Ватанпарварликнинг ўзига хос хусусиятлари.
Ватанпарварлик ҳисси – юксак ва мураккаб ҳисдир. Бу ҳис мураккаб ва хилма-хил ҳисларнинг: маънавий, интеллектуал, эстетик ҳисларнинг синтези (бирлашмаси) дир. Бу ҳислар бир-бирига қўшилиб, битта ҳисга – Ватанга муҳаббат, ўз юртига муҳаббат ҳиссига айланади.
Ватанпарварлик - умуминсоний қадриятларга содиқликнинг асосий тамойилларидандир. Ватан - арабча сўз бўлиб ўзбек тилида «Она юрт» деган маънони англатади. Ватанга муҳаббат, юртга муҳаббат ҳар бир миллат кишисига хос бўлган муқаддас қадриятдир. Ватанпарварлик ҳар бир кишида ўз уйига, туғилиб ўсган юртига, ота-она ва опа-укаларига бўлган муносабатида акс этади. Ватанпарварлик бу умуминсоний қадриятларга хос бўлиб, у садоқат билан хизмат қилиш, унинг сарҳадларини ташқи душманлардан, терроризмдан ҳимоя қилиш, унинг мустақиллиги, тинчлиги, осойишталигини сақлашда фаол иштирок этмоқдир.
Ватанпарварлик Ватанни ҳис қилишда, Ватанга бўлган туйғусида ифодаланