18.мавзу: Болаларни мактабдаги таълим жараёнига психик жихатдан тайёрлаш.
Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисидаги қонуни” ва “Кадрлар тайёрлаш Миллий” дастурига мувофиқ амалга оширилаётган ислоҳатлар узлуксиз таълим тизимини муваффақиятли амалга ошириш болани мактаб таълимига тайёрлаш вазифасини илгари сурди. Мактабга бориш боланинг ҳаётида жуда катта воқеадир. Мактаб ҳаёти болаларга янги бир дунёни очиб беради, мактаб даврида боланинг асосий фаолияти ўзгаради. Энди боланинг асосий фаолияти, асосий вазифаси ва ижтимоий бурчи ўқиш бўлиб қолади. 6 – 7 ёшли болалар учун янги фаолият бўлган ўқиш улардан янги сифат, янги хусусиятларга эга бўлишларини талаб этади. Ўқиш фаолияти учун болаларда барқарор диққат, ўткир зеҳн, кузатувчанлик, идрок эта олиш; мустаҳкам хотира, мантиқий тафаккур; маъноли нутқ; тасаввур хаёли; мустақиллик, интизомлилик, батартиблик каби хусусиятлар; аҳлоқий ва иродавий сифатлар умумий қобилиятлар шаклланган бўлиши керак. Боланинг мактабга ўтиши унинг яслидан боғчага ўтишига қараганда мураккаб босқич. Боланинг мактабга ўтиши билан боғлиқ бўлган ана шундай жиддий ўзгаришларни назарда тутиб, уларни мактабга ҳар томонлама; жисмоний, ақлий, аҳлоқий ва иродавий томондан тайёрлаш керак. Мактабгача тарбия ёшидаги болаларни жисмоний жиҳатдан мактаб таълимига тайёрлаш энг муҳим вазифалардан биридир.
Боланинг психологик имкониятлари деярли унинг антом – физиология ривожланишига боғлиқ. Бола психологиясининг табиий асоси бўлган асаб тизими ўзига хос хусуситга эга. Катта ёшдаги кишиларда асаб тизимининг олий бўлими – бош мия пўсти – унинг фаолиятида етакчи роль ўйнайди. Катталарда қуйи бўлимлар (орқа мия, переферик нерв системаси) ҳамиша бош мияга бўйсиниб ҳаракат қилади. Ёш болаларда эса бундай эмас. Аксинча, болаларда асаб тизимининг қуйи бўлимлари (орқа мия, переферик нерв системаси) асосий роль ўйнайди. Чунки, асаб тизимининг қуйи бўлимлари анча илгари пайдо бўлади ва тезроқ етилади. Шартсиз рефлекслар асаб тизимининг мана шу қисмларида вужудга келади. 5 – 6 ёшли болаларда асаб жараёнларининг кучи ва ҳаракатчанлиги анча барқарор бўла бошлайди. Бундай физиологик ривожланиш болаларни мактаб таълимини муваффақиятли ўзлаштиришлрида табиий асос ва дастлабки имконият бўлади.
Болани мактаб таълимига психология жиҳатдан тайёрлиги – объектив ва субъектив томондан қаралади.
Боланинг мактабдаги таълимга объектив тайёрлиги – унинг психологик ривожланиши даражасидир.
Боланинг мактаб таълимига субъектив тайёрлиги –1) Боланинг мактабда ўқиши учун ҳохиш ва интилиши. 2) катталар билан янги шаклда ўзаро муносабатда бўлишга тайёрланишидир. Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда ўқишга, билим эгаллашга ҳохиш ва қизиқишлар кучли бўлади. Маълумки, ҳохиш – фаолиятни махсус ташкил этиш, англанган фаолият мотивидир. Болалар бу фаолитни ўзлари ташкил этадилар. Болалар ўзлари қизиққан, билишни хохлаган нарса ва ҳодисалар юзасидан саволлра берадилар ва олинган жавоблар уларда янада кўпроқ нарсаларни билишга эҳтиёж туғдиради. Бу эса билим, кўникма ва малакалар ҳосил қилиш имкониятини яратади. Билимга қизиқиш болаларда турли фаолиятга мойилликни кучайтиради. Ҳаракат қилиш жараёнидан болада фаолиятга тезкор муносабат шаклланади. У фаолият мотивларини аниқлашга ҳаракат қилади, иродавий зўр беради, мақсадга интилади. Болада фаолиятга ижобий муносабат шаклланади. Боланинг мактабда ўқишга хохиши, унга қизиқиш ва мойилликнинг ўзиёқ фаолиятга бўлган ижобий муносабатни шакллантиради. Улар ўқиш, ёзиш, хатто 100 гача санашни ўрганиб оладилар. Санъатга қизиқиш расмларни моҳирлик билан чизадилар, турли буюмларни ясайдилар, конструктив материаллардан фойдалана оладилар. Буларнинг ҳаммаси мактаб таълимини муваффақиятли ўзлаштириш имконини беради.
Боғча ёшидаги болаларнинг билиш жараёнлари (диққат, сезги, идрок, хотира,тасаввур, хаёл, тафаккур) ўзининг ихтиёрсиз ва беқарор характерга эгалиги билан ажралиб туради. Билиш жараёнларидаги ихтиёрсиз ва беқарорлик хусусиятининг шаклланганлиги ҳам психологик имкониятдир. Чунки улар турли фаолият жараёнида, айниқса, ижтимоий таълим - тарбиянинг таъсири натижасида ихтиёрий жараёнларнинг шаклланишига сабаб бўлади. Лекин бу имконият қулай таълим – тарбиявий шароитни талаб қилади.
а) болаларда ихтиёрий диққатнинг ривожланиб бориши ва ўз ихтиёри билан олдига қўйган мақсадни амалга оширишда иродавий зўр бериш.
б) болада идрок қилишда идрок объектининг мазмуни, моҳияти ва эҳтиёжини шаклланиб бориши. Бола макон ва замонни идрок қилишда тажрибаси камлиги учун қийналади, лекин уларда макон ва замонни идрок қиладиган сезги аъзолари яхши тараққий қилиб, у болага катталарининг тўғри муносабатда бўлиши орқали ривожлана боради.
в) Болани мактаб таълимига тайёрлашда хотира жараёнининг ўрни айниқса муҳимдир. Боланинг хотираси шаклланиб борар экан, бу даврда вақтли боғланишлар тез пайдо бўлади. Уларда атрофдаги нарсаларга қизиқиш кучли бўлгани учун эмоционал, образли, сўз – мантиқ, ҳаракат хотираси кучли бўлади ва таълим жараёнини муваффақиятли ўзлаштириши миконини беради.
г) Маълумки, тафаккур жараёни таълимни ўзлаштиришнинг асосини ташкил этади. Боғча ёши болаларида тафаккур, нутқ тараққиёти ва боланинг билим бойлиги, тажрибасининг ошиши жуда кўп эркин, мустақил ва фаол ҳаракат қилиб бориши натижасида такомиллашиб боради. Бола тафаккури фаолият асосида атрофдаги нарса ва ҳодисаларга қизиқиш жараёнида, саволларнинг кўплаб пайдо бўлиши асосида, аввал идрок қилинган нарсаларга таяниш орқали такомиллашади. Бу эса болада фақат ҳаракатли ва яққол – образли тафаккурни эмас, балки мавхум тафаккурни шаклланиши учун имконият ҳисобланади. Болаларда нарса ва ҳодисаларнинг энг асосий хусусиятларини ажрата олиш, улар орасидаги боғланиш ва муносабатларни ажратиш, уларни фикран анализ- синтез қилиш; солиштириб ўхшаш ва фарқ томонларини ажратиш; умумлаштириш; хукм ва хулосалар чиқариш каби ақлий жараёнлари шаклланиб боради.
д) Мактабгача тарбия ёшидаги болаларда маънавий ҳислар анча шаклланган бўлади. Айниқса, бурч ҳисси, меҳрибонлик, тўғрисўзлик, дўстлик – ўртоқлик ҳислари ва бир қатор иродага хос хусусиятлар: мустақиллик, интизомлилик, дадиллик, чидамлилик кабилар шакллана боради.
Шундай қилиб, болани мактабда муваффақиятли ўқиши учун уларни ёш ва индивидуал хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда таълим – тарбия жараёни тўғри ташкил этиш талаб қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |