Иккинчи савол бўйича хулоса. Ҳуқуқий онг сиёсий ва ахлоқий онг орасида турадиган жараёндир. Сиёсий онгдан фарқ қилиб у муайян индивидуал – шахсий категориялар билан иш кўради. У ахлоқий онгдан фарқ қилиб зарурат ва ҳақиқат тушунчалари давлат қонунлари сифатида қабул қилинган ва бу қонунларни бузулиши ҳуқуқий чоралар кўришни тақозо қилади. Агар сиёсий онг объектив ижтимоий-иқтисодий манфаатлардан келиб чиқса, ҳуқуқий онг ақлий – ахлоқий баҳога суянади.
3-савол. Мафкура – инсонларнинг эҳтиёжлари, манфаатлари, мақсад ва вазифаларини ифодаловчи ғоялар мажмуаси сифатида.
Инсон ҳайвонот оламидан фарқли равишда энг буюк неъмат – тафаккур юритиш қобилиятига эга. Шу сабабли инсон коинотнинг мўъжизаси сифатида илмий-бадиий асарларда тавсифланади. Бир вақтнинг ўзида ўша мўъжизани инсон ўз ақли, тафаккури орқали ҳам яратади. Таниқли файласуф Декарт «мен» фикрлайман, демак мавжудман, «мен» мавжудман, демак фикрлайман»1, деган эди. Бу фикрда инсон моҳияти ўз аксини топганлигига шубҳа йўқ. Инсон пайдо бўлганидан бугунги кунгача нимага эришган бўлса, тафаккури орқали эришган. Шу боис, инсон мўъжизани ташқаридан эмас, ўзидан қидириши лозим. Мўъжиза яратиш, яъни дунёни инсон манфаатларига мос равишда гўзаллаштириш, фаровонлаштириш тафаккур юритишга боғлиқдир.
Инсон тафаккури асосида маълум бир ғоя ётади. Инсон қандай ғояга амал қилса, шундай фикрлайди. Диний уламоларнинг диний ғоялар, фан олимларининг табиий қонуниятлар асосида фикрлаши бунга мисолдир.
Ғоя асосида билим, билим асосида эса фикр ётади. Инсон тушунчалар асосида фикрлайди, агар тушунча ҳаётга мос бўлса, яъни ҳақиқий бўлса, инсон тўғри фикрлайди. Тўғри фикр ҳаётда ўз исботини топса, билимга айланади. У ёки бу соҳадаги билимларнинг йиғилиши натижасида билимлар тизими, яъни ғоя пайдо бўлади. Демак, ғоя билимлар тизимидан иборат. Ҳар қандай ғоя билимдир, аммо ҳар қандай билим ғоя бўла олмайди. Ғоя бўлиш учун билимлар тизимлаштирилган бўлиши зарур. Масалан олам тўғрисидаги билимлар тизими табиатшунослик фанларини, жамият ҳақидаги билимлар тизими жамиятшунослик фанини, давлат, ҳуқуқ тўғрисидаги билимлар тизими давлат ва ҳуқуқ назарияси фанини вужудга келишига сабаб бўлди. Шу боис, ҳар қандай фан билимлар тизими, яъни ғояларни ўргатади десак хато бўлмайди.
Юқорида таъкидлаганимиздек, инсон тушунчалар асосида фикрлайди, агар тушунча ҳаётга мос келмаса, яъни ёлғон бўлса, инсон нотўғри фикрлайди, янглиш фикрлаш эса инсон онгида ёлғон, бузғунчи дунёқараш шаклланишига олиб келади. Бузғунчи дунёқараш генезисида билимсизлик, яъни ғоясизлик ётади. Ғоясизлик – инсонлар, ижтимоий гуруҳлар тафаккури ва онгида муайян билимларга асосланган фикрларнинг йўқлиги. Ғоясизлик одатда ҳали ўзлигини англаб етмаган, ўз манфаат ва имкониятларини ифода эта олмайдиган, мақсад-муддаолари ва ҳаётий қадриятларни англаб етмаган кишиларда учрайди. Ғоясизлик маънавияти тубан, имон-эътиқоди суст, мафкураси бузуқ кимсаларни юзага келтиради.
Фалсафий луғатларда «ғоя» тушунчасига – инсон тафаккурида вужудга келадиган, ижтимоий характерга эга бўлган, руҳиятга таъсир ўтказиб, жамият ва одамларни ҳаракатга чорлайдиган, мақсад-муддао сари етаклайдиган кучли, теран фикр. Ҳар қандай ғоянинг асосида билим ётади (Фалсафа.Қомусий луғат. -Т., 2004. 484б.), деб таъриф берилади. Ушбу таърифда ғоянинг моҳияти ўз ифодасини топган. Шунингдек, «ғоя» яратувчанлик, яхшилик билан боғлиқ тушунча эканлиги эътироф этилган.
Ғояларнинг мазмунини англашда уларнинг онтологик, гносеологик ва аксиологик жиҳатларига эътибор қаратиш талаб этилади.
Ғоялар онтологияси. Ҳар қандай ғоянинг асосида билим, билим асосида эса фикр, фикр асосида дунёни билишга бўлган изланиш ётади. Демак, инсонда доимий изланиш, билишга интилиш бўлсагина, у фикрга эга бўлади. Фикрларнинг хар хиллиги эса уларнинг ҳаётийлигини таъминлайди. Амалда ўз ифодасини топган, вақт синовидан ўтган, бунёдкорликка хизмат қилувчи фикр билимга (илмга) айланади. Маълум соҳадаги билимларни тизимлаш эса ғоялар пайдо бўлишига сабаб бўлади. Демак, ғоя маълум бир соҳадаги билимлар тизимини ташкил этади. Ижтимоий ҳаёт соҳаларидан келиб чиққан ҳолда ғояларнинг ҳам қуйидаги турлари мавжуд:
– диний ғоялар;
– илмий ғоялар;
– фалсафий ғоялар;
– бадиий ғоялар;
– сиёсий ғоялар;
– миллий ғоялар ва бошқалар.
Do'stlaringiz bilan baham: |