2.2.3-расм. Агрокластерларни ривожлантириш давлат Қўмитасининг бошқарув тузилмаси1 Ушбу қўмитани ташкилий тузилмасини ишлаб чиқишда асосий ишлаб чиқарувчи кластерлар бўйича назорат қилиш ва уларга шароит яратиш билан бир қаторда соҳани жадал ривожлантириш ҳамда бир тизимда бирлаштириш режа қилиб олинган.
Таклиф этилаётган Агрокластерларни ривожлантириш давлат Қўмитасини ташкил этишдан асосий мақсади:қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришни ташкил этишнинг янги шакли сифатида юзага чиқаётган соҳалар бўйича кластерлар уларни бошқариш тизимини такомиллаштириш зарурати мавжуд бўлиб, агрокластерларнинг самарали фаолият юритишлари, юқори пировард натижаларга эришишлари, аниқ вазифаларни белгилаш ва уларнинг тарқоқ фаолиятини доимий тартибга солиш, кластер иштирокчиларининг манфаатларини уйғунлаштириш, тизимга алоқадаор кластерлар учун молиявий имкониятлар яратиш ҳамда кластер билан давлат ўртасидаги иқтисодий муносабатларни замонавий механизмлар асосида амалга ошириш бўлиб ҳисобланади.
Қўмитанинг асосий вазифалари: -агрокластер соҳасида ягона давлат сиёсатини олиб бориш, шунингдек, ушбу тармоқнинг бир бутун ижтимоий-иқтисодий сиёсатини юритган ҳолда кластерлар фаолиятини мувофиқлаштириш ҳамда ривожлантириш;
-агрокластерлар учун ажратилган ер майдонлари ва сув ресурслари қатъий ҳисобини рақамлаштирилган ҳолда юритиш ва янги замонавий технологияларни қўллаш;
-агрокластерлар учун инновацион илм-фан технологияларини жорий этиш, соҳалар негизида селекция ишларини юқори даражада ташкил этиш ва янги дурагай навларини кенг жорий қилиш;
-агрокластерлар томонидан етиштирилган маҳсулотларни ташиш, сақлаш, қайта ишлаш ва уни етказиб бериш учун қулай шарт-шароитлар яратиш;
-маркетинг тадқиқотларини ўтказиш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни энг аввало ички бозорни таъминлаш ҳамда ташқи бозорларни топиш ва сотишни ташкил этиш ҳамда кластерларга кўмаклашиш;
-қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш фаолияти билан шуғулланувчи субъектларга ўз фаолиятини кенгайтириш, янги кластерлар ташкил этиш ва маҳсулотни экспорт ва импорт қилишда ҳар томонлама ёрдам бериш;
-соҳада инновацияларни кенг жорий қилаётган, экспорт ҳажмини оширган, янги иш ўринларини яратаётган ва шу билан бирга рентабиллик даражаси юқори бўлган агрокластерларга солиқ имтиёзлари ва узоқ муддатли имтиёзли кредитлар ажратилиши учун имкониятлар яратиш;
-агрокластерларга ҳамкор фермер ва деҳқон хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги фаолияти билан шуғулланувчиларни тўлиқ жалб қилиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ва уларнинг даромадини оширишга кўмаклашиш;
-тармоқ бўғини сифатида агротурзимни кенг жорий қилиш ва хорижий инвестициялар, жумладан халқаро молия ташкилотларининг маблағларини жалб қилиш йўли билан соҳани ривожлантириш.
Қўмита ва агрокластерларни бир соҳа бўйича жамлаш, уларнинг асосий муаммоларини ўрганиш, уларни бартараф этиш мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шу билан бир қаторда кластерларни бошқарув принсипларини қай ҳолатда эканлиги, бошқарувдаги асосий муаммоларни келиб чиқиш сабаблари уларни бартараф этиш йўлларини ҳам алоҳида тадқиқ этишни тақазо этади. Бугунги кунда мева-сабзавотчилик кластерларини бошқарув тузилмаси ҳамда бошқарув усуллари ўрганилганда кластерларда аниқ бир тузилманинг шаклланмаганлиги бошқарув усулларини қўллашда қатор камчиликларнинг борлиги соҳага бошқарув тизими бўйича ҳам алоҳида эътибор берилиши лозимлигини кўрсатиб беради. Қўмита ва мева-сабзавотчилик кластерларини бошқарув тузилмасини жорий этилиши натижасида соҳани ривожлантириш механизми мажмуавий характерга эга бўлади.
Мева-сабзавотчилик кластерларни бошқаришда муҳим функцияларидан бири ҳисобланган режалаштиришнинг асосий ва энг муҳим босқичларидан бири кластерларнинг мақсадларини танлашдир. Шуни таъкидлаб ўтиш зарурки, кластерлар кўп бўғинли тизимларда кенг ифодаланган мақсадларга эга бўладилар.
Мева-сабзавотчилик кластерининг асосий, умумий мақсади унинг вазифасида белгиланади. Вазифа кластернинг вазиятини батафсил ифодалайди ҳамда ҳар бир ташкилий босқичларда мақсад ва стратегияларга эришиш йўлларини белгилаб беради.
Шу боис, мева-сабзавотчилик кластерининг вазифаси қуйидагиларда ифодаланиши лозим:
- асосий хизмат ва маҳсулотлар, бозорлар ва технологиялар нуқтаи назаридан;
- кластерлар тузилишидаги субъектларнинг иш тамойилларини белгилайдиган ташқи муҳитнинг тузилишдаги корхоналарга бўлган нисбатидан;
- кластерлардаги ташкилотларнинг маданияти, уларнинг ички фаолиятидан.
Кластерларнинг мақсадларига мос равишда уларнинг структураси тузилади. Ҳамма учун бир хил бўлган структурани яратиш мумкин эмас. Ҳар бир кластер ўз имкониятидан келиб чиққан ҳолда структурани тузади ва структурадаги ҳар бир бўлим ва структуравий тузилмалар кластер мақсадини амалга оширишга ҳисса қўшадилар. Шу билан биргаликда, кластерларнинг самарали фаолиятини таъминлаш йўлида зарур бўлган ҳолларда кластерлар мақсадига ҳисса қўшиши мумкин бўлган янги тузилмавий бўлинмалар ташкил этилиши мумкин (2.2.4-расм).