Миллий валюта тизимининг асосий элементлари қуйидагилардан иборат:
миллий валюта;
конвертерлаш шартлари;
миллий валюта паритети;
миллий валюта курсининг режими;
валютавий чегаранинг мавжудлиги ёки чегараланмаганлиги, валюта назорати;
мамлакатнинг халқаро валюта ликвидлигини тартибга солиш тартиби;
халқаро кредит маблағларидан тўлов воситаси сифатида фойдаланиши регламенти;
мамлакатнинг халқаро ҳисоб – китоблар регламенти;
маҳаллий валюта ва олтин бозорларини фаолият кўрсатиш режими (тартиби);
мамлакат валюта муносабатларини тартибга соладиган ва бошқарадиган маҳаллий органлар.
Халқаро валюта тизимининг элементлари:
жаҳон пулининг функционал шакли;
валюталарни ўзаро конвертирлаш шартлари;
валюта паритети режимининг регламенти;
давлатлараро валютавий чегараларни тартибга солиш;
халқаро валюта ликвидлигини давлатлараро тартибга солиш усули;
халқаро кредит маблағлари муомаласини унификациялаш қоидалари;
халқаро ҳисоб–китоблар шаклларини қўллашнинг қоидалари;
халқаро валюта ва олтин бозорларининг фаолият юритиш режими;
давлатлараро валютани тартибга солувчи халқаро ташкилотлар;
Миллий валюта тизимининг асосини шу мамлакат миллий валютаси ташкил этади. Ушбу валюта тегишли қонунчилик хужжатлари асосида мамлакатда ягона тўлов воситаси сифатида мустаҳкамланади. Халқаро ҳисоб –китобларда қўлланиладиган пул (миллий валюталар) валюта деб юритилади.
19.2. Валюта тизимининг вужудга келиши ва ривожланиш Классик олтин стандарти (1815 – 1914 йй.). Жаҳон цивилизациясининг асрлар давомида ривожланиши, дунёдаги турли мамлакатлар ижтимоий – иқтисодий ҳаёт тарзига турлича таъсир кўрсатди. Шу нуқтаи назардан XIX асрни том маънода ғарб цивилизациясининг олтин асри ёки классик олтин стандарти ҳукмронлиги асри дейишимиз мумкин. Бу даврда муомалада олтин билан бирга кумуш ҳам тўлов воситасини бажарган, лекин мамлакатлар ўртасидаги ҳисоб – китоблар олтинда амалга оширилар ва жаҳон мамлакатлари иқтисодиёти олтин стандарти остида бирлашган эди.
Мамлакатда амал қилган миллий валюталар (доллар, фунт, франк ва ҳ.к.) эса, фақатгина белгиланган олтин қийматини ўлчов бирлиги бўлиб хизмат қилган. Масалан, долларнинг номланиши – 1/20 унция оғирликка тенг бўлган олтинни англатган, фунт стерлинг номи эса – олтиннинг ј унция оғирлигини англатган. Шундан келиб чиқиб, айирбошлаш курслари давлат иштирокисиз қатъий белгиланган баҳоларда амалга оширилган. Мамлакат миллий валюталари ўлчов бирлигига боғлиқ равишда бир – бирига доимо мос келган. Яъни, 1 фунт (ўлчов бирлиги) доимо 16 унцияга, худди шундай 1 фунт стерлинг (олтин ўлчов бирлиги) 4,86 долларга тенг бўлган.
Халқаро олтин стандарти инсонларга жуда катта имкониятлар яратган ва бутун жаҳонда амал қилувчи универсал пул вазифасини ўтаган. АҚШнинг ривожланган ва бой мамлакат даражасига етишининг асосий сабабларидан бири сифатида, дунёнинг деярли барча давлатларида долларнинг тўлов воситаси сифатида амал қилиши муҳим аҳамият касб этади. Буни иқтисодиётнинг ривожланишида меҳнат тақсимотида, халқаро капитал оқимида, халқаро ишчи кучи миграциясида ва бошқаларда кўришимиз мумкин.
Шуни қайд этиш жоизки, олтинни эркин иқтисодиётда амал қилиши, барча товарларга эркин айрибошланадиган умумий эквивалент “махсус товар” сифатида тан олиниши учун 100 йиллар талаб қилинди ва давлатнинг бу жараёнлардаги ўрни унчалик катта эмас. Чунки, олтинни муомалага чиқиши давлат ихтиёри билан эмас, балки бозор талабидан келиб чиқиб белгиланган. Халқаро олтин стандартининг амал қилиши мамлакатда сунъий инфляцияни юзага келишига йўл қўймаслиги билан бирга, мамлакат тўлов балансининг мувозанатини таъминлаган.
Мамлакатда пул таклифини ортиши маҳаллий товар ва хизматлар баҳосининг ортишига олиб келади. Ўз навбатида аҳолининг номинал даромадлари ортади, бу эса импортнинг ўсишига таъсир кўрсатади. Чунки, импорт товарлар баҳоси маҳаллий товарларга нисбатан анча паст бўлади. Натижада мамлакатда экспортнинг ҳажми импортга нисбатан қисқаради. Ўз навбатида мамлакат ташқи савдо балансида тақчилликни келтириб чиқаради. Бу эса мамлакат олтин валюта захираларини камайишига олиб келади. Шу ўринда айтиш жоизки, банк депозитларининг сунъий равишда ошиши ва банк томонидан бериладиган кредитлар ҳажмининг ортиши ҳам олтин – валюта захираларини камайишига олиб келади. Чунки, бу ҳолда ҳам импортерлар ёки банк мижозлари депозитларни олтин миқдорида қайтаришни талаб қиладилар. Шунинг учун мамлакатда пул таклифини камайтириш ва унинг тегишли меъёрини сақлаш лозим бўлади. Пул таклифининг пасайиши товарлар нархини тушишига олиб келади ва шу тариқа бозорда нархлар мувозанати таъминланади. Бу эса экспорт ҳажмини ошириш эҳтиёжини туғдиради ва мамлакатга олтин оқимининг ортишига ижобий таъсир кўрсатади. Бу ҳолат ўзаро савдо – иқтисодий муносабатда бўлган барча давлатларда нархлар мувозанати таъминлангунга қадар давом этади.
Ўз даврида давлатнинг олтин стандарти пул тизимини мустақил амал қилишига аралашуви, унинг самарадорлигига салбий таъсир қилган ва ушбу пул тизимининг мукаммаллигидан қатъий назар инфляция, рецессия натижасида иқтисодий циклнинг изидан чиқиш ҳолатлари юз берган. Олтин тангаларни зарб этиш устидан давлат назоратини ўрнатилиши, қонуний тўлов воситаларининг давлат томонидан белгилаб қўйилганлиги, қоғоз пулларни жорий этилиши ва инфляцияни рағбатлантирилиши каби йўналишлар орқали давлат эркин пул бозорини бошқаришга харакат қилган. Давлатнинг пул муомаласига таъсир этиш чораларини жорий этилишига қарамай, ушбу соҳадаги ўзгаришлар асосан бозор талабидан келиб чиқиб амалга оширилган.