Одамнинг меҳнатга муносабатини ифодаловчи ҳислар.
Меҳнат юксак маънавий аҳамиятга эга бўлган фаолият туридир. Бизнинг халқимиз ўз фаолиятини ижтимоий бурчини бажарилишини, ўз виждоний бурчини бажариш деб билади. Шу сабабли у ҳар қандай ишни бажаришга ўзини маънавий жавобгарлигини ҳис қилиб киришади.
Маълумки, меҳнат – шахс ва жамиятнинг моддий ва маънавий эҳтиёжларини қондириш учун зарур бўлган ижтимоий маҳсулотларни етиштиришга қаратилган фаолиятдир. Меҳнат қилиш орқали инсон онги ҳар томонлама шаклланади. Меҳнат орқали воқеликни ўзгартирилади, янгилик яратилади, ижод қилинади. Теварак-атрофдаги воқеликни ўзгартириб юборадиган меҳнат жараёнини ўзи кишиларда маънавий мамнуният, хурсандлик ҳиссини пайдо қилади. Бу ҳислар эса кишини кучига-куч, ғайратига-ғайрат баҳш этади.
Ўз бурчни англаган, ўз Ватанини, халқи учун жон куйдириб меҳнат қиладиган кишилар одатда ўз ишларини бажарганларида бирор ғаразли, худбинлик мақсадларини кўзламайдилар. Жамият фойдасига бўладиган ишларни бажараётганларида юксак маънавий ҳисларга тўлиб-тошадилар ва шу тариқа турмуш гаштини сурадилар, буни ўзлари учун бахт деб биладилар. Шу маънавий бурч ҳисси педагогик меҳнат жараёнида тағин ҳам кўпроқ хилма-хил намоён бўлади. Шу нарса яхши маълумки ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш жараёнида муаллимлар ва тарбиячилар ҳамиша маънавий масъулият, ташвиш, хурсандлик ва мамнуният ҳис қиладилар. Кўпчилик муаллимларимиз ёш авлодни ўқитиш ва тарбиялаш борасидаги ўз ишларини зўр шавқ-завқ ва мамнуният билан, ўзларининг маънавий бурчларини яхши англаб бажарадилар.
Мактабда ўқиётган ҳар бир бола ҳам, ҳар бир студент ҳам ўз маънавий бурчини ва ўзининг ижтимоий вазифасини бажараётганлигини ҳис қилиб, мамнун бўлади.
Бажарилаётган ва бажарилган маънавий бурчни англашнинг ўзи тетиклик ва хурсандлик ҳиссини, ўз кучларига ишонч ҳиссини, юксак оптимизм ҳиссини туғдиради. Кишилардаги оптимизм реал гўзал келажак учун хурсандлик ҳиссидир. Маънавий ҳис мустақил жамият кўраётган, бутун дунёда тинчлик учун кўрашчи бўлган ва бу билан юксак вазифани бажараётган фуқаронинг шон ва шараф ҳиссидир. Барча маънавий ҳислар каби, меҳнат фаолиятида намоён бўлаётган ҳислар ҳам, ирода билан чамбарчас боғланган бўлиб, кишининг маънавий хислатларини белгилаб беради.
Маънавий бурч ҳисси кишининг бошқа одамларга муносабатини ифодалайдиган бошқа эмоционал ҳисларнинг ҳам доимий таркибий қисмидир, бу муносабат инсонпарварлик ҳиссида, ўртоқлик ва дўстлик ҳиссида ифодаланади.
Уялиш ва виждон ҳисси. Аҳлоқ нормаларининг бузилиши, аҳлоқий бурчнинг, жамият олдидаги вазифаларнинг бажарилмай қолиши, берилган бирор ваъданинг устидан чиқмаслик ёки жиндак ёлғон гапириб қўйиш кишида, одатда, уялиш ҳисси ва виждон азоби сингари ҳислар туғилишига сабаб бўлади.
Кишида уялиш ҳисси пайдо бўлганида у ўзида алоҳида унғайсизлик, безовталик ва юзи шувутлик сезади. Уялиб ҳижолат тортаётгаи киши бошқа одамлар билан учрашганида (баъзан якка ўзи қолганида ҳам) унинг аҳлоқий қоидаларни бузганлигидан ҳабардор бўлган одамларнинг кўзига тикилиб қарай олмайди, қизаради.
Муайян ижтимоий муҳитда йўл қўйиб бўлмайди деб ҳисобланган ҳаракатлар ва қилиқларни қилиб қўйган кишида уялиш, ҳижолат ҳисси пайдо бўлади. Масалан, жамиятда қарор топган қоидаларни, турмушдаги одатларни бузадиган ҳатти-ҳаракатлар ва қилиқлар кишини мана шундай уялтиради.
Киши бирон ножўя ҳатти-ҳаракат ва қилиқларни қилмасдан олдин ҳам уялиши мумкин, киши бирон ножўя иш қилишга қарор берган замоноқ ва аҳлоққа хилоф қилиб қўйиши мумкинлигини ҳатто хаёлига келтирганида ҳам уялиб, қизариши мумкин. Бунда, албатта хаёлнинг катта аҳамияти бор, чунки киши ўзи қилмоқчи бўлган ҳатти-ҳаракат ва қилиқни ҳамда унинг оқибатларини, жумладан, теварак-атрофдаги кишиларнинг бу қилиқни ёмон кўз билан қараб таъна қилишларини ўз хаёлида ёрқин тасаввур қилади. Бундай болаларда уялиш ҳисси кишининг маънавий сезгирлигини кучайтириши ва уни шундай аҳлоққа хилоф ишлар қилишдан тийиши мумкин.
Одамнинг маънавий сезгирлиги виждон ҳиссида айниқса ёрқин намоён бўлади. Виждон ҳисси, виждон «азоби» уятнинг, киши ўзининг ноҳақ эканлигини англаганлигининг, ўз нияти ва қилаётган ножўя ҳаракати учун айрим кишилар олдидаги, жамият олдидаги масъулиятни англанганлигининг энг кучли кўринишидир.
Киши аҳлоқий қоидаларни бузганини бошқалар кўрмаган бўлса ҳам, бошқа кишилар шу кишининг аҳлоққа хилоф бирор ножўя ҳаракат қилгани ҳақида ҳатто шубҳаланмаган бўлса ҳам, лекин шундай ҳолларда ҳам киши виждонан сиқилиб, ҳаяжонланиб туради.
Виждон ҳиссининг барқарорлиги, узоқ давом қилиши бу ҳиснинг ўзига хос хусусиятидир.
Одатда, киши ўзининг аҳлоққа хилоф равишда қилиб қўйган ножўя ҳаракати келтирган оқибатларни тузатмагунча кўнгли сира тинчимайди.
Виждон азоби кишининг юрагида чуқур ички кураш ҳиссини туғдиради. Кишининг ёмон бир иш қилиб қўйганини, бу қилмишнинг унга муносиб эмаслигини англаши, бир томондан, «виждонини қийнайди», «виждон азобига солади», киши «афсус еб», пўшаймон қилади, иккинчи томондан, у аҳлоқ талабларига хилоф иш қилиш билан одамлардан маломатга қолишини, уларда ўзига нисбатан салбий ҳислар туғилишини ҳам англайди.
Кишининг ўз қилмишларининг аҳлоқий тамойилларга зид эмаслигини, балки ҳақ ва тўғрилигини англаши, яъни «виждони поклигини» англаши унда ўзидан хурсандлик ҳиссини туғдиради.
Киши аҳлоқий тамойиллар сиғдирадиган ҳатти-ҳаракат қилаётганида ўз иродасининг кучи билан ва шу иродани ишга солиб, ўзини аҳлоққа хилоф иш қилишдан тияди, кўнглида туғилган ёмонлик майлларини бостиради. Ана шундай ҳолларда кишининг ўзини бу тариқа тийиши виждонига ҳам «маъқул тушади», кишида виждоний «тинчланиш» ҳисси, ўз-ўзидан мамнун бўлиш ҳисси туғилади.
Кишининг бирон ёмон иш қилиб қўйиб виждон азобига тушиши ва виждон азоби кишига қандай таъсир қилишини кўрсатувчи бир мисол келтирамиз. IX синф ўқувчиси Ҳолиқназарова Фотима деган қиз «Тонг юлдузи» газетасига ўзи ҳақида қуйидагиларни ёзган: «Мен олтинчи синфда ўқиётган вақтимда алгебрадан жуда қийналдим. Назорат иш берилган вақтда битта ҳам мисолни еча олмас эдим, шу сабабли икки баҳо олмаслик учун дафтаримни ўқитувчига топширмадим.
Мен, ўқитувчи бу дафтарни ўзим йўқотиб қўйгандирман, деб ўйласа керак деган хаёлда эдим. Уйга қайтгандан кейин бу қилмишимни жуда кўп ўйладим. Бошимга оғир ўйлар келди. Дардимни бировга айта олмаслигим қилган ишимнинг аламини тағин ҳам кучайтириб юборди, чунки менинг бу ишимни ҳеч ким маъқулламаслигини билар эдим. Ўқитувчини алдаганим учун ўзимдан-ўзим уялдим ва ўқитувчига бу воқеани бошдан-охир айтиб бермагунимча бу азобдан қутулмаслигимни тушундим. Ўзимга ҳар қанча оғир бўлса ҳам, айбимга иқрор бўлдим. Ўқитувчи гарчи мен билан қаттиқ гаплашган бўлса ҳам, лекин, ҳар ҳолда, мен енгил тортдим. Кейинчалик, алгебра менинг энг севган фанларимдан бири бўлиб қолди.
Мен шу нарсани яхши тушуниб олдимки, бурч ҳисси, виждонинг нимани айтса, турмушда ҳамиша шундай қилиш керак».
Виждон – нима нарсанинг яхши ва нима нарсанинг ёмон эканлигини айтиб, баҳо бериб турадиган ички «овоздир». Шу «овознинг» мавжудлиги киши ижтимоий-аҳлоқий нормаларни ўз талаблари тариқасида, шахсий ҳатти-ҳаракат нормалари тариқасида ҳис қилаётганлигини кўрсатади. Одамда уялиш ва виждон ҳисси бўлмаслиги ёки сусайиб кетиши уни пасткаш қилиб қўяди. Шу сабабли, бирон кишига «сен виждонсиз», «уятинг ҳам йўқ», «виждонинг ҳам йўқ» деб айтиш унинг одамлик қадр-қимматини ерга уриш бўлади, бу гап унга ҳақорат бўлиб тушади.
Агар киши ўз ҳатти-ҳаракатида аҳлоқ тамойилларига амал қилмаса, агар унинг уяти ҳам, виждони ҳам йўқ бўлса, бундай киши ҳақиқатан ҳам одамгарчилиги қолмаган киши бўлади.
Do'stlaringiz bilan baham: |