Ҳудуднинг қиялик ўлчамларини аниқлаш. Айрим ҳолатларда ҳодиса жойини кўздан кечириш жараёнида ҳудуднинг қиялик ўлчамларини аниқлаш зарурияти туғилади. Бундай зарурият, айниқса, йўл-транспорт ҳодисалари ва баландлик билан боғлиқ ҳодисалар рўй берганда юзага келади. Қия баландлик қуйидаги ўлчамлардан ташкил топган: қиялик бурчаги (қиялик тиклиги), қиялик баландлиги, қиялик узунлиги, қиялик узоқлиги.
Ҳудуднинг қиялиги қуйидаги усуллар орқали аниқланиши мумкин:
1) рулетка ёки қадам орқали ўлчашлар билан;
2) эклиметр орқали (ДАН ходимларининг ҳодиса жойига чиқиш жомадони жамламасига кирадиган ускуна);
3) транспортер ва шоқул ёрдамида.
Ҳодиса жойида қиялик бурчагини ўлчашнинг қулай усулларидан бири транспортир ва шоқул ёрдамида ўлчашдир. Бунинг учун транспортирдаги ярим айлана марказини кўрсатувчи нуқта тўғрисига шоқул боғланади. Ўлчаётган шахс қиялик чўққисида туриб қияликнинг асосида жойлашган бирор буюмга визирлаш билан транспортирни пастга қараб айлантиради. Транспортирнинг ярим айланаси бўйлаб, ипнинг 90° дан сўнг силжишини кўрсатаётган даражаларнинг қиймати қиялик бурчагига тенг бўлади. Агар қиялик асоси бўйлаб визирлаш учун бирор буюм бўлмаса, қозиқ қоқилади ва шу қозиқ бўйлаб визирлаш амалга оширилади.
Агар қиялик бурчаги 45° дан юқори бўлса, одам бирор ёрдамчи воситадан фойдаланиб (арқон, таёқ, ўсимликлар ёки қояларни ушлаб), баландликни забт этиши мумкин. Қиялик бурчаги 60° дан катта бўлган жойларга махсус мосламалар ёрдамида машқ қилиб тайёрланган одам чиқиши мумкин. Қияликни тиккалик даражасига кўра тавсифлаш мумкин.
Предметларнинг жойлашувини очиқ ҳудудда қайд этиш. Ҳудудда топилган ашёвий далилларнинг ҳодиса жойидаги аниқ йўналишини ва жойлашган ўрнини кўрсатишда, уни маълум бир йўналишда танланган таянч нуқтага боғлаш орқали чизмада қайд этиш мумкин. Бунда ўлчанган масофалар бўйича азимутларни аниқлаш методи қўлланилади. Азимут деб, геодезияда берилган йўналиш ва шимол йўналиши орасидаги бурчакнинг қиймати тушунилади. Бунда бурчакнинг қиймати даражаларда шимолдан шарққа қараб ўлчанади. Масалан, очиқ ҳудудда йўл четидаги дарахт тагида тўппонча топилган бўлса, чизмада унинг дарахтга боғлаб йўналишини кўрсатиш қуйидагича амалга оширилади: дарахтдан ихтиёрий масофада «О» нуқта танланади (адашмаслик учун ушбу нуқтага тош, ёғоч бўлаги ёки бирор бошқа предмет қўйилади), ушбу масофа ўлчанади, бизнинг мисолимизда у 15 м га тенг. Ушбу нуқтанинг азимути ўлчанади, бунинг учун компас чизиғи йўл йўналиши бўйлаб қўйилади, компаснинг қизил рангли мили шимолни кўрсатади ва чизиқдан шимол қутбигача кўрсатган бурчакнинг қиймати аниқланади. Сўнг тўппончанинг азимути ўлчанади, бунинг учун компас чизиғи милнинг йўналишига тўғриланади ва шимол қутбигача кўрсатилган қиймат аниқланади. Азимутлар ўлчангандан сўнг, тўппончадан «О» нуқтагача (20 м) ва тўппончадан дарахтгача (13 м) бўлган масофалар ўлчаниб, чизмада қайд этилади.
II БОБ. ҲОДИСА СОДИР БЎЛГАН ЖОЙИНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШ ТЕРГОВ ҲАРАКАТИНИНГ ПРОЦЕССУАЛ ТАРТИБИ ВА ТУРЛИ ХИЛ ЖИНОЯТЛАР БЎЙИЧА ҲОДИСА СОДИР БЎЛГАН ЖОЙИНИ КЎЗДАН КЕЧИРИШНИНГ ХУСУСИЯТЛАРИ.
Ҳар бир терговчилар навбатчиликга тушишидан аввал ўтказиладиган хизмат олди йўриқномаларида ТБ раҳбарлари томонидан текшириладиган терговчининг навбатчи папкаларида қуйидаги эслатма бўлиши лозим:
Do'stlaringiz bilan baham: |