5.3.2. Қўшма таркибли оронимлар
Ўзбек тилшунослигида қўшма отларнинг (бу фикрлар топонимларга ҳам тегишли) ясалиши масаласида турлича ёндашишлар кузатилади. Мавжуд фактларнинг кўрсатишича, қўшма отлар тарихан сўз бирикмаларининг яхлитланиб, қўшилиши орқали келиб чиққанлиги сабабли уларнинг ясалиши тўғрисида турлича қарашлар мавжуд. Шунинг учун бўлса керак, қўшма сўзлар масалаларига бағишланган айрим лингвистик адабиётларда уларнинг синтактик-семантик, синтактик-морфологик усуллар1 билан ясалиши қайд этилган бўлса, бошқа бир ишларда синтактик-лексик, синтактик-морфологик, морфологик усуллар билан ясалиши кўрсатилган2. Кейинги даврларда амалга оширилган тадқиқотлар натижалари ўз аксини топган адабиётларда уларнинг ясалиши тўғрисидаги муносабатларда ўзгаришлар содир бўлганлигини кўриш мумкин. Жумладан, уларда қўшма сўзларнинг ясалишига нисбатан синтактик-лексик, композиция усули атамаларини қўлланиши кузатилади3. А. Ҳожиевнинг кейинги тадқиқотларида қўшма сўзлар ясалиш ҳодисаси сифатида инкор этилганлигини кўриш мумкин4.
Қўшма сўзларнинг ясалишига нисбатан қўлланилган синтактик-семантик ёки унинг кейинги аталиши синтактик-лексик усул билан қўшма отларнинг ясалиши деганда сўз бирикмасининг яхлитланиб, қўшилиши натижасида бир тушунчани ифодалайдиган сўзлар ҳосил бўлиши, бошқача қилиб айтганда, қўшма отга кўчиши назарда тутилади. Қўшма отларнинг синтактик-морфологик усулда ясалишида эса сўз бирикмасига ясовчи аффиксларнинг қўшилиши орқали янги тушунча ифодаланиши назарда тутилган. Қўшма отларнинг морфологик ёки унинг кейинги аталиши, композиция усулида ясалиши деганда икки асос, яъни мустақил сўзнинг қўшилишидан янги маъно ифодаловчи сўз ҳосил бўлиши назарда тутилган. Қўшма сўзларнинг ясалиши билан боғлиқ бу хусусиятлар тўлалигича ўзбек тили атоқли отлар тизимининг таркибий қисми бўлган оронимлар ясалишида ҳам тегишлидир.
Таркибий тузилишига кўра бирдан ортиқ луғавий бирликлардан ташкил топган оронимлар қўшма таркибли оронимлар дейилади. Қўшма таркибли оронимларнинг таркибида тоғ, чўққи, қир, қоя, тепа, тал (тепа), қиз, қўл, бел, тумшуқ, газа, тахта, дара, жар, тош, санг, қум каби орографик индикаторлар фаол қўлланади. Улар орографик объектларнинг турини билдирувчи сўз сифатида номнинг қандай орографик объект хилига тегишли эканлигини кўрсатиб туради. Масалан: Авғонтахта (До., баландлик), Ажиназов (Қм., баландлик), Айғиртепа (Ғз., До., Бс., тепа), Айланатумшуғ (Кт., баландлик), Арчамайдон (Шс., тоғ), Асқартепа (Яб., тепа), Асқарчўққи (Яб., чўққи), Бағиштепа (Ос., тепа), Бешқиз (Қм., тепа), Бешқўл (До., дара), Бойиргаза (Чр., газа), Бўрижар (Шс., жар), Бўғмасой (До., дара), Гўрдара (До., дара), Дўғиртош (Дн., баландлик), Етимтахта (До., тоғ) ва б.
Қўшма таркибли оронимларни морфологик асоси ва тузилиш моделига кўра қуйидаги турларга ажратиш мумкин:
1. От+от типи. Бу модел асосида ясалган оронимларнинг тузилишида бирхиллик кузатилади, яъни улар бирон-бир грамматик восита қабул қилмасдан ўзаро қўшилиш хусисиятига эга. Сўз ясалишининг композиция усулида аффикссиз бирикиши, яъни компонентларнинг ҳеч қандай грамматик кўрсаткич олмай бирикиши аввалдан фаол бўлган1. Улар
таркибида грамматик кўрсаткичнинг бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар уларнинг айримлари синтактик муносабатда фарқланиб туради. Бу нарса компонентларнинг қандай сўзлардан ташкил топганлигига боғлиқ. Шу жиҳатига кўра, бу типга тегишли қўшма оронимлар асосан қаратқич+қаралмиш ва аниқловчи +аниқланмиш муносабатидан шаклланган бўлади. Бу модел асосида таркиб топган оронимлар биринчи компонентининг қандай сўзлардан иборат бўлишига кўра, қуйидаги турларга бўлинади:
1) антропоним+от типи. Бу типга тегишли оронимлар гарчи грамматик кўрсаткичларини сақламаган бўлса-да, қаратқич+қаралмиш муносабатига эга. Шунинг учун ҳам уларнинг компонентлари синтактик жиҳатдан бир ҳил мавқега эга эмас. Масалан, Авазгардон (Яб., тепа), Аҳмадшайит (До., баландлик), Қорабойтепа (До., тепа), Муротҳалқа (Шо., жой) ва б.
2) этноним+от типи. Бу типга тегишли оронимлар ҳам юқоридаги ясалиш хусусиятига эга. Масалан: Авғонтахта (До., баландлик), Бармоққўниш (Қм., адир), Батошоқ (Қм., баландлик), Баҳринтепа (Қм., тепа), Бағиштуба (До.,
тепа), Керайитепа (Яб.,тепа),Човлиқалоқ (До., яйлов), Қайғикамар (До., камар), Қорахонжар (Яб., жар), Хитойхалқа (Шо., жой) ва б.;
3) фитоним + ОИ типи. Бу типга тегишли оронимлар номланувчи объектда бирон-бир ўсимлик тури мавжудлигини кўрсатиб келади. Улар аслида –ли қўшимчаси билан шаклланган бўлиши ва кейинчалик қўлланиш хусусиятига кўра бў қўшимча тушиб қолган бўлиши мумкин. Шу жиҳатига кўра уларни аниқловчи+аниқланмиш муносабатига эга деб айтсак тўғри бўлади. Масалан: Арчамайдон (Шс., тоғ), Арчахут (Бс., дара), Исвантепа (Қм.,), Олволидара (Кт., дара), Чийкамар (Қм., адир) ва б.;
4) зооним+ ОИ типи. Бу типга кирувчи оронимларнинг биринчи компоненти бўлиб келган сўз номланаётган объектнинг белгисини билдирувчи аниқловчи вазифасида келганлиги учун улар аниқловчи+аниқланмиш муносбатини намоён қилади. Масалан: Бўридаҳна (До.,дара), Бўрижар (Шс., жар), Откамар (До.), Туябўйин (Қм., баландлик), Туясингир (Чр., баландлик), Туятош (Шс., жой), Туяяйлов (Қм., тоғ тизмаси) ва б.;
5) орографик индикатор + ОИ типи. Бу типдаги оронимларда ҳам биринчи компонент орографик терминлардан шаклланган бўлса ҳам, номланаётган объектнинг турли белгиларини ифодалаб келган. Шунинг учун бу номлар аниқловчи+аниқланмиш муносабатига эга. Масалан: Талтепа (Қр.), Таллисортепа (Қм., тепа), Чаҳакдара (До., дара), Шергаза (Шо., баландлик), Қизтош (Шс., дара), Қизтоғ (До., тоғ тизмаси), Қироқ (До., баландлик), Қуллатепа (Шс.), Довкамар (До.), Зангтепа (Ғз., тепа, До., баландлик) ва б.;
6) апеллиятив+ОИ типи: Боботоғ (Сурхондарё в.), Бозортепа (До.), Бошаланг (Кб., дашт), Бошқоп (Шс., тоғ), Дастортош (Чр., баландлик), Дарвозақир (Мб., баландлик), Жувозтош (Шо., дара) ва б.
2. От+от+ОИ типи: Отяйлоғтоғи (Шс.), Қизмозорота (Шс.).
3. От+сифат типи: Бўйноқ (До., тоғ), Бўйниқора (Ғз., баландлик).
4. От+сифат+ОИ типи: Хўжақизилқоя (Шс.).
5. Сифат+от типи. Бу моделда ясалган оронимларнинг биринчи компоненти объектнинг турли белги-хусусиятларини аниқлаб келади. Шунга кўра улар сифатнинг турли маъно гуруҳларига тегишли бўлади:
а) ҳажм ва ўлчовни ифодаловчи сифатлар + ОИ: Бойдўнг (Чр., тепа), Давтош (Чр., жой, дав<дев – катта), Давтош (Чр., жой, дав < дев – катта), Каттадапсан (Чр., тепа), Каттазов (Чр., дара), Каттатахта (До., баландлик), Кичикдапсан (Чр., тена), Кичикховар (Чр., яйлов), Кичиктумшуқ (До., баландлик), Кичикқовоқ (До., баландлик), Узунмўла (Қр., жой), Узунқир (Чр., қир), Говдара (Қм.), Кўчактепа (Яб.);
б) шаклни ифодаловчи сифатлар+ОИ: Думолоқхорра (Қм., баландлик), Дўғиртош (Дн., баландлик), Качалқўтон (Ғз., яйлов), Лўндасанг (Шс., баландлик), Тешиктош (Бс., ғор), Ялпоқтепа (Ғз.);
в) ранг-тусни ифодаловчи сифатлар+ОИ: Олабел (До., баландлик), Олатоғ (Ҳисор тоғ тизмасидаги тоғ), Оқбош (До., тоғ), Оқдара (До.) Оқжар (Чр.), Оқчағал (Чр., адир), Оқчаҳак (Бс., дара), Сариқтепа (Барча туманларда), Сиёрек (Бс., қоя), Кўкқарға (Шо., дара), Қораайри (До., баландлик), Қорадумалоқ (Қм., тепа), Қорамос (До., тоғ), Қорасирт (До., тоғ), Қоратанги (Чр., дара, баландлик), Қорақир (Кт., Кс, Қм., қир), Қашқатепа (Ғз.);
г) характер-хусусиятни ифодаловчи сифатлар+ОИ: Ёмонтош (Шс., дара), Кўрдара (До., дара, адир), Очгаза (Шс., баландлик), Қарилалми (До., адир);
д) жойлашган ўрнини билдирувчи сифатлар+ОИ: Бўлакқир (Кс.), Терсдара (Қм.), Юқоритурам (Шс., баландлик).
Бу модель асосида ясалган қўшма таркибли оронимларнинг таҳлили уни ўзбек тили қўшма оронимларининг ясалишида энг сермаҳсул моделлардан бири эканлигини кўрсатди. Чунки оронимларнинг юзага келишида орогрфик объектнинг турли белги-хусусиятлари асосида номлаш тенденцияси муҳим аҳамият касб этади. Қўшма оронимларнинг бу тури ҳам бирон-бир грамматик кўрсаткичсиз қўлланиш хусусиятига эга.
6. Сифат+сифат типи: Етимоқ (Шс., баландлик), Олашўр (Ғз., жой), Қорачуқур (Кс., яйлов), Каттаоқ (баландлик), Қўшақизил (чўққи), Бўлакоқ (баландлик), Қорадумалоқ (баландлик) ва б. Ўтказилган таҳлиллар бундай моделда қўшма номларнинг ясалиши фақат оронимларга хос эканлигини кўрсатди.
7. Сифат+от+ОИ типи: Сариқтузтоғи (Шс.). Бу типдаги номлар, гарчи учта морфемадан ташкил топган бўлса-да, улар дастлаб сариқтуз, оқтепа, оқпарра шаклидаги қўшма сўз ясалишига эга бўлган. Кейинчалик улар оронимга ўтиш босқичида орографик индикаторларни ортирган.
8. Сон+от типи. Бу типдаги оронимларнинг компонентлари ҳам аниқловчи+аниқланмиш муносабатида шаклланган бўлади. Уларнинг аниқланмиш вазифасида келган компоненти асосан орографик индикаторлардан ташкил топган. Масалан: Бешбўла (До., адир), Бешдара (До.,дара), Бештўла (Шс., Чр., адир), Бешқиз (Қм., тепа), Бешқўл (До., дара), Саксондара(Нш., дашт), Учтепа (тепа), Учқоқ (адир), Мингдўлана (баландлик), Қирққиз (Шс., жой). Бу модел билан ясалган айрим оронимларнинг шаклланиш муносабати мураккаб характерга эга. Уларнинг
таркибида объектни ифодалайдиган компонент мавжуд бўлмаганлиги учун уларнинг маъносида мавҳумлик мавжуд бўлади. Бундай номларга тегишли орографик индикатор қўшилгандан сўнг унинг семантикаси тўлиқ шаклланади. Масалан: Бировузли (Қм., дара), Бироғиз (Яб., дара).
9. Нумератив+от типи. Бу типдаги ясалиш ҳудди сон+от типидаги ясалишга ўхшаб, аниқловчи+аниқланмиш муносабатини намоён қилади. Экзактува (Қм., тепа), Эгизактепа (Чр.), Эгизтепа (Кс.), Қўшқалоқ (До., адир), Қўшматепа (Ғз.), Яккатепа (тепа), Яккаарча (Қм., баландлик)., Галатепа (тепа), Етимтахта (До., тоғ), Етимчўққи (Кт., Чр., чўққи), Етимқиз (Чр., баландлик).
10. Сон+феъл типи: Бирўтар (Қм., дара). Бу модель асосида ясалган қўшма оронимлар фақат битта эканлиги аниқланда. Бу нарса қўшма оронимларнинг бу модел асосида ясалиши унчалик характерли эмаслигини кўрсатади. Бу ном ҳам эллипсис ҳолатда бўлиб, унга объектнинг турини ифодаловчи индикатор қўшилгандан сўнг тўлиқ шаклланади ва маъноси аниқлашади.
11. Феъл+от типи. Бу типга тегишли фақат битта Учганжар ороними аниқланди. Бу фактнинг ўзи бу моделдаги ясалишнинг характерли эмаслигини кўрсатади. Бу ном дастлаб бирон нарсанинг жардан йиқилганлигини ифодаловчи маънода ясалган бўлиб, вақт ўтиши билан биринчи компонентини йўқотган бўлиши мумкин.
Оронимик материаллар орасида Таллисортепа (Қм.,тепа), Хурсантоғ (Со., чўққи) каби оронимлар учрайди. Улар тарихий ясалишига кўра сифат+от+ОИ типига эга: Хурсантоғ<хурд+санг+тоғ,Таллисортепа<Талли+ҳисор+тепа. Лекин уларни ҳозирги шакли асосида бу типда таҳлил қилиш тўғри бўлмайди. Чунки, улар икки босқичли ясалиш даврини босиб ўтган. Масалан: Хурсантоғ ороними биринчи босқичда Хурд+санг (ёки ғур+санг бўлиши ҳам мумкин) шаклида тожик тили грамматик қонунияти асосида ясалган, кейинчалик иккинчи босқичда унга тоғ индикатори қўшилган. Шунинг учун уни тузилишига кўра хурдсанг+тоғ шаклида талқин қилиш лозим. Шунга ўхшаш, Таллисортепа ороними ҳам биринчи босқичда Талли+ҳисор шаклидаги форс-тожикча изофали бирикма сифатида ясалган. Кейинчалик, унинг шакли ўзгаргач, маъноси ҳам англашилмайдиган даражага келган. Шундан сўнг унга объектнинг турини кўрсатувчи тепа индикатор қўшилган ва у таллиҳисор+тепа “ҳисортепа тепаси” шаклини олган.
Жанубий Ўзбекистон қўшма таркибли оронимларининг таҳлили уларнинг ясалишида отларга турли феъл шаклларининг қўшилиб келишидан ҳосил бўлган, яъни от+феъл типидаги оронимлар ҳам мавжудлигини кўрсатда. Н. Бегалиевнинг кўрсатишича, предикатив муносабатдан ясалган бундай номларнинг биринчи компоненти ҳаракат субъектини, иккинчи компоненти ҳаракатнинг ўзини билдиради, топонимикада бундай турдаги номлар ифодаланиш материалига кўра феъл оронимлар деб юритилади1. Э. Бегматов., Н.Улуқовларнинг “Ўзбек ономастикаси терминларининг изоҳли луғати”да ҳам феъл туркумидан ясалган орографик объект номлари феъл ороним ҳисобланиши таъкидланган2.
Ш. Темиров ўз ишида феъл туркумидан ясалган оронимларни мураккаб таркибли топонимлар сирасига киритади. Улар содда ва қўшма типдаги топонимлардан фарқ қилиб, бирикмага, айрим ҳолларда гапга тенг бўлишини таъкидлайди3.
А. Ҳожиев таркибида феъл туркумига тегишли сўзлар қатнашган гап шаклидаги қўшма сўзларни окказионал ясалиш, лисоний бирлик эмас, нутқ бирлиги деб қараш тўғри бўлади, деб ҳисоблаган4.
Биз ҳам феъл туркумидан ясалган орографик объект номларини ўзига хос тузилиш хусусиятини ҳисобга олган ҳолда мураккаб таркибли оронимлар сирасига киритишни маъқул кўрдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |