А.А.ОМОНОВ, Т.М.ҚОРАЛИЕВ
ПУЛ ВА БАНКЛАР
ДАРСЛИК
Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги томонидан “Банк иши” таълим йўналиши талабалари учун дарслик сифатида тавсия этилган
ТОШКЕНТ – 2018
ПУЛ ВА БАНКЛАР
Қайта ишланган ва тўлдирилган
иккинчи нашри
Тақризчилар:
|
О.Ҳ.Ҳамраев – и.ф.д., профессор
|
Т.И.Бобоқулов – и.ф.д., доцент
|
С.Х.Норқобилов – и.ф.н., доцент
|
Пул ва банклар: Дарслик. А.А.Омонов, Т.М.Қоралиев. Тошкент молия институти –Тошкент: “..... ...........” 2018. .... б.
Дарслик Ўзбекистонда узлуксиз таълимнинг Давлат таълим стандартларининг қоидаларига мувофиқ тайёрланган бўлиб, таълимнинг “Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ” билим соҳаси бўйича “Пул ва банклар” фанининг намунавий дастуридаги мавзуларни қамраб олган.
Дарсликда пул, кредит ва банкларнинг вужудга келиши, ривожланиши ва такомиллашув жараёнининг назарий жиҳатлари, шунингдек, халқаро молиявий ташкилотларнинг мақсад ва вазифлари баён этилган. Шунингдек, дарсликда Ўзбекистон пул ва банк тизимининг ташкил этилиши ҳамда уларнинг ўзига хос жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор берилган.
Дарслик иқтисодиёт йўналишидаги талабалар ва ўқитувчилар, илмий тадқиқотчилар, банк ва молия соҳасидаги мутахассислар учун мўлжалланган.
КИРИШ
Замонавий бозор иқтисодиёти шароитда товар ишлаб чиқариш ва айирбошлаш муносабатлари пул, кредит ва банкларнинг иштирокисиз амалга ошмаслиги барчамизга маълум. Шунингдек, бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай фаолиятнинг асосий мақсади фойда олишга қаратилган бўлиб, ушбу фаолиятнинг асосини ҳам пул, кредит ва банк тизими билан боғлиқ бир қатор муносабатлар ташкил этади. Бу ўз – ўзидан, кейинги йилларда, мамлакатимиз олий ўқув юртларида иқтисодчи мутахассисларни тайёрлашда “Пул ва банклар” курсининг аҳамиятини кескин оширмоқда.
Эътироф этиш жоиз, мамлакатимизнинг иқтисодиёт ва молия йўналишидаги олий ўқув юртлари педагог-ходимлари, ва илмий-тадқиқотчилар ва соҳа мутахассилари томонидан “Пул ва банклар” ўқув курси бўйича дарслик, ўқув қўлланма ва монографиялар нашр этилган. Бироқ, шунга қарамасдан, ушбу дарслик ва ўқув қўлланмалар мавжуд талабни тўлиқ ва самарали қондириш имкониятини бермаяпти. Бунинг қатор сабаблари мавжуд бўлиб, фикримизча уларнинг асосийлари қуйидагилар бўлиши мумкин:
биринчидан, миллий таълим стандартлари бўйича дарслик ва ўқув қўлланмаларга қўйилаётган талаб ва қоидалар такомиллашиб бормоқда. Хусусан, улар қисқа, мазмунли ва ўқувчига тушунарли тилда ёзилиши лозим;
иккинчидан, жаҳон ва мамлакатимиз иқтисодиётида юз бераётган ижтимоий – иқтисодий жараёнлар мавжуд дарслик ва ўқув қўлланмаларни доимий равишда янгилаб ва такомиллаштириб боришни талаб этмоқда;
учинчидан, интернет ва электрон тизимнинг ривожланиб бораётганлиги туфайли талабаларга тақдим этилаётган дарслик ва ўқув қўлланмалар рақобатбардош бўлиши, уларни ўзига жалб қила оладиган хусусиятларга эга бўлиши лозим;
тўртинчидан, миллий таълим тизимида ривожланган мамлакатлар олий таълимидаги ижобий тажрибасидан фойдаланаган ҳолда дарслик ва ўқув қўлланмаларни тайёрлаш зарурияти каби масалалар шулар жумласидандир.
Мазкур дарслик, юқорида қайд этилган талаб ва тартибларни инобатга олинган ҳолда, Ўзбекистонда Давлат таълимининг “Ижтимоий фанлар, бизнес ва ҳуқуқ” билим соҳасининг “Банк иши”, “Бизнесни бошқариш”, “Молия”, “Солиқлар ва солиққа тортиш” ва бошқа йўналишлари бўйича қўйилган талаблари доирасида тайёрланган. Буни дарсликнинг “Пул ва банклар” фанининг намунавий дастуридаги барча бўлимларини қамраб олганлигида ҳам кўриш мумкин.
Дарслик таркибий тузилиши жиҳатидан 20 бобдан иборат бўлиб, ҳар – бир бобдан сўнг ўқувчининг билимини мустаҳкамлаш мақсадида боб мавзуларига оид саволлар ва тестлар мажмуи келтирилган.
Дарсликнинг “Пул ислоҳотлари” ва “Банк инқирозлари” номли боблари и.ф.н. И.Рахмонов, “Кредит бўйича фоиз ставкаси ва уларга таъсир қилувчи омиллар” номли боби и.ф.н. И.Қуллиев ва тадқиқотчи С.Абдуллаева ҳамда “Марказий банкнинг мустақиллиги” номли боби катта ўқитувчи И.Жўраев, Тижорат банклари ва уларнинг функциялари номли боби катта ўқитувчи Х.Тиллаев, қолган боблар и.ф.д. профессор А.Омонов ва и.ф.н., профессор Т.Қоралиевлар томонидан тайёрланган.
Халқаро иқтисодий доирада, шунингдек, Ўзбекистон молия – кредит тизимида рўй бераётган жадал ижтимоий – иқтисодий жараёнлар қатор соҳа ва тармоқларда бўлгани сингари таълим тизими олдига, хусусан, дарслик ва ва ўқув қўлланмалар таёрлашнинг таркиби ва мазмунига жиддий талабларни қўймоқда. Шу жиҳатдан, муаллифлар “Пул ва банклар” дарслигини вақти – вақти билан халқаро доирада ва Ўзбекистонда рўй бераётган ижтимоий – иқтисодий жараёнлар асосида назарий – амалий жиҳатдан қайта ишланган ва тўлдирилган “иккинчи нашри”ни ўқувчилар эътиборига ҳавола этмоқда.
Дарсликнинг иккинчи нашрини тайёрлашда муаллифлар томонидан 2012 йилдан кейинги йилларда мамлакатимиз банк тизимида вужудга келган барча янгиликлар, пул муомаласи ва хусусан миллий валютанинг конвертацияси ҳамда валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича ўзгаришлар ҳисобга олинди.
Do'stlaringiz bilan baham: |