Назорат саволлари:
Қазиш тизимининг асосий элементлари.
Горизонтал ва ётиқ конларда очиш ишларини олиб бориш технологияси.
Руда танаси қия ва ўта қия жойлашган конларни қазиб олишда очиш ишларини олиб бориш технологияси.
Очиш жинсларини қазишдан бўшалган майдонга ташишда кон ишларини механизациялаш.
Очиш жинларини ташқи ағдармага ташишда кон ишларини механизациялаш.
Тадқиқот учун муаммолар:
Конларни очиқ усулда қазиб олишда қоплама жинсларни бевосита қазишдан бўшалган майдонга тўкиш технологиясининг қўлланиш доирасини кенгайтириш.
Конларни қазиб олишда қоплама жинсларни қазишдан бўшалган майдонга каррали экскавациялаш технологиясини такомиллаштириш.
Руда танаси ўта қия жойлашган конларда ағдармани қазишдан бўшалган майдонга вақтинча ёки доимий жойлаштириб, ағдарма ҳосил қилишни қўллаш.
Карьер ичи ва ишламайдиган ён бағрлари қиялик бурчагини ошириш.
10. ФОЙДАЛИ ҚАЗИЛМАНИ ҚАЗИБ ОЛИШ ТЕХНОЛОГИЯСИ
10.1. Умумий маълумотлар
Карьерларда фойдали қазилмаларни, айниқса, рангли, ноёб ва радиоактив металлар рудаларини қазиб олиш технологияси жуда мураккаб ҳисобланади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш технологияси линиясини ташкил қилувчи жараёнлар (бурғилаш, портлатиш, қазиб олиш, ташиш, рудани омборларга жойлаштириш, омуҳталаш ва бойитиш ишлари) ўз – аро боғлиқ бўлади. Чунки руда конлари бир – биридан қуйидаги тавсифлар бўйича фарқланади:
Руда танасининг шакли, ўлчамлари ва горизонтга нисбатан оғиш бурчаги бўйича – штоксимон, ин кўринишида, қатламсимон, қатлам, линза кўринишида, ертомир шаклида, вертикал, горизонтал, ётиқ, қия, ўта қия, юпқа, ўртача қалин, қалин ва бошқалар. Шунингдек руда конлари таркиби ва бойитилиш сифатлари бўйича – юқори сифатли (бой), сифатсиз ва жуда сифатсиз, осон бойитиладиган ва қийин бойитиладиган, таркибида зарарли қўшимчалар борлиги ва йўқлиги каби ҳусусиятлари билан бир – биридан фарқланади. Руданинг массивда жойлашиши бўйича руда танаси барқарор (ўзгармас), фойдали компонентлар тана бўйича бир текис тарқалган, рудага пуч жинслар аралашган, нокондицион рудали, қаттиқ, майдаланувчан каби сифатларга эга бўлган конларга бўлинади.
Руда ётқизиғини ялписига (бир йўла) қазиб олишда экскавация қилишга кетган ҳаражатлар камаяди, аммо кон массасини ташишга ва бойитишга кетадиган ҳаражатлар кўпаяди, рудани сралаб қазиб олганда эса, аксинча қазиб – юклаш ишларига сарфланган ҳаражатлар кўпайиб, бошқа жараёнлар ҳаражатлари камаяди.
Рудани таркиби ва навлари бўйича саралаб қазиб олиш фойдали қазилманинг бойитиш жараёнлари технологиясини соддалаштириб, фойдали компонентни максимум ажратиб олишга имкон яратади.
Фойдали қазилмаларни қазиб олиш умумий геологик ва эксплутацион разведка натижасидан олинган маълумотлар, шунингдек, қазиб олинадиган фойдали қазилманинг сифатини муттасил назорат қилиш асосида амалга оширилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |