В нимсинфи. Қазиб олинган фойдали қазилма йўқотилиши:
Гуруҳ 1. Қазишдан бўшаган бўшлиқдаги йўқотилишлар:
- қазишдан бўшаган майдонда фойдасиз кон жинслари аралашган фойдали қазилмаларни қолдирилиши туфайли фойдали қазилма йўқотилиши;
- кон массаси ағдармалардаги йўқотишлар;
- ўпирилиш ва босиб қолган жойлардаги йўқотишлар;
- ёнғин ва сув босиш натижасида содир бўлган йўқотишлар.
Гуруҳ 2. Қазиб олишдан бўшаган майдондан ташқаридаги йўқотишлар:
- бурғилаб портлатиш ишлари натижасида кон жинслари аралашиб кетган фойдали қазилма ағдармалардаги йўқотишлар;
- фойдали қазилмани юклаш, тушириш, омборларга жойлаштириш ва саралаш жойларида содир бўладиган йўқотишлар.
Эксплуатацион йўқотилишларнинг юқорида келтирилган таснифидан кўриниб турибдики, ушбу тасниф конларни очиқ усулда қазиб олишда барча йўқотилишлар кўринишини қамраб олиб, технологик жараёнларнинг босқичлари ва ўрнини ўзида акс эттиради, ҳамда корхоналарда фойдали қазилма йўқотилишини техник – иқтисодий меъёрлаш ва ҳисобга олиш ишларини бажаришни қулай бўлишига имкон яратади.
Қаттиқ фойдали қазилмаларни йўқотилишини меъёрлашнинг “Намунавий услубий кўрсаткичлари” бўйича конларни очиқ усулда қазиб олишда эксплуатацион йўқотилишларнинг фақат фойдали қазилма поғонасини қазиш технологияси, унинг параметрлари ва қазиш ишларининг ташкил қилиш усулига боғлиқ бўлган қисмигина меъёрлаштирилади.
Бу йўқотилишларни қуйидагилар ташкил қилади: қазиш участкаси целиклардаги йўқотилишлар; қазиб олинган фойдали қазилманинг кон – тайёрлов лаҳимлари ўтишда балансдан ташқари руда ёки қоплама жинслар билан аралашиши туфайли ағдармаларда йўқотилиши; блокни (участкани) саралаб қазиб олишда фойдали қазилманинг руда танаси устки ва остки ёнларида қолиб кетиши билан боғлиқ бўлган йўқотилишлар; фойдали қазилмани юклаш, тушириш, омборларга жойлаштириш ва саралаш жойларидаги йўқотилишлар.
Очиқ кон ишларини олиб боришда фойдали қазилманинг йўқотилиши ва сифатсизланиши, асосан фойдали қазилма ётқизиғи билан қоплама жинслар ётқизиғи туташиш зоналарини қазиб олишда содир бўлади. Мураккаб структурали конларни эксплуатация қилишда қазиб олинаётган блок (участка) турли тавсифга эга бўлиб, таркибида кондицион фойдали қазилмадан ташқари нокондицион фойдали қазилма навлари ва фойдасиз кон жинслари ёки балансдан ташқари рудалар бўлиши мумкин. Бундай шароитларда фойдали қазилма, нокондицион руда ва фойдасиз кон жинсларини алоҳида – алоҳида саралаб қазиб олиш мақсадга мувофиқ бўлади.
Қаттиқ жинслардан ташкил топган конларни ялписига қазиб олиш усули жуда содда бўлиб, меҳнат унумдорлиги юқори бўлишини таъминлайди. Бироқ, бунда қазиб олинган фойдали қазилма юқори даражада сифатсизланиши мумкин. Шунинг учун фойдали қазилмани ялписига ва саралаб қазиб олишда йўқотилиш, ҳамда сифатсизланиш меъёрий кўрсаткичларини мумкин бўлган қазиш вариантларини техник – иқтисодий солиштириш асосида аниқланади.
Горизонтал ва ётиқ фойдали қазилма ётқизиқлари блокларни (участкаларни) ялписига ёки саралаб қазиб олишда мумкин бўлган йўқотилиш ва сифатсизланиш кўринишлари проф. Б.П.Юматов томонидан тавсия этилган (10.1 расм).
Ётиқ конларда йўқотилишлар йўқотиладиган фойдали қазилма табақаси кўринишида, сифатсизланиш эса блокнинг бутун майдони бўйича ётқизиқнинг шифти ва остини тозалашда фойдали қазилмага аралашиб кетадиган қоплама жинс табақаси кўринишида бўлади.
Қия конларни механик чўмичли экскаваторлар билан қазиб олишда экскаваторнинг бемалол ишлаши учун зарур бўлган горизонтал майдон ҳосил қилиниши сабабли фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши содир бўлади. Агар бунда драглайндан фойдаланиладиган бўлса, фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши ётиқ конларни қазиб олишдагига ўхшаш бўлиб, анча мураккаб профильга эга бўлган табақалар кўринишида бўлади.
Ўта қия ва тик конларни қазиб олишда фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши ётқизиқ туташиш текислиги оғиш бурчаги поғона қиялик бурчагига тўғри келмаслиги туфайли содир бўлади. Бундай шароитда йўқотиладиган фойдали қазилмани ва қазиб олинган фойдали қазилмага аралашиб кетадиган қоплама жинслар учбурчак шаклига эга бўлади.
Фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши миқдорлари, уларнинг содир бўлиш тавсифига кўра турли усулларда аниқланади. Табақа кўринишидаги йўқотилишлар қазиб олинаётган блокнинг (участканинг) бутун майдонини ўлчаш асосида қўлланилаётган ускуна ва механизмларни ҳисобга олган ҳолда аниқланади.
Фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши барча кончилик корхоналарида ҳисобга олиб борилиши шарт. Чунки бунинг асосида бажариладиган кон ишларини сифати баҳоланиб, фойдали қазилмани ер бағридан чиқариб олиш даражаси назорат қилинади.
Фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишининг амалдаги миқдорлари керакли даражада аниқлик билан ўлчашлар натижасида аниқланади. Агар бу усулни қўлланиши мумкин бўлмаса ёки жуда қийин бўлса, у ҳолда уларнинг амалдаги миқдорларини баланс заҳира билан товар фойдали қазилма кўрсаткичлари ўртасидаги тафоввут орқали аниқланади.
10.1. - расм.Мураккаб структурали кон ётқизиқларини ялписига ва саралаб қазиб олишда йўқотилиш ва руда сифатсизланишининг асосий кўринишлари: 1-фойдали қазилма; 2-йўқотиладиган фойдали қазилма; 3-рудага аралашиб кетадиган жинслар; 4-саралаб қазиб олишда йўқотиладиган фойдали қазилма ва рудага аралашиб кетадиган жинслар; 5-саралаб ажратиб олинадиган фойдали жинсларнинг қисми.
Конларни қазиб олишнинг кон – геологик шароитлари ҳар хиллиги, фойдали қазилма қийматининг турли – туманлиги ва уларнинг камёблиги туфайли фойдали қазилмани йўқотилиш ва сифатсизланиш миқдорларини аниқлаш усуллари ўзининг мураккаблиги, меҳнатталаблиги ва аниқлик даражаси бўйича бир – биридан сезиларли даражада фарқ қилади. Шунинг учун йўқотилиш ва сифатсизланишни ҳисобга олиш усулини тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эгадир. Бу масалани тўғри ҳал қилиш учун кончилик саноатининг ҳар бир тармоғи бўйича фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишини аниқлашда йўл қўйилиши мумкин бўлган ҳатолик миқдорини ҳисоблаш мақсадга мувофиқ бўлади.
Кончилик амалиётида фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланиши икки усулда, яъни бевосита ва билвосита деб номланган усулларда аниқланади.
Бевосита усулда фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишни аниқлашда йўқотиладиган фойдали қазилма, ҳамда фойдали қазилмага аралашиб кетиши мумкин бўлган қоплама жинс ва балансдан ташқари руда миқдорлари маркшейдрик тасвирга олиш натижалари асосида бевосита аниқланади.
Фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишни ҳисобга олишда тўғри усул қўлланишининг асосий шароитларидан бири – бу геологияразведка ишлари маълумотларини умумлаштириш ва уларни эксплуатацион разведка ишлари натижалари бўйича аниқлаш асосида фойдали қазилма руда таналарининг чегараларини ўта аниқликда белгиланганлигидир.
Турли вазифаларга мўлжалланган целиклардаги фойдали қазилма йўқотилишининг ҳажми зондирловчи бурғулашдан олинган маълумотлар асосида фойдали қазилма заҳирасини ҳисоблаш усулларининг бири бўйича аниқланади.
Портлатилган фойдали қазилманинг иш майдонларида, транспорт йўлларида, қайта юклаш ва омборлаш жойларида қолиб кетиши сабабли содир бўладиган йўқотилишлар уларнинг ҳажмига нисбатан рулетка ёрдамида ўлчаш ёки тахеометрик тасвирга олиш бўйича намуна синовлари натижасидан фойдаланиб аниқланади.
Қазиш ишлари тугалланган (чегарага етказилган) поғоналар массивида қоладиган фойдали қазилма йўқотилиши ва фойдали қазилмага аралашиб,уни сифатсизлантирувчи жинсларнинг ҳажми руда танаси ётиш элементлари бўйича аниқланади.
Руда таналари қия ва ўта қия жойлашган конларда тахеометрик тасвирга олиш воситаси ёрдамида қазиб олинадиган поғона чегаралари аниқланади ва улар тегишли геологик қирқимларда белгиланади.
Синаб кўриш натижалари бўйича палетка ёки планиметр ёрдамида массивда йўқотиладиган фойдали қазилма майдони билан ҳар бир кесмада сифатсизлантирувчи жинс майдонлари аниқланади ва фойдали қазилмани сифатсизлантирадиган кон жинсларининг миқдори параллел ёки юзаси камайиб борувчи кесмалар усулида ҳисобланади.
Горизонтал ва ётиқ конларни қазиб олишда руда йўқотилиши , ҳамда сифатсизланишни миқдорий кўрсаткичларини аниқлашда гипсометрик пландан фойдаланиш самарадорлиги юқори бўлади.
Фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишни билвосита усулда аниқлашда қазиб олиниши лозим бўлган баланс заҳира миқдоридан қазиб олинган фойдали қазилма миқдори айирилади ва улар орасидаги тафоввут руда йўқотилишининг миқдорий кўрсаткичи ҳисобланади. Билвосита усулда аниқланган йўқотилишнинг миқдори амалдаги йўқотилиш миқдоридан фарқ қилади. Чунки баланс заҳирани аниқлашда катта ноаниқликларга йўл қўйилади ва улар олинган натижалар ишончлилигига салбий таъсир кўрсатади. Билвосита усулда бутун карьер бўйича фойдали қазилма йўқотилишининг миқдорий ва сифатий кўрсаткичлари аниқланади. Бу кўрсаткичларни аниқлик даражаси паст бўлганлиги сабабли алоҳида участкалар бўйича фойдали қазилма йўқотилиши ва сифатсизланишини камайтиришга қаратилган самарали тадбирларни ишлаб чиқишга имкон яратилмайди. Натижада ер қаъри неъматларидан оқилона фойдаланиш даражаси паст бўлади.
Шток кўринишдаги руда таналарини қазиб оладиган карьерларда фойдали қазилма йўқотилиш ва сифатсизланиш кўрсаткичлари ертомир ва линза шаклидаги конларни қазиб оладиган карьерлардагига нисбатан анча кам бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |