Аффектлар
Тез пайдо бўладиган, ниҳоят даражада кучли, ғоят жўшқинлик билан ўтадиган қисқа муддатли эмоционал ҳолатлар аффектлар деб айтилади. Масалан, бирданига аччиқланиш, ғазабланиш, тўсатдан қўрқиш ва шу каби ҳолатлар аффектларнинг бир кўринишидир. Аффектлар кўпинча тўсатдан пайдо бўлади ва баъзан атиги бир неча минут давом қилади. Аффект ҳолатида кишининг онги, тасаввур қилиш ва фикр қилиш қобилияти тораяди, сусайиб қолади. Мана шундай кучли эмоционал қўзғалиш шиддатли ҳаракатларда, тартибсиз гапларни гапириб юборишда, кўпинча, бақириб юбориш тарзида намоён бўлади. Аффектлар вақтида одамнинг ҳаракатлари кутилмаган тарзда, «портлаш» сингари, бирданига бошланиб кетади.
Баъзан аффектлар тормозланиш ҳолати тариқасида намоён бўлади ва бундай ҳолатда организм бўшашиб, ҳаракатсиз бўлиб ва шалвирлаб қолади. Чунончи, кутилмаган бир қувончли ҳолатни кўриб суюниб кетган киши «ўзини йўқотиб қўяди» ва «нима дейишни билмай қолади». Бундай ҳолат кўпинча одам бирданига қўрққанида, тўсатдан қувонганида, бирданига ғазабланганида ва шу каби ҳолларда айниқса яққол намоён бўлади.
Аффектлар кишининг иродаси бўшашган вақтда пайдо бўлади, аффектлар одамнинг ўзини тия олмаслигини, ўзини тута билмаслигини кўрсатадиган аломатдир. Аффект – эмоционал ҳатти-ҳаракатнинг ибтидоий формасидир.
Лекин ҳар бир киши ўзи етарли даража онгли бўлганлиги учун, ўзида аффект пайдо бўлишига йўл қўймаслиги ёки аффект пайдо бўлиши биланоқ ўзини дарҳол босиб олиши мумкин. Одам аффект жуда зўр куч билан пайдо бўлган вақтда ҳам «ўзини тутиб қолиши» мумкин. Албатта, бунинг учун кишида кучли ирода бўлиши, унда ўзини тута билиш, ўзини тия билиш сингари ирода сифатлари мавжуд бўлиши керак. Одамда бу сифатлар тарбия ва ўз-ўзини тарбия қилиш йўли билан пайдо қилинади.
V. ОДАМ ҲИССИЁТЛАРИНИНГ МАЗМУНИ
Ёқимли ва ёқимсиз кечинмалар одамдаги ҳиссиётларнинг биринчи белгиси эканлиги юқорида айтиб ўтилган эди. Лекин ҳиссиётларнинг фақат шу кечинмалардангина иборат деб бўлмайди. Ҳар бир кишига маълумки, ёқимли ва ёқимсиз кечинмалар, завқланиш, ҳузур қилиш ёки завқланмаслик ҳолати турли ҳолларда кишида турлича ўтади. Одам ўзининг очлигини ёки чанқовини қондирганида ҳузур қилади, аммо шу одамнинг ўзи музика тинглаганида, дўстлари билан учрашганида, бирон маънавий завқ бағишлайдиган иш қилганида ва шу каби ҳолларда бошқача ҳузур қилади. Сувсаш одамда ёқимсиз бир ҳис туғдиради, лекин шу бирон қийин вазифани бажара олмай қолганида, унда бошқача бир ёқимсиз ҳис туғилади. Аммо айни шу одам аҳлоқ доирасига сиғмайдиган ёмон иш қилиб қўйганида ва бирор нарсадан ёки ишдан уялганида, виждон азобига тушиб қолганида эса унда бутунлай бошқача ёқимсиз ҳис туғилади ва ҳоказо. Ҳиссиётларни бир-биридан фарқ қиладиган манна шу хусусиятларнинг ҳаммаси ҳиссиётларнинг мазмунини ташкил қилади.
Ҳиссиётларнииг мазмуни, бир томондан, одамнинг эҳтиёжлари билан белгиланса, иккинчи томондан, шу ҳиссиётларнинг тузилишига сабаб бўлган фаолият ва идроклар, тасаввурлар, фикрлар билан белгиланади. Одамга аввало биологик (табиий) эҳтиёжлар хосдир, шу сабабли одамга биологик эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлган ҳислар ҳам хосдир. Очликни, чанқашни ва тўйишни ҳис қилиш, соғликни, тетикликни, чарчашни ҳис қилиш, оғриқни ҳис қилиш, шунингдек организмнинг ҳолати ва фаолияти билан боғлиқ бўлган бошқа ҳислар ҳам мана шундай эҳтиёжларга боғлиқ (ижобий ва салбий) ҳислар жумласидандир.
Одамга тарихан ривожланган юксак ёки маънавий эҳтиёжлар хос бўлганлиги сабабли, бу эҳтиёжлар билан боғлиқ бўлган юксак ҳислар– интеллектуал, маънавий, эстетик ва бошқа шу каби ҳислар ҳам унга хосдир.
Юксак ҳислар туфайли одамнинг табиий (биологик) ҳислари ҳам маънавий тус олади деса бўлади: бу ҳислар интеллектуал ва аҳлоқий ҳисларни ҳам, эстетик ҳисларни ҳам қисман ўз ичига олади, ҳатто органик, биологик эҳтиёжлар ва жараёнлар сабабли туғилган ҳиссиётларни– очлик ва тўйиш ҳисси, соғлик, касаллик ва чарчаш каби ҳисларни ҳам одам ижтимоий мавжудот сифатида, шахс сифатида кечиради.
Одамнинг бошқа органик эҳтиёжлари сингари очликни қондириши унинг маънавий ва эстетик ҳислари билан чамбарчас боғлангандир.
Одамнинг тарихий ривожланиш жараёнида унинг ҳиссиётлари ҳам ўзгараверади. Ҳузур қилиш ва ранжиш, севги, ғазаб ва нафрат, хурсандлик ва ғамгинлик сингари ҳислар ҳамма одамларга хос ҳислардир, албатта. Лекин шу ҳисларни кечинишга сабаб бўладиган нарсаларнинг ҳаммаси, шу ҳислар йўналган нарсаларнинг ҳаммаси одамнинг ижтимоий турмуши билан белгиланади. Ишлаб чиқариш усуллари ўзгараверди, одамларнинг ишлаб чиқариш муносабатлари ўзгараверди, уларнинг қарашлари, уларнинг дунёқараши ўзгараверди, эҳтиёжлар ўзгара ва ривожланаверади, шулар билан биргаликда одамларнинг ҳислари ҳам ўзгараверди.
Ижтимоий турмуш шароитида ҳиссиётларга ижобий ҳиссиётлар ва салбий ҳиссиётлар деб бериладиган баҳо ҳам ўзгарди. Энди бундаги баҳолар фақат субъектив шахсий жиҳатдан қарабгина берилмасдан, шу билан бирга объектив қийматига қараб ҳам берилади.
Одамларнинг тарихий тараққиётида улардаги ҳисларнинг айрим турлари йўқола борган ва янги ҳислар пайдо бўлган. Масалан, синфсиз жамиятга ўтиш билан кишиларда мулкпарастлик ҳислари, майда-чуйда шахсий рашк қолиб бормоқда. Одамнинг энг юксак ҳислари – интеллектуал, маънавий, эстетик ҳислари бизнинг шароитимизда ўзгарди. Ўзбек кишиларнинг ўзаро муносабатларида ўртоқлик ва дўстлик ҳислари кенг ривожланди, меҳнатга муносабат ўзгарди, чунки меҳнат эҳтиёжни қондириш воситасидан ҳаётий эҳтиёжга айланди ва меҳнатнинг ўзи хилма-хил ижобий ҳисларни туғдирувчи манба бўлиб қолди, бизда янги ҳислар – ватанпарварлик ҳисси, миллий ифтихор ҳисси, инсонпарварлик ҳисси пайдо бўлди.
Do'stlaringiz bilan baham: |