Қарғ индикатори. Бу сўз тожикча бўлиб майда тошлар уюми, тошлар тўдаси тушунчасини ифодалайди. Яғноб тилида ҳам қарғак – тош уюми, тоштўда маъносида қўлланади4. У шу маъноси билан оронимлар таркибида индикатор сифатида қатнашади: Кўкқарға (< кўҳ) +қарғ+а), Олақарға (Қм., тоғ тизмаси; Яб., қ-қ). Т. Нафасов Кўкқарға ороними таркибидаги қарға индикаторининг келиб чиқишини ҳам шу сўз билан боғлаган. Аммо Олақарға ойконими таркибидаги қарға индикаторининг келиб чиқишини эса қадимги туркий тилдаги қарғуй – “тоғ чўққисига ёки баланд ерларга минорага ўхшатиб ясаб қўйилган жой” маъносидаги сўз билан изоҳлаган5.
Қир индикатори. Қир - орографик термин сифатида усти ясси ёки
салгина гумбазсимон баландликлар, тепаликлар, платолар, ясси паст тоғлар тушунчасини ифодалайди. Масалан, Ўрта Россия қирлари, Волгабўйи қирлари. Қорақум ва Қизилқумдаги қолдиқ платолар, уста ясси паст тоғлар ҳам «қир» дейилади. Қирлар баланд текистликлар, тоғларнинг оқар сувлар, шамол емирилишидан, тектоник кўтарилишидан ҳосил бўлади1. Маҳмуд Кошғарий бу сўзни икки хил маънода изоҳлайди: қир - 1) “тўғон, сув тўпланадиган жой; 2) “қир, ясси тоғ”2. Қир сўзи ўзбек тилида географик термин сифатида «Атрофдаги ерлардан бир оз кўтарилиб турган, ясси ёки салгина гумбазсимон баландлик, тепалик» маъносида қўлланади3.
У оронимик индикатор сифатида орографик ва бошқа турдаги объектлар номларини ясалишига хизмат қилган. Масалан, у Асқарқир (Яб., қир), Бўлакқир (Кс., қир), Дарвозақир (Мб., баландлик), Оққир (Кс., қир) каби оронимлар таркибида учрайди. Хоразм топонимиясида бу индикатор “текис майдон, экин қилмайдиган катта дала, қўй боқиладиган текислик, ўтлоқ” маъноларини беради4.
Қоя индикатори. Қоя - ўзбек тилида: қаттиқ, туб жинслардан иборат тик кўтарилган чўққи, жарлик, тепа (асосан, нураш натижасида қаттиқ тоғ жинсларининг очилиб, ер юзига чиқиб қолишидан ҳосил бўлади); баланд тик тош, қоятош маъноларида қўлланади 5.
Маҳмуд Кошғарий луғатида қайа – тоғлардаги катта қаттиқ тош, қоя маъносида изоҳланган 6. Луғатда бу сўзни йалим қайа – “пишиқ, қаттиқ тоғ, тепа” маъносидаги бирикма таркибида ҳам кўриш мумкин. Маҳмуд Кошғарий бу бирикманинг маъносини асослаш учун қуйидаги мақолни келтиради: “Талим сўзуг уқса бўлмас, йалим қайа йиқса бўлмас. – Кўп сўзни тушуниб бўлмайди, қаттиқ тошни йиқитиб бўлмайди7. Қоя сўзи туркий халқлар яшайдиган ўлкаларда жой номлари таркибида кўп учрайди. В.И. Савинанинг кўрсатишича, Эронда бошқа бир қанча туркий орографик терминлар қатори қоя термини ҳам тарқалган8. Жанубий Ўзбекистон ҳудудида бу индикатор асосида ясалган оронимлар учрайди: Оққоя (Бс., чўққи). Шунингдек, Қизилқоя довони (Киргизистонда), Кўкқоя тоғи (Помирда).
Do'stlaringiz bilan baham: |