2.2. Ўзбек тили оронимик индикаторларининг луғавий-маъновий таҳлили
Ҳозирги ўзбек адабий тили, халқ шеваларига хос оронимик индикаторларни тўплаш, уларни маълум бир система асосида лексик-семантик, этимологик хусусиятларини очиб бериш ўзбек тилшунослигининг асосий вазифаларидан бири. Бунда мавжуд материалларни қиёсий метод асосида ареал тилшунослик нуқтаи назаридан синхрон ва диахрон асосда ўрганиш оронимлар тадқиқида дастлабки ва муҳим босқич ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан биз қуйида оронимик индикаторларни луғавий-маъновий жиҳатдан таҳлил этишни лозим топдик.
Жанубий Ўзбекистон оронимияси материалларини таҳлил қилиш асосида оронимик индикаторлар сирасига қуйидаги луғавий бирликлар кириши аниқланди: тоғ, тош, қоя, қия, чўққи, қир, тепа, довон, бел, сирт, адир, кўтал, орт, дўнг, газа, дара, танги, зов, кўҳ, камар, тўда, санг, мўла, нура, айдар, мас//мос, тахта, аланг, қўл, шоти, айри, суйри, ақба//ағба, яйлов, яйлоқ, човра, битов//питов, хуччи, тубак, қалоқ, дўм, бўктар, шох, қат, қатов, қобоқ, сингир, жун//жўна, чағил//чағал, чағат, супа, ёна, ширам, ғурум, чамбар, қақир, тақир, дагар, жол, байир, бет, ҳавол, чалқа, ота, тумшуқ, қапуғ, дарвоза, дарбанд, қиз//қуз, бароз//барзу, ширдон, қайир, бўйин, бўйноқ, болдир, пушта, орқа, орқавул, бурун, ошув, қайқи, ўй, тоқча, қапчиғай, жовуз, ўланг, заранг, сангир, дапсан, тарма, унгур ва б.
Мазкур оронимик индикаторлар келиб чиқишига кўра ўзига хос тарихий-этимологик манба ва луғавий-маъновий хусусиятларга эга. Шуларни ҳисобга олиб, дастлаб, уларнинг тарихий-этимологик жиҳатдан таснифи ва таҳлилини кўриб чиқиш мақсадга мувофиқ деб ўйлаймиз.
Оронимик индикаторларга тегишли материалларнинг таҳлили Жанубий Ўзбекистон ҳудудида қадим замондан бери яшаган ва яшаб келаётган халқларнинг, эл-элатлар тилларининг тарихи ўз аксини топганлигини кўрсатди. Оронимик индикаторлар, асосан, этнолингвистик жиҳатдан туркий, эроний (қадимги сўғд, форс-тожик), араб, мўғул тилларига мансуб луғавий бирликлардан иборат. Жумладан, тоғ, қир, тепа, яйлов, қўл, қашқа каби индикаторлар туркий; бароз, варғ, шох, дашт, тахта, газа каби индикаторлар сўғдий; кўҳ, дара, танги, тўда, санг, ғурум,чамбар, шўр каби индикаторлар форс-тожик; ақба, супа, шайит, саҳро, бурж каби индикаторлар араб; мўла, довон, қапчиғай каби индикаторлар мўғул тилларига тегишлидир.
Шу жиҳатига кўра, оронимик индикаторларни этнолингвистик жиҳатдан икки катта гуруҳга ажратиш мақсадга мувофиқ:
1. Туркий тилларга тегишли оронимик индикаторлар.
2. Ўзга тилларга тегишли оронимик индикаторлар.
Ўзбек тилида қўлланадиган орографик терминларни рельефнинг қандай шаклини ифодалаш хусусиятига кўра икки катта гуруҳга ажратиш мумкин:
1. Рельефнинг мусбат (қабариқ) шаклини ифодаловчи орографик терминлар. Уларга қуйидагиларни киритиш мумкин: тоғ, чўққи, қир, қоя, тош, қия, тепа, довон, бел, сирт, адир, кўтал, орт, дўнг, кўҳ, санг, мўла, нура, айдар, мас//мос, тахта, аланг, қўл, шоти, айри, суйри, ақба//ағба, тубак, қалоқ, бўктар, шох, қашқа, қат, қатов, қобоқ, сингир, жун//жўна, чағил//чағал, чағат, ширам, ғурум, чамбар, қақир, байир, тумшуқ, қиз//қуз, ти//тиғ//теғ, бароз//барзу, ширдон, пушта, орқа, орқавул, бурун, ошув, қайқи, тоқча, сангир, мағора, дапсан, жўша, тирсак, қўрғонтепа.
2. Рельефнинг манфий (текис ва ботиқ) шаклини ифодаловчи терминлар: чўл, газа, дара, танги, зов, жар, камар, дала//тала, дашт, ўр, ўра, майдон, карта//қарта, яйлов, яйлоқ, човра, дўм, бўктар, заяк, план, ҳаят, жун//жўна,
тўқай, жой, пайкал, орол,//арал, супа, ёна, йўл, ширам, чуқур, хандақ, қум, чамбар, қақир, тақир, жол, тўла, ер, мозор, шўр, бет, ҳавол, ғор, поя, қўруқ, гул//кул, туз, чалқа, ота, бобо, шайит, қапуғ, дарвоза, дарбанд, бўз, жира, қайир, болдир, ўрмон, чангал//жангал, ангар, қасова//қасаға, қаснақ, ўй, қапчиғай, ҳам, ёвон, ёз, ховар, жовуз, ўланг, заранг, саҳро, уз, чортоқ, бодия, мағора, дарғит, жўша, чек, унгур, чордара, чиғанақ, анғиз, қўриқ, қўриқхона, остона, жўлға.
Орографик характерга эга бўлган терминларни оронимлар ясаш хусусиятига кўра икки гуруҳга ажратиб кўрсатиш мумкин:
1) оронимлар ясалишига хизмат қилмай фақат орографик тушунчани ифодалайдиган, яъни орографик индикаторлар;
2) орографик объектларнинг номларини ясашга хизмат қиладиган оронимик индикаторлар.
Иккинчи гуруҳни ташкил этувчи оронимик индикаторлар бизнинг тадқиқ объектимизга кирганлиги учун фақат уларнинг луғавий-маъновий, тарихий-этимологик таҳлилига тўхталамиз.
Ўз навбатида, оронимик индикаторларни қандай тушунчани ифодалаган сўзлардан келиб чиққанлигига кўра қуйидаги икки гуруҳга ажратиб таҳлил этишни мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:
1. Асл орографик-оронимик маънога эга бўлган сўзлардан келиб чиққан оронимик индикаторлар: тоғ, қоя, қир, чўққи ва б.
2. Орографик- оронимик маънога эга бўлмаган сўзлардан келиб чиққан индикаторлар: бош, бел, орқа, ёл, тумшуқ, шўр ва б.
Қуйида бу гуруҳларга кирувчи Жанубий Ўзбекистон оронимлари учун характерли бўлган индикаторларнинг луғавий-маъновий, тарихий-этимологик таҳлилига тўхталамиз.
Do'stlaringiz bilan baham: |