Кўриш сезгиларидаги маҳсус ҳодисалар
Кўриш сезгиларидаги бир қанча маҳсус ҳодисалар кўриш органидаги аппаратларнинг ҳолатига боғлиқ. Ранг контрасти, «шапкўрлик» (қоронғида ва тунда яхши кўра олмаслик) ва «ранг ажратолмаслик» (ранг турларининг фарқига бора олмаслик) шундай ҳодисалардан ҳисобланади.
Ранг контрасти. Қизил рангли квадратни бир варақ оқ қоғоз устига қўйиб тикилиб қарасак, бир неча вақтдан кейин шу квадрат атрофида оч ҳаво ранг хошияни, яъни қизил рангга қўшимча рангни кўрамиз. Контраст ҳодисаси ана шудир. Юқорида келтирилган мисолда қўшимча ранг асосий ранг билан бир вақтда сезилади. Бу бир вақтдаги контрастдир. Бундан ташқари, изма-из контраст бўлади. Масалан, қизил доирага узоқ вақт қараб туриб, кейин оқ юзага кўз ташланса оч ҳаво ранг – сариқ рангли доира, яъни қизил рангга қўшимча ранг кўрамиз. Бунинг тескарисини ҳам қилиб кўриш мумкин. Изма-из контраст ҳодисаси ана шудир.
Ранг контрастининг ҳосил бўлишига сабаб шуки киши узоқ қараб турганда колбачаларнинг қизил рангни сезувчи элементлари чарчайди, натижада уларнинг сезувчанлиги камаяди. Айни вақтда қўшимча рангни сезувчи элементлар қўзғалганича қола беради, уларнинг сезувчанлиги кучлироқ, бўлиб чиқади. Шу сабабли, рангларнинг аралашиш қонунига мувофиқ, қўшимча ранг сезилади.
«Шапкўрлик» шундан иборатки, одам кечқурун ва тунда хира кўради ёки бутунлай кўрмайди. Бу ҳодисанинг сабаби шуки, тўр пардаларидаги таёқчалар суст ишлайди ёки бутунлай ишламайди.
«Ранг ажратолмаслик» хроматик рангларни сеза олмаслик ва фарқ қила олмасликдан иборат. Баъзи бир кишилар рангларни сира айира олмайдиган бўлади. Бундай кишилар ҳамма рангларни ахроматик кул рангдек кўрадилар (худди фотографиядаги сингари). Баъзи кишилар рангларни қисман айира олмайдиган бўлади. Бундай кишилар фақат баъзи бир рангларни айира олмайдилар. Статистика маълумотларига қараганда, рангларни ажрата олмаслик ҳодисаси эркаклар орасида тахминан 4 процент ва хотинлар орасида 0,5 процент учрайди. Қизил ва яшил рангни айира олмаслик ҳодисаси кўпроқ учрайди. Бинафша рангни ажрата олмаслик ҳодисаси эса камроқ учрайди. Рангларни сира айира олмаслик ҳодисаси жуда камдан-кам бўлади.
Рангларни ажрата олмаслик сабаби шуки, кўзнинг тўр пардасидаги колбачалар ишламайди ёки қисман ишлайди. Шапкўрлик ва ранг ажратолмаслик хақиқатан ҳам колбача ва таёқчалардаги нуқсонларга боғлиқ эканлиги турли ҳайвонларнинг кўриш органларини маҳсус текширишда тасдиқланади. Кундузги ёруғликда ҳаёт кечирадиган ҳайвонлар (калтакесаклар, илонлар, товук, каптарлар) кўзининг тўр пардасида фақат колбачалар бўлади, улар кечаси ҳеч нарсани кўрмайди, тунда ҳаёт кечирадиган ҳайвонлар (кўрсичқон, кўркаламуш, кирпилар, бойқушлар, кўршапалаклар) кўзининг тўр пардасида фақат таскчалар бўлади, улар кундуз куни кўрмайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |