II. Мухториятдан эл-юрт шоду хуррам
Турли шаҳарлар ва туманларда Туркистон мухторияти баланд ва кўтаринки руҳ билан кутиб олинди. Уни қўллаб-қувватлаб жойларда митинг ва намойишлар ўтказилди. 1917 йил 6 декабрда Тошкент шаҳрида, Эски Жўвадаги Бекларбеги жоме масжидидаги йиғинда 60 минг фуқаро қатнашди. Йиғинни «Шўрои Исломчилар» ва «Шўрои Уламочилар» уюштирган эдилар. Йиғин Туркистон мухториятидан бошқа ҳукуматни тан олмаслик тўғрисида қарор қабул қилди.
6 декабрь куни Андижон уезди Хонобод қишлоғида оммавий намойиш бўлди. Бир неча минг намойишчилар Фозилмон ота мозоридан то бозор жойга қадар йиғилиб турди. Абдулла Эшон ва Ҳусайн Валидий намойишчилар олдида сўзга чиқиб, халққа мухториятнинг ташкил этилиши ва унинг мақсадлари ҳақида гапириб бердилар. Намойиш қатнашчилари мухториятни моддий томондан қўллаб-қувватлаш мақсадида 500 сўм маблағ тўплаган эдилар.
Маҳмудбек Қозиев (1890 – 1937)
Андижон тараққийпарварларидан Маҳмудбек Қозиев Туркистон мухториятига моддий ёрдам бериш ва маблағ тўплаш бўйича ғазначилик қилган. Мухтор ҳукуматнинг «миллий аскар» (миллий гвардия) ташкил этиш учун Маҳмудбек Қозиев Андижон уезди бўйича аҳолидан тўпланган маблағни Қўқонга олиб бориб мухториятчиларга топширган.
Миллий истиқлолчи, ватанпарвар, маърифатпарвар М.Беҳбудий, Мунаввар Қори, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат, Ҳамза Ҳакимзода Ниёзий ва бошқалар халқни мухторият атрофида бир ёқадан бош чиқариб бирлашишга чақирдилар. Фитрат «Мухторият» мақоласида, жумладан, шундай ёзган: «Туркистоннинг тарихан пойтахтларидан иккинчиси бўлган Хўқанд шаҳрида Туркистон қурултойи 27 ноябрнинг (миллий лайлатулқадримиз) ярим кечасида Туркистон мухториятини эълон қилди.
Лекин шуниси борким, бир миллатнинг мухторияти ёлғиз бир қурултойнинг эълони билан тамом бўлмас. Мухториятни олмоқ ва сақламоқ керакдур. Қурултой ўз ишини қилди. Қолганлари бутун миллатнинг вазифасидир. Мухториятни сақламоқ учун куч лозим. Мухториятни бошқармоқ учун ақча керакдур. Буларни миллат ҳозир қилсун».
Шавкат Мирзиёев Андижон вилояти сайловчилар вакиллари билан учрашувдаги нутқида юртдошимиз Абдулҳамид Чўлпонни эслаб, унинг шаънига шундай таъриф берганди: «XX аср бошларидаги миллатимиз тақдирини, унинг бошига тушган фожеаларни, озодлик ва эркинлик қадрини ҳеч ким бу мумтоз шоиримиз каби юксак пардаларда куйлаган эмас». Эндигина 20 баҳорни қаршилаган ҳамшаҳримиз Абдулҳамид Чўлпон Туркистон мухориятини табриклаб «Оллоҳу акбар», «Озод Турк байрами» каби шеърларни битди. Унинг «Озод Турк байрами» деган шеъри Туркистон мухториятининг мадҳияси сифатида қабул қилинган эди.
К ўз очинг, боқинг ҳар ён!
Қардошлар, қандай замон!
Шодликка тўлди жаҳон!
Фидо бу кунларга жон!
Нақарот:
Туркистонлик – шонимиз, туронлик – унвонимиз,
Ватан – бизнинг жонимиз, фидо ўлсун қонимиз!
Бизлар темир жонлимиз!
Шавкатлимиз, шонлимиз!
Номусли, виждонлимиз!
Қайнаган турк қонлимиз!
Нақарот.
Бўлди кенглик, зўрлик йўқ.
Берилди бизга ҳуқуқ!
Тараққийга йўл очиқ!
Жаҳолатга йўл ёпиқ!
Нақарот.
Мухторият олинди,
Ишлар йўлга солинди,
Миллий маршлар чолинди,
Душман ўртанди энди!
Нақарот.
Шодлик, хурсандлик чоғлар.
Кетсун юракдан доғлар,
Ватан боғиндан зоғлар!
Селкулласун байроғлар!
Нақарот.
Ҳуррият – байроғимиз,
Адолат – ўртоғимиз,
Хурсанд бўлган чоғимиз
Мевалансун боғимиз.
Нақарот.
Турк бешиги – Туркистон!
Ери олтун, тоғлари кон!
Болалари қаҳрамон!
Ватан учун берур жон.
Нақарот:
Туркистонлик – шонимиз, туронлик – унвонимиз.
Ватан – бизим жонимиз, фидо ўлсун қонимиз.12
Халқимизнинг мухторият учун кураши тарихида 1917 йил 13 декабрда Тошкентда содир этилган қонли фожеалар, айниқса, аянчли ва даҳшатли из қолдирди. Чунки худди шу куни Тошкент шаҳар советининг буйруғи билан қизил гвардиячи аскарлар мухторият талаб қилиб чиққан Тошкент шаҳар мусулмон аҳолисини беаёв қирғин қилди, гуноҳсиз аҳолининг қутлуғ қонлари тўкилди. Туркистон халқларининг истиқлолчилик ҳаракатлари тарихида бу куннинг ўрни катта эканлигига эътибор бериб 1959 йил 17 июлда АҚШ Конгресси мазлум халқлар ҳафталигини ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилганда 13 декабрни Туркистон куни деб белгилади.
13 декабрдаги Тошкент фожеаси муносабати билан Туркистон мухторияти раҳбарлари халққа қарата мурожаат қилдилар. Унда шундай дейилган: «Биз халқ совети ва Туркистон мухторияти муваққат ҳукуматининг аъзолари чин юракдан таассуф билдирамиз ва туркистонлик мусулмонларнинг эзгу ҳис-туйғуларини ҳақоратловчи бу воқеаларга қарши чиқамиз. Ана шу муносабат билан бизлар мамлакатда тартиб ва осойишталик ўрнатилиши учун зарурий чоралар кўрилиши йўлида барча кучларимизни ишга соламиз. Ҳозирча эса Туркистон халқидан собитлик ва хотиржамлик ўрнатилишини сўраймиз. Бу энг оғир кунларда мусулмонларнинг тинчликни сақлаб қолишлари ниҳоятда зарурдир».
Ўлка совет ҳукумати воқеа содир этилган куниёқ Петроградга Халқ Комиссарлари Советига телеграмма йўллаб, унда Туркистон мухториятини қоралаб, унга нисбатан муносабат билдиришни сўрайди. Петрограддан эса «Жойларда ҳокимият сиз, ўзингиз, демак, сиз ўзингиз буйруқларни ишлаб чиқинг» деган жавоб Тошкентга келади. Бу билан Ленин бошлиқ совет раҳбариятига ўлкада демократик йўл билан маҳаллий мусулмон аҳолиси манфаатини ифодаловчи қонуний Туркистон мухториятини эътироф этмаслик, уни қонундан ташқари деб эълон қилиш учун ваколат беради.
Туркистон Халқ Комиссарлар Совети бу масалани махсус кўриб, Туркистон таъсис мажлиси чақирилади ва фақат шундагина мухторият эълон қилиниши мумкин деган қарор қабул қилади. Ўз-ўзидан равшанки, большовойлар Туркистон мусулмонларининг фавқулодда чиқарилган IV қурултойи томонидан эълон қилинган Туркистон мухториятини тан олмадилар. Улар ўзларига ёқадиган мухториятни келажакда ташкил этишни режалаштирдилар. Большовойлардан фарқли ўлароқ, кадетлар, эсерлар, меньшевиклар партияларининг ҳамда муваққат ҳукуматнинг Туркистон қўмитаси вакиллари Туркистон мухториятини ёқлаб чиқдилар. Минг афсуски, шундай бир оғир вазиятда Туркистон мухторияти масаласида туб ерли мусулмон халқлариининг истиқлолчилик ҳаракати фидойилари сафларида ўзаро бирлик, ҳамдардлик ва ҳамкорлик бўлмади. Туркистон эсерлари 1918 йил 8 – 10 январдаги II қурултойида Туркистон мухториятининг муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаб, ҳатто халқ мажлисига ўз вакиллари Скоромороховни юборишга қарор қилганлари ҳолда, «Шўрои уламо»чилар Тошкентдаги Жоме масжидида йиғин ўтказиб Туркистон умуммусулмонларининг жабҳасини бўлиб юбориш йўлидан бордилар. Ҳатто шу йиғинда Тошкентда алоҳида мухторият эълон қилиниб, унинг номидан иш кўришга қарор қабул қилинади. Бу кенг жамоатчилик ўртасида парокандаликка сабаб бўлди. Тошкент уламоси жумҳурияти ҳақидаги хабар фарғоналик уламочилар қулоғига етиб боргач, улар тўпланиб бу масалани муҳокама қилишиб, тошкентлик уламочиларнинг бундай хатти-ҳаракатидан норози бўлиб Тошкент «Шўрои уламо»сига мурожаат этадилар. Мурожаатномани Тошкентга қўқонлик уламочи Мулла Камол Қози ва марғилонлик домулла қози олиб келган эди. Мурожаатномада фарғоналик уламочилар ўз маслакдошларини умумтуркистон иттифоқидан ажралмасликка даъват этдилар. Унда қуйидаги сатрлар бор эди: «Рус золимларидан халос бўлмоқлик учун Туркистон аҳли ва унинг вакиллари мухторият эълон қилдилар. Шундай муҳим ва масъулиятли вазиятда биз ихтилоф ҳолатида бўлишимиз яхши эмасдур. Муборак ватанимизнинг ва динимизнинг саломатлиги иттифоқ ва иттиҳоддадир». Фарғона уламочилари ўз мурожаатларида «ҳадис»дан мусулмон уммати бирлиги тўғрисида айтилган сўзларни намуна тариқасида келтириб умуммусулмонлар бирлигини мустаҳкамлаш ва Туркистон мухторияти атрофида янада кучлироқ жипслашишга даъват этдилар.
Туркистон мухториятини ҳимоя қилишда Қўқон шаҳрида чақирилган мусулмон ишчи ва деҳқон депутатларининг I фавқулодда қурултойи муҳим аҳамиятга эга бўлди. Унда 200 га яқин вакил қатнашди: 93 киши Фарғона вилоятидан, 40 киши Самарқанд вилоятидан, 30 киши Сирдарё вилоятидан, 5 киши Каспийортидан, 4 киши Бухородан ва ҳоказо. «Улуғ Туркистон» газетаси большовойларнинг бу қурултойни ҳам тан олмасликларини билиб бу ҳақида шундай ёзган эди: «Большовойлар бунга қадар Қўқонда бўлғон 4-фавқулодда мусулмонлар съездини бойлар ила муллалар «буржуйлар» қурултойи деб қарадилар ва шул баҳона ила идорани мухторият ҳукуматига бермийлар эди. Энди бу баҳонага жой қолмаган бўлса керак. Чунки ҳозир Туркистон мухторияти рабочий, деҳқон ва улар тарафидан буюк бир миқдорда вакиллар сайланиб, мухторият идораси тамомила демократия асосида қўйилди. Бундан сўнг большовойлар қандай бир баҳона топиб мухториятга қарши турарлар экан?»
Қурултой иштирокчилари 13 декабрда Тошкентда бўлиб ўтган хунрезлик ва фожеалар муносабати билан қурбон бўлганлар хотирасини ёдга олдилар ва Қуръони каримдан тиловатлар ўқидилар. Қурултой ҳайъатига Абдулла Авлоний, Санжарбек Асфандиёров ва бошқалар сайландилар. Кун тартибидаги бош масала – Туркистон мухториятига муносабат бўлиб, кескин баҳс, мунозаралар ва тортишувлар билан бир неча кун қурултойда муҳокама қилинди. Ниҳоят, қурултой Туркистон мухторияти муваққат ҳукуматини қўллаб-қувватлаш тўғрисида қарор қабул қилди. Қурултой Халқ Комиссарлари Совети раиси В.И.Ленин номига телеграмма юборишга қарор қилди. 1917 йил 27 декабрда жўнатилган бу телеграммани айнан келтирамиз: «Халқ Комиссарлари Совети эълон қилган шиорлар Туркистонда жорий этилмоқда. Бутун Туркистон халқи иккала қурултойда Туркистонда мухториятни бир овоздан эълон қилди ва Туркистон таъсис мажлисига ўлкани бошқаришнинг сўнгги шаклини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Барча шаҳар ва қишлоқларнинг турли ташкилотлари намойишлари ва қарорларида мухториятнинг эълон қилинишини қўллаб-қувватлаяптилар. Сайланган Халқ советига, руслар ва оврупаликлар шаҳар ва қишлоқ аҳолисининг 2 фоизини ташкил этса-да, биз томонимиздан 33 фоиз ўрин ажратилган, халқларнинг урушига чек қўйилиши, аннексия ва контрибуциясиз сулҳ тузилишига бир овоздан қўшиламиз.
Мусулмон пролетариатининг фавқулодда қурултойи Халқ Комиссарлари Совети томонидан Туркистон мухториятининг мустаҳкамланиши учун ҳақиқий чоралар кўрилади, шу билан халқларнинг ўз ҳуқуқларини ўзлари белгилаши тўғрисидаги шиорининг қатъийлиги ва бунга чин дилдан интилаётганлигини намойиш этади деб ишонади. Туркистон мусулмон ишчи, аскар ва деҳқон депутатларнинг I фавқулодда қурултойида қабул қилинган қарорлар ҳақида маълумот бериб, сизлардан Россия демократик республикасининг олий ҳокимияти сифатида Тошкент Халқ Комиссарлари Советига ҳокимиятни Туркистон муваққат ҳукуматига топшириш тўғрисида фармойиш беришингизни сўраймиз. Бу билан сиз Туркистонни жуда катта фалокатга олиб келувчи анархия ва қўшҳокимятчиликдан қутқарган бўлур эдингиз».13
Мазкур телеграммага 1918 йил 5 январда миллатлар иши бўйича ҳалқ комиссари И.В.Сталиндан мана бу жавоб келади: «Тошкентдаги совет комиссариатини йўқ этиш ҳақида Петроградга мурожаат қилишнинг эхтиёжи йўқ, агар комиссариатни истамасангиз, уни куч билан йўқота биласиз». Бу телеграмма ўз моҳият-мазмунига кўра советлар ҳукумати зўрликка таянувчи мустамлакачилик сиёсатининг ёрқин кўриниши эди. Чунки унинг мазмунига кўра, советлар Туркистон ўлкасидаги туб ерли мусулмон аҳоли истак-хоҳиши билан ҳисоблашмас, ўз тақдирини ўзи белгиламоқчи бўлган ўлка халқларини советлар Россияси билан тўғридан-тўғри қон тўкишга, урушга чорлар эди. Петроградда ўтирган мустамлакачи большовой корчалонлар бу урушда албатта ғалаба қозонажакларини яхши билар эдилар. Туркистон мухториятида куч йўқ эди, у ҳали яхши ҳокимият ўлароқ батамом шаклланиб улгурмаган эди.
Тошкентдаги советлар ҳукумати Туркистон мухторияти тимсолида ўзининг асосий рақибини кўрди ва уни йўқ қилиш учун тайёргарликни бошлаб юборди. Тошкент советлари Туркистон мухториятини яккалаб қўйиш мақсадини кўзлаб ўз қўлидаги барча имкониятларни ишга солдилар. Тошкент шаҳар думаси тарқатилди, «Туркестанский вестник» газетаси ёпилди ва ҳоказо. Советларнинг шу ва шунга ўхшаш тадбирлари Туркистон мухториятига нисбатан амалий ва режали ҳужум бошланганидан далолат берар эди.
Do'stlaringiz bilan baham: |