1.2-чизма. Бухгалтерия ҳисобининг функциялари
Хўжалик ҳисоби хўжалик юритувчи субъектни бошқаришда фойдаланиладиган ахборот тизимидан иборат бўлиб, унда корхона фаолиятида содир бўладиган барча жараёнлар ва ҳисоб объектларининг ҳолати тўғрисидаги миқдор ва сифат кўрсаткичлари ҳақидаги ахборотлар маълум қоидалар ва стандартлар бўйича уларни бошқариш учун илмий асосланган қоидаларга мувофиқ қайд қилинади, ўлчанади, ишлов берилади, тўпланади ва гуруҳланади. Хўжалик ҳисоби кенг қамровли ва тўлақонли бўлиши ҳамда корхона иқтисодиётини бошқариш вазифалари тўлиқ ва ўз вақтида амалга оширишга йўналтирилган, яъни бошқарув тизими учун фойдали бўлиши лозим.
Хўжалик ҳисобининг моҳиятини унинг функциялари орқали муфассал очиб бериш мумкин (1.2-чизма).
Ахборот функцияси. Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида корхона фаолияти ҳақида ўз вақтида, ишончли ахборотга бўлган эҳтиёж ва унга бўлган талаб ҳам ошиб бормоқда.
Бухгалтерия ҳисоби турли хил иқтисодий ахборот истеъмолчилари учун асосий ахборот манбаи ҳисобланади. Улар асосида бошқарув ва инвестицион қарорлар қабул қилинади. Ҳисоб-китоблар кўрсатишича, иқтисодий ахборотлар умумий ҳажмининг 70% идан ошиғи бухгалтерия ахборотлари улушига тўғри келади.
Айнан бухгалтерия ҳисоби тизими корхона маблағлари ва улар манбаларининг аҳволи ва ҳаракати, хўжалик жараёнлари, корхона молиявий натижалари тўғрисида умумлашган (синтетик) ва батафсил (аналитик) ахборотларни акс эттиради ва тўплайди. Бухгалтерия ахборотлари оператив ва статистик ҳисобда, режалаштиришда, истиқболни белгилаш (прогнозлаш)да, корхона фаолияти тактикаси ва стратегиясини ишлаб чиқишда ва бошқаришда кенг қўлланилади.
Бухгалтерия ҳисобида корхона мулки ва уларнинг ташкил топиш манбаларидаги ўзгаришлар, уларнинг ҳаракати, хўжалик жараёнлари ва молиявий натижалар алоҳида ва умумлашган ҳолда ва бошланғич ҳужжатларда акс эттирилади.
Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида бухгалтерия ҳисоби ахборотлари учун ишончли, холисона, ўз вақтида, оператив, юқори сифатли ва истеъмолчилар учун самарали бўлиш талаби қўйилади. Бухгалтерия ҳисоби ахборотининг якуний натижаси корхонанинг молиявий ҳолатини кўрсаткичларини яхшилаш ҳисобланади.
Қўйилган мақсад, ҳал этиладиган вазифалар доираси ахборотдан фойдаланувчи бўлинмалар, бошқариладиган объект даражасига кўра ҳисоб ва таҳлилий ахборотларни уларнинг энг юқори ва энг паст қисмларга бўлиш зарур. Ҳар бир ахборот турини бошқарув объектлари ва бериш муддатлари бўйича табақалаштириш керак.
Ахборотлар даврийлиги бўйича: смена, сутка, ҳафта, декада, ойлик, чораклик ва йиллик бўлиши мумкин.
Do'stlaringiz bilan baham: |