1.2. Оронимиянинг назарий масалалари
1.2.1. Рус ва туркий тилшуносликда оронимларнинг ўрганилиши
Оронимика соҳаси ҳам топонимика негизида алоҳида бир тармоқ сифатида шаклланиб келди. Дастлабки вақтларда географик терминлар, жумладан, орографик терминларни ўрганиш билан асосан географлар шуғулланишган (Л.С.Берг, Н.П. Архангельский, П.Н. Маштаков, Э.М. Мирзаев ва бошқалар). Улар илмий географик терминологияни лексикографик жиҳатдан расмийлаштириш, шунингдек, халқ географик терминларини тўплаш ва нашр қилиш ишларини амалга оширганлар.
Рус тилшунослигида оронимларни лисоний сатҳда ўрганиш ишлари ўтган асрнинг 60-йилларидан бошланди. Биринчилардан бўлиб, оронимларни мустақил тадқиқот объекти сифатида ўрганиш О. Т. Молчанова томонидан амалга оширилди. Унинг “Гидронимы и оронимы Горно-Алтайской автономной области (лингвистический анализ)” мавзусидаги номзодлик диссертацияси оронимияга доир илк монографик тадқиқот эди1.
Кейинчалик олиманинг топонимика, хусусан, оронимика соҳасидаги илмий изланишлари маҳсули сифатида бир қанча мақолалари, Тоғли Олтой ўлкаси топонимик луғати нашр этилди1. Мазкур луғатда ҳудуд оронимларининг изоҳи ҳам ўз ифодасини топган.
1969 йилда собиқ иттифоқ миқёсида оронимиканинг ўрганиш муаммоларига бағишланган илк илмий мақолалар тўплами нашр этилди. Бу тўпламнинг нашр этилиши оронимика масалаларини ўрганишда катта илмий воқелик бўлди. Тўпламга оронимиянинг умумий масалалари билан бир қаторда регионал, хусусан, Тожикистон, Эрон, Қрим Ёқутистон оронимларини ўрганиш масалалари, шунингдек, туркий, фин-угор, славян тиллари орографик терминологиясига доир мақолалар киритилган2. Жумладан, унда тилшунослардан В. Д. Бандалетов3, Л. Л. Трубе4, В.А. Никонов5, Ю.А. Карпенко6, Г. И. Донидзе7, Э.М. Мурзаев8, Н.А. Баскаков9 , О.Т. Молчанова 10, А.В. Суперанская11, А.З. Розенфельд12, В. И.Савина13 ва бошқаларнинг илмий мақолалари ўрин олган.
Рус тилшунослигида ҳудудий топонимлар, уларнинг назарий ҳамда амалий масалаларига тегишли монографик тадқиқотларда оронимларга тегишли материаллар ҳам ёритилди, улар тегишли тарзда лисоний ва нолисоний тадқиқларга тортилди. Олтой ўлкаси русча оронимларининг номланиш хусусиятларига бағишланган номзодлик диссертацияси шулар жумласидандир1.
Туркий тилшуносликда оронимика соҳасининг шаклланиши, оронимларнинг лисоний тадқиқига бағишланган илмий ишлар ҳам юзага келди. Шу даврларда Е.А. Каримбаев, В.Н. Поповаларнинг Жанубий Қозоғистон орографик терминологияси тадқиқига бағишланган мақоласи туркий оронимлар ва орографик терминологиясини ўрганишда муҳим ҳисса бўлиб қўшилди2. Ундан ташқари, Е. Койчубаев3, Г.К. Конкашпаев4, К. Конкобаев5ларнинг ишларида ҳам туркий тилларга тегишли орографик терминлар ва улардан шаклланган оронимларнинг тадқиқи у ёки бу даражада ўз ифодасини топган.
Ўтган асрнинг охирги чоракларида туркий оронимларнинг монографик тарзда ўрганишга бағишланган бир қанча ишлар вужудга келди. Жумладан, Р. Д. Сунчугашевнинг “Оронимия Хакасии” мавзусидаги диссертацион иши Россия Федерацияси ҳудудида жойлашган Хакасия Республикасининг туркий тилларга тегишли оронимлари тадқиқига бағишланган6.
