Дара индикатори. Келиб чиқишига кўра форс-тожикча бўлган бу сўз
орографик атама сифатида тоғларда қаттиқ туб жинсларнинг дарё ювиши натижасида ҳосил бўладиган тор ва чуқур сой, водий маъноларида қўлланади. Дара баъзан ер юзаси ёрилганда тиктоник йўл билан ҳам вужудга келади. Бу тушунча Ўзбекистон туманларида дара, сой, сойлик, танги деб ҳам аталади3. Ўзбек тили изоҳли луғатида келтирилишича, бу сўз икки тоғ оралиғидаги узун, нисбатан тор, чуқур жой; жарлик маъноларида қўлланади4. У индикатор сифатида оронимлар ва оронимлардан келиб чиққан бошқа турдаги объектлар номларида учрайди: Бекдара, Говдара, Даражови, Дараитурко, Дарайтут ва б.
Довон (мўғулча дабон) индикатори. Ўзбек тилининг этимологик луғатида довон луғавий бирлиги туркий лексикага киритилган ва қуйидагича талқин этилган: “... бу от эски ўзбек тилида «тоғдан ошиб ўт» маъносини англатган даба- феълидан -н қўшимчаси билан ясалган; кейинчалик б ундоши в ундошига алмашган: даба+н=дабан > даван”5. Бу атама ўзбек тили изоҳли луғатида қуйидагича изоҳланган: “ Тоғ ёки тепаликнинг баланд, аммо ошиб ўтса бўладиган қулай жойи; ошув. Қашқар довони. Арпасиз от довон ошолмас (Мақол). Донога эргашган довондан ошар (Мақол). Бу вақт улар Қарақарға деган довондан ошиб, кўз илғамас, кенг, текис яйловга чиқдилар. Асқар Мухтор, Асарлар. Довоннинг белига чиққунча Муҳаммад шариф ҳам, эшак ҳам ҳолдан тойди. (Қ. Мирзо, Олам гўзал)1.
Бурияти топонимиясини тадқиқ этган Н. М. Мельхеев добон термининг қўлланиши ҳақида қуйидаги маълумотларни келтиради: “Дабан – бир қанча тоғ ошувлари номлари. Мўғул тилида дабаа, дабаан – тоғдан ошиб ўтиш, тоғ қоялари, кўтарилиш; термин дабаха “тоққа кўтарилмоқ”, тоғдан ошиб ўтмоқ” маъносидаги феълидан келиб чиққан. У аниқловчи сўзлар билан бирикиб, тоғ номлари, тоғдан ошиб ўтиладиган жой номларини ясашга хизмат қилган: Хамар-Дабан, Цаган-Дабан (тоғ тизмалари); Дабан, Додо-Дабан, Монгол-Дабан(тоғ ошувлари); Барсин-Дабан, Молтин-Дабан (кўтарилишлар). Дабан эвенкларда ҳам тоғдан ошиб ўтиш тушунчасига эга2.
Мўғул тилининг орографик терминологиясини тадқиқ этган Н.И. Данзанова ишида довон терминининг қўлланиши билан боғлиқ шундай маълумотларни кўришимиз мумкин: ўрт.мўғ. dabaan, қад.мўғ. dabayan, ҳоз.мўғ. дабаа(н), бур. дабаан, қалм. даба, ойр.синьцз. даваан - “тоғдан ошиб ўтиладиган жой”3.
Ўзбек тилида довон атамаси билан бирга шу маънода бел, ошув терминлари ҳам ишлатилади. Қашқадарё вилояти маҳаллий шеваларида ошув сўзи «кўндаланг чўзилган қирсимон ва ошиб ўтиш мумкин бўлган баландлик» маъносида қўлланади4. Тарихий манбаларда учрайдиган арт, ақба, кўтал, пушта, арба сўзлари ҳам довоннинг синонимларидир. Жумладан, “Зафарнома” асарида ақба (Кеш ақбаси – Тахтиқорача довони бўлса керак) сўзи довон маъносида қўлланган1. Шунингдек, “Бобурнома” асарида добон шаклида қўлланган. Айрим ўринларда бу маънода кўтал ва пушта атамалари ҳам қўлланганлигини кўриш мумкин2. Довонлар – ўтиш йўли бўлган жой. Шунинг учун улардан ўтмишда ҳам, ҳозир ҳам йўл сифатида фойдаланилади: Қамчиқ довони, Тахтиқорача довони. Бу сўз ҳозирги ўзбек адабий тилида фаол қўлланувчи орографик термин ҳисобланади ва оронимлар таркибида кенг қўлланади.
Do'stlaringiz bilan baham: |