1. Мухториятнинг туғилиши
1917 йил февралида юз берган чинакам халқ инқилоби сайёрамиздаги энг катта империялардан бири – чор Россиясига барҳам берди. Бутун мамлакатда, жумладан, мустамлака Туркистонида ҳам бу воқеа зўр шоду хуррамлик билан кутиб олинди. Ҳуррият, озодлик, тенглик тўлқини узоқ Туркистонни ҳам инқилобий ларзага келтирди. Бор-йўғи 20 баҳорни қаршилаган Абдулҳамид Чўлпон февраль инқилобини 1789 – 1793 йиллардаги буюк француз инқилобига ўхшатган эди. Бу инқилоб улуғ умидлар туғдирган эди. Шу боис ўлка аҳолисининг илғор қисми – жадидлар, руҳоният, зиёлилар бу инқилоб ғоясини ҳаётга татбиқ қилишга ўзларини сафарбар этдилар. Улар Россия таркибида бўлса ҳам миллий, ҳуқуқий, мухтор давлат қуриш учун астойдил курашдилар. Аммо октябрь тўнтариши Туркистон халқларининг умидини йўққа чиқарди. Чунки бу тўнтариш ва унинг ғоялари, сиёсати ўлка аҳолиси, жумладан, ўзбеклар учун тушунарли бўлмаган. Ҳали октябрь тўнтариши юз бермаган 1917 йил ёзидаёқ бир гуруҳ андижонлик жадидлар ўлкадаги большевиклар, меньшевиклар, эсерларга хат йўллаб, уларнинг ғоя ва дастурлари мусулмон халқига сингмаслигини, уларни қабул қила олмасликларини баён этган эдилар. «Сизнинг ва бизнинг ҳаёт тарзимиз бир-бирларига сира тўғри келмайди, – дейилган ўша хатда, – шунинг учун келгуси давлатчилик ҳаётини бирданига умум бир қолипга солиш керак эмас. Умум қолип, андозани бу ерда қўллаб бўлмайди... Бизда сизнинг соф русча маънодаги деҳқонлар йўқ, ғарбий европача маънодаги фермерлар ва ижарачилар ҳам йўқ. Шунинг учун келгуси давлатчилик ҳаётини бирданига умум бир қолипга солиш керак эмас. Умум қолип, андозани бу ерда кўллаб бўлмайди. Бизда эркин деҳқон яшайди. Улар ҳеч қачон, ҳеч қандай шароитда крепостной қаролгина эмас, балки ижарачи фермер ҳам бўлмаган, эркин мулкдор бўлиб келган. Муқаддас Ислом бизни ҳеч қандай табақаларга ва синфларга бўлмаган, шунинг учун ҳам бизда синфий кураш учун асос йўқдир. Зотан, барча мусулмонлар, улар хоҳ фуқаро ё мулкдор бўлишидан қатъи назар, тенгҳуқуқлидирлар».
Октябрь тўнтариши Туркистоннинг объектив тараққиёт қонунларига зид суратда ўлкага четдан – Россиядан келган бир гуруҳ шахслар томонидан зўрлик билан амалга оширилди, яъни зўрлик йўли билан экспорт қилинди. Уни маҳаллий халқ қабул қилмади.
Туркистон ўлкаси ишчи, аскар ва крестян депутатлари совети III съезди 1917 йил 15 – 22 ноябрда бўлиб, унда улуғ давлатчилик ва шовинистик руҳдаги қарорлар қабул қилинди. 15 кишидан иборат Халқ Комиссарлари Совети ва комиссарликлар таркиби юз фоиз овруполик аҳоли вакилларидан сайланди. Бу совет ҳукумати таркибида ўлка аҳолисининг 96 фоизини ташкил этган маҳалий миллатлар вакилларидан биронта ҳам вакил йўқ эди. Буни большевик арбоблардан бири Д.И.Манжара ҳам фаҳмлаб биринчи Туркистон ҳукумати таркибида бирон-бир ўзбек, туркман, қозоқ, қирғиз, тожик бўлмаганидан (ваҳоланки, шу съездда 50 нафарга яқин маҳаллий миллат вакиллари қатнашганди) хижолат тортган. Туркистон ўлкасидаги ҳам қонун чиқарувчи, ҳам ижро этувчи бошқарув органи – Туркистон ўлка халқ комиссарлари совети бўлиб, унинг раиси давлат ва ҳукумати бошлиғи сифатида 26 ёшли большевик Ф.Колесов сайланган. 1918 – 1920 йилларда Туркистон компартияси Марказий Комитетида И.О.Тоболин, А.Ф.Солькин, П.А.Кобозев, Марказий Ижроия Комитети раиси лавозимида П.А.Кобозев, В.Д.Вотинцев, А.А.Казаков, И.А.Апин, Халқ Комиссарлари Советида Ф.И.Колесов, В.Д.Фигельский, И.Е.Любимов, Я.Э.Рудзутак фаолият олиб борганлар. Бутун Фарғона водийсида совет ҳокимиятига большевик П.Д.Крутиков, Андижон уезди советига большевик Д.С.Урюпин, Қўқон уезди советига большевик Е.А.Бабушкин, Наманган уезди советига большевик С.Г.Дадасянц раҳбар этиб тайинланди. Ўлканинг Сирдарё, Самарқанд, Каспийорти, Еттисув вилоятларида ҳам худди шундай аҳвол эди. Туркистондаги совет бошқарув тизимидаги давлат раҳбар органлари таркибига маҳаллий миллат вакиллари мутлақо яқинлаштирилмади.
Давлат бошқарув органлари 100 фоиз Туркистонга Россиядан юборилган оврупалик шахслар билан тўлдирилди. Улар эса маҳаллий халқнинг на тилини, на динини, на маданиятини, на миллий урф-одатини, на бу ерда асрлар оша таркиб топган тарихий, иқтисодий ва сиёсий муносабатларини биларди. Хуллас, советлар чоризмдан мерос қолган улуғ рус шовинизми сиёсатини ўз ҳукмронликларининг биринчи кунидан бошлаб зўрлик йўли билан давом эттирдилар. Бу нарса ўлка советлари III қурултойи (1917 йил 15 – 22 ноябрь) қабул қилган қарорида ҳам ўз аксини топди. Қарорда «маҳаллий аҳоли ўртасида пролетар синфий ташкилотлари бўлмаганлиги сабабли улар вакилларининг ўлкадаги ҳокимият органларида ишлашларига йўл қўймаслик керак»лиги таъкидланган. Бундай улуғ давлатчилик ва шовинистик руҳдаги қарор туб ерли аҳолининг талаб-эҳтиёжлари ва қизиқишларига мутлақо зид эди. Шу боис февраль инқилоби туфайли тарих майдонига чиққан ўлкадаги «Шўрои Исломия», «Шўрои Уламо», Мусулмон ишчилар совети сингари демократик ташкилотлар большовойлар доҳийси Лениннинг ўзи эълон қилган «Россия халқлари ҳуқуқларининг декларацияси»си (1917 йил 15 ноябрь) ва «Россия ва Шарқнинг барча мусулмон меҳнаткашларига мурожаатномаси» (1917 йил 22 ноябрь) каби ҳужжатларга асосланиб миллий истиқлол муаммосини ўзлари ҳал қилишга киришдилар. Мазкур муаммо 1917 йил 26 – 29 ноябрда Қўқонда иш олиб борган Ўлка мусулмонлари советининг IV қурултойида ҳал этиладиган бўлди. Қурултойнинг Қўқон шаҳрида ўтказилишига қатор сабаблар бор эди. Биринчидан, Қўқон шаҳри, умуман, Фарғона водийсида большевизмнинг таъсири анча заиф эди. Иккинчидан, водийда чор мустамлакачилигининг зулми ниҳоятда кучли бўлган. Учинчидан, водий халқининг мавжуд тузумга нисбатан қаҳр-ғазаби бениҳоя кучли эди. Шу боис бу ҳудудда мустамлакачиликка қарши қўзғолонлар сира тинмаган. Тўртинчидан, водий бошқа ҳудудларга қараганда иқтисодий жиҳатдан бақувват бўлган. Бешинчидан, интеллектуал салоҳият ҳам кучли бўлган. Олтинчидан, Қўқон шаҳри бир вақтлар Қўқон хонлигининг пойтахти бўлган. Еттинчидан, водийда эндигина шаклланиб келаётган миллий буржуазиянинг таъсири кучли бўлган. Энг муҳими, Қўқон ўша вақтда бутун Фарғона водийси шаҳарлари ичида анча катта нуфузга эга эди. Ҳатто эсерлар партияси аъзоларидан В.П.Наливкин, Вадим Чайкин ҳамда яҳудий партияси аъзоларидан С.Герцфельд Туркистон миллий мухториятини тузиш ва унинг пойтахти этиб белгилаш учун энг қулай жой деб Қўқон шаҳрини топганлар. Қурултойни ўтказиш учун маблағни Қўқон бойларидан Мир Одил ўз зиммасига олганди. Умуман, Фарғона водийси шаҳарларидаги тадбиркор, мулкдор, бойларнинг нуфузи катта эди. Масалан, Андижонда Миркомилбой Мирмўминбоев, Аҳмадбек ҳожи Темирбеков, Рўзи Охун Назаров жадидларга ҳомийлик қилганлари маълум. Туркистон ўлка мусулмонларининг фавқулодда IV қурултойида 200 дан ортиқ вакиллар қатнашди. Улар ўзбек, қозоқ, қирғиз, тожик, рус, татар, яҳудий ва бошқа миллатлар вакиллари эди.
Туркистон муваққат ҳукумати аъзолари Қўқон шаҳридаги йиғинда
Қурултойни Мустафо Чўқаев очиқ деб эълон қилган ва у ғоятда таъсирчан нутқ сўзлаган. Бу нутқ 2016 йили Алматида нашр этилган 2 жилдлик «Мустафа Чокай. Избранные труды» номли ҳужжатлар ва материаллар тўпламидан жой олган. Уни айнан келтирамиз:
«РЕЧЬ М.ЧОКАЯ НА IV ОБЩЕМУСУЛЬМАНСКОМ СЪЕЗДЕ В КОКАНДЕ
Do'stlaringiz bilan baham: |