Р. Д. Сунчугашев “Хакасия оронимлари” мавзусидаги диссертацион ишида ороним терминини қўлланиши ҳақида қуйидаги фикрларни илгари суради: “ Фанда ороним термини ҳам тор ва ҳам кенг маънода қўлланилади. Термин тор маънода ороним сўзининг ички шаклига боғлиқ равишда тоғли баландликлар – тоғлар, тепаликлар ва бошқа шунга ўхшаш объектлар номларини ўз ичига олади. Кенг маънода ороним термини қуруқлик юзаси билан боғлиқ бўлган барча объектларни ифодалаш учун қўлланади. Диссертант йирик топонимист олимларнинг фикрларига қўшилган ҳолда, ороним терминига кенг маънодаги ифодасидан келиб чиққан ҳолда ёндашишини билдирган1.
Озарбайжон тилшунослигида Ахмедов Тофик Мурсали ўғлининг Озарбайжон топонимлари системасини ўрганишга бағишланган докторлик ишида топонимлар системасида оронимларнинг тутган ўрни ва уларнинг лисоний хусусиятлари атрофлича тадқиқ этилган2. Шунингдек, Исрафилов Вагиф Исмаил оглы томонидан бажарилган номзодлик диссертациясида Грузия ҳудудидаги озарбайжон тилига тегишли оронимлар ва гидронимлар лисоний сатҳда тадқиқ этилган3.
Туркий оронимлар монографик тарзда ўрганилган ишлардан яна бири Н. А. Ласинованинг “Оронимия юго-восточного Башкортостана” (лингвистический анализ) мавзусидаги диссертацияси ҳисобланади4.
Н. А. Ласинова Жанубий-Шарқий Бошқирдистон оронимлари тадқиқига бағишланган номзодлик диссертациясида оронимларнинг ўрганилиш масаласида тўхталиб, шундай дейди: “ Ороним – ер юзаси рельефининг ҳар қандай элементи(манфий ва мусбат) атоқли отлари, яъни ҳар қандай орографик объектлар: тоғлар, тоғ тизмалари, водийлар, чўққилар, жарликлар номларидир5.
Диссертант ўз фикрини асослаш учун қуйидаги фикрларни илгари суради: “Бир қатор топонимист олимлар (В.А. Никонов, Р.З. Шакуров ва б.) ер юзаси рельефининг ҳар қандай элементи, яъни ҳар қандай орографик объект (манфий ва мусбат) номларини ороним деб ҳисоблайдилар. Баъзи олимлар эса рельефнинг манфий шаклини ё гидронимлар ёки оронимлар сирасига киритадилар. Бу ўринда иккиланишни тушуниш мумкин, чунки гидрография фақат сувлиқлар номларини ўрганиш билан шуғулланади, орография эса сув мавжуд бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъий назар рельефнинг манфий ва мусбат шакли объектларини ўрганади”1.
Н.А. Ласинова топонимист олим А.В. Суперанскаянинг таснифига қўшилиб, ернинг қуруқлик юзаси билан боғлиқ табиий-физик объектлар (территория) номларини оронимларга, ернинг сувлик билан боғлиқ юзаси (акватория) номлари гидронимларга, сувости тузилмасини гидрооронимларга тегишли деб ҳисоблайди2 .
Н.А.Ласинова орографик объектларни ташқи белгилари асосида рельефнинг мусбат, манфий ва нул шаклларига ажратиб, тадқиқ этган ва уларга қуйидагиларни киритган: 1) “мусбат” белгисига эга, яъни текслик сатҳидан баланд бўлган объектларни ифодалайдиган оротерминлар; 2) “нол” белгига эга, яъни текслик сатҳида турган объектларни ифодалайдиган оротерминлар; 3) “манфий” белгига эга, яъни текислик сатҳидан паст бўлган объектларни ифодалайдиган оротерминлар3.
Ундан ташқари, регионал топонимларнинг тадқиқига бағишланган кўпгина ишларда туркий топонимларнинг таркибий қисми сифатида оронимларнинг тадқиқи ва таҳлили ҳам у ёки бу даражада ўрин олган.
Do'stlaringiz bilan baham: |