Онг моддийликнинг мияда акс этиши деб тушунишда, унинг моҳияти инсон танаси фаолияти билан боғлаб талқин этилади. Бундай қарашлар ҳам қадимий илдизларга эга. XVIII асрга келиб онгни бевосита инсон мияси фаолияти билан боғлашга ҳаракат қилган қарашлар ҳам шаклланди. Айни пайтда материалистик йўналиш номини олган бундай ёндашувлар доирасида онгнинг моҳиятини бузиб талқин қилиш ҳоллари ҳам пайдо бўлган. Фалсафа тарихида «Вульгар материализм» деб ном олган оқим намояндаларининг қарашлари бунга мисол бўла олади. Уларнинг фикрича, худди жигар сафро ишлаб чиқаргани каби, мия ҳам онгни ишлаб чиқаради. Бундай ёндашув натижасида онг идеал эмас, балки моддий ҳодиса, деган хулоса чиқади. Ваҳоланки, сафрони кўриш мумкин, аммо онгни кўриб ҳам, ушлаб ҳам, ўлчаб ҳам бўлмайди.
XX асрда онг оламни мияда инъикос этиши деган талқин бироз ўзгарди. Онг оламни, атроф муҳитни инъикоси эмас, инъикос миянинг бир функцияси деган фикрлар пайдо бўлди.
Онг бор, у мавжуд, онг борлиқни бизда намоён бўлишидир. Онг сўзсиз ҳисоблаш тизимидир. Биз олам ҳақида нимани билсак, улар бизга онг орқали берилган. Бизга предметларнинг ўзи берилмаган, балки борлиқнинг субъектив модуси берилган. Оламни билишга киришишимиздан олдин, у маълум образлар орқали бизга тушунарлидир, таснифланган, турларга бўлинган. Унда маълум бир – чапдан, ўнгдан, кўп, кам деган ўлчовлар мавжуд. Олам ҳамиша баҳоланган, талқин қилинган. Агар биз юлдузли осмонга қарайдиган бўлсак, биз олдинги авлодларнинг онги унга аввалроқ қаратилганлигини кўрамиз, яъни биз биламизки юлдузлар ёруғлигига қараб бир нечта синфларга бўлинади, ёруғлик энг яқин юлдуздан ҳам кўп йиллар давомида келади, узоқроқда жойлашган баъзи юлдузлар ҳозир сўнган, лекин уларнинг ёруғлиги энди келяпти ва ҳ.қ. Оламда онг томонидан қамраб олинмаган нарса, ҳодиса йўқ. Онг ва борлиқни бир-биридан ажратган файласуфлар онгни ўзи ҳам борлиқ эканини, борлиқнинг бир кўриниши эканини тушунишмаган. Олам онгсиз тўлиқ бўлмайди. Онг худди оламни қуришни тўлдиради, онг орқали унинг гўзаллиги очилади. Онг барча билимларнинг ва оламни англашнинг манбаи.
Хўш, онг тарихан қачон ва қандай омиллар таъсирида шаклланган? У ҳақиқатан ҳам мия билан боғлиқми?
Онг тарихи инсоннинг инсон бўлиб шаклллана бошлаши тарихи билан боғлиқдир. Узоқ вақт давомида инсон, унинг онги планетар, яъни Ер шари доирасидаги ҳодиса сифатида қараб келинди. Ҳозирги замон фани масалага кенгроқ доирада ёндашиш зарурлигини кўрсатмоқда. Чунки фан далиллари инсон пайдо бўлишини фақат Ерда кечган жараёнлар билан чеклаб қўйиш тўғри эмаслигини, у коинот эволюциясининг табиий ҳосиласи эканлигини тобора чуқурроқ исботламоқда.
Инсон биологик ва ижтимоий ҳаракатнинг ташувчиси экан, ҳаракат шакллари ўртасидаги узвий алоқадорликни, унинг юқори шакллари қуйи шаклларига боғлиқлигини, таянишини, улардан ўсиб чиқишини унутмаслик лозим. Бошқача айтганда, улар ўртасида узвий алоқадорлик мавжуд.
Онг тарихи қуёш системаси ва унда миллионлаб йиллар давомида содир бўлган ўзгаришлардан ҳам айрича олиб қаралиши мумкин эмас. Айнан мана шу жиҳатдан олганда, онгнинг шаклланишини космик ҳодиса сифатида қараш ҳам мумкин.
Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда онгга қуйидагича таъриф бериш мумкин: Онг – бу юксак даражада ташкил топган материя – инсон миясининг хоссаси.
Do'stlaringiz bilan baham: |