлар, ҳужжатли ва бадиий фильмлар яратишдек машаққатли, шарафли вазифалар мавжуд.
Do'stlaringiz bilan baham: |