Диссертация мавзусининг долзарблиги ва зарурияти. Жаҳонда экин майдонларини суғурта билан қамраб олинганлик даражаси ўртача 40 фоизни, қишлоқ хўжалиги ривожланиши бўйича етакчи бўлган мамлакатларда эса бу кўрсаткич 90 фоизгачани ташкил этади. Ушбу ҳолат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқаришдаги хатарлиликнинг юқори эканлигидан келиб чиқади. Шунинг учун, такрор ишлаб чиқаришнинг ҳар бир фазасида хатарларни келадиган зарарларни ўз вақтида камайтириб бориш чоралаларини кўриб бориш агробизнес фаолиятини самарали олиб боришнинг объектив заруриятидир. Умуман олганда, суғурта тизими аграр соҳадаги хатарларини камайтиришнинг ассосий воситаси бўлиб, хўжалик юритувчи субъектлар даромадларини кескин тебранишини олдини олади, лекин шу билан бирга йирик молиявий маблағларни йўналтиришни талаб этади1 Глобал иқлим ўзгариши ва унинг натижасида ҳароратнинг кескин ўзгариши оқибатида аномал иқлимий табиат ҳодисаларининг юзага келиши, аграр ишлаб чиқарувчиларини катта талофат ва йўқотишларга дучор бўлишиларига олиб келиши мумкин. Касаллик ва зараркунандалар ҳам экинлар хосилига сезиларли равишда катта зарар етказади. Буларнинг барчаси аграр ишлаб чиқариш соҳасига кучли таъсир кўрсатади ва суғурта ҳимояси тизимида ўзига ҳос ёндашувларни излаб топишни такозо қилмоқда2.
Ўзбекистонда суғурта соҳасини, хусусан қишлоқ хўжалиги суғуртаси тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Айниқса, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Харакатлар стратегиясида учинчи бўлим Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишларига бағишланган 3.1 банди 6-хат бошида суғурта, лизинг ва бошқа молиявий хизматларнинг ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш масаласи устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган3.
Лекин шунга қарамасдан суғурта тизимида бир қатор муаммолар мавжуддир, яъни аксарият фермер хўжаликлари раҳбарлари суғурталашнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини етарлича тушунмаслиги, суғурталаш тизимини ривожлантиришда фермер хўжаликларининг молиявий ҳолатининг пастлиги, суғурта тизимида малакали кадрлар етишмаслиги ва соҳа ходимларни ўқитиш ва малакасини ошириш ва улар билан таъминлаш тизимини янада яхшилаш зарурлиги, суғурта ташкилотлари билан қишлоқ хўжалик корхоналари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг мукаммал эмаслиги ва бошқалар қишлоқ хўжалигида суғурталаш тизими ривожланишига тўсиқ бўлаётган асосий омиллардандир. Диссертация иши доирасида юқорида қайд этилган муаммоларни ҳар томонлама чуқур ўрганиш ва тахлил этиш асосида, қишлоқ хўжалигида суғурталаш тизимини ташкилий-иқтисодий асосларини такомиллаштириш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш мазкур танланган мавзунинг долзарблигини ва илмий–амалий аҳамиятини белгилайди.
Ўзбекистон Республикасининг 2002 йил 5 апрелида қабул қилинган ва 2021 йил 23 ноябрда янги тахрирда қабул қилинган “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 17 июндаги “Пахта хом ашёси ва бошоқли дон экинларининг бўлғуси ҳосилини суғурталаш тизимини такомиллаштириш тўғрисида” 505-сонли, 2019 йил 30 сентябрдаги “Аҳоли хонадонларида ва чорвачилик йўналишида фаолият кўрсатаётган хўжалик юритувчи субъектларда парваришланаётган чорва ҳайвонларини суғурта қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 830-сонли ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 2 августдаги “Ўзбекистон Республикасининг суғурта бозорини ислоҳ қилиш ва унинг жадал ривожланишини таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-4412-сон қарорлари ҳамда мазкур фаолиятга тегишли бошқа меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишга ушбу диссертация тадқиқоти муайян даражада хизмат қилади.