Шоти индикатори. Шоти - ўзбек тилининг айрим шеваларида нарвон маъносидаги сўз билан шаклдош бўлиб, бу орографик термин сифатида “ёлғиз йўли бўлган катта баландлик, чўққи” маъноларига эга. У шу маъноси асосида оронимилар таркибида индикатор сифатида қўлланади: Туяшоти (До., баландлик).
Ўйиқ индикатори. Ўйиқ - орографик термин сифатида “тоғ ёнбағирлари, адирлардаги кемтик жой, ер кўчиши ёки чўкиши натижасида пайдо бўлган чуқурлик” тушунчаларини ифодалайди. У шу шакл ва маънодан келиб чиққан тушунчалар билан боғлиқ оронимлар ясайди: Жингилўйиқ (До., камар), Оқўйиқ (До., жой), Қизилўйиқ (До., чуқур жой), Кўкўйиқ (До., камар). Шунингдек, бу индикатор оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги жой номлар таркибида ҳам учрайди. Жумладан, Ўйиқ (До., қ-қ.) топоними ҳам шу термин асосида келиб чиққан.
Қайрақ//қадрақ индикатори. Қайрақ//қадрақ - орографик термин ҳисобланиб, келиб чиқишига кўра умумтуркий тилларга бориб тақалади. Жумладан, қирғиз тилида қайрақ – “лалми, суғорилмайдиган ер”; қайрақ жер – лалми жой1. Мўғулча хайраг – шағал, майда тошли жой. Ҳозирги ўзбек тилида қайроқ – тиғли нарсаларни чархлаш учун фойдаланадиган силлиқ тош. Э.Мурзаев қайрақ сўзи тарихан қайир сўзидан ясалган деган фикрни илгари сурган: қайир+ақ – қадимги туркий тилда “қум, ғовак ер”2. М. Кошғарий асарида келтиришича, XI аср туркий тилида қайр – қум (ўғизча), юмшоқ ер маъноларида қўлланган3. Бу сўз индикатор сифатида оронимлар таркибида учрайди: Қайрақли (Шо., баландлик). Ороним таркибида д ~ й товуш ўтиши юз берган: қайрақ<қадрақ4. Қадрақ – “тоғнинг бўкилган, сойлик жойлари5. Маҳаллий тилда қадра~қадрақ~қадроқ – “ўр-қирлари кўп бўлган жой”; “ ёнма-ён жойлашган кичик баландликлари кўп бўлган ер”. Ҳозирги тилда бундай жойларни мингчуқур ҳам дейишади.
Қайқи индикатори. Қайқи - келиб чиқишига кўра туркий тилларга тегишли бўлиб, орографик термин сифатида оронимлар ясалишига хизмат қилган. У қирғиз тилида қайқы – “ икки тоғ оралиғидаги кичик жой, чўкма6 маъносига эга. Маҳаллий тилда қайқи – киши лақаби (белини олд томонга киритиб, қорнини чиқариб юрувчи новча бўйли, ориқ киши) маъносида қўлланади. У орографик термин сифатида – “икки баландлик орасидаги чуқур жой, пастқамлик” тушунчаларини ифодалайди. Шу шакл ва маъноси билан оронимлар ясалишига хизмат қилади: Қайқи (Яб., қ-қ.), Қайғи (Бс., адир), Қайғикамар (До., камар, эски қ-қ). Бу ерда оронимлар ясалиши бирламчи, яъни бошқа турдаки объект номлари оронимлардан келиб чиққан.
Do'stlaringiz bilan baham: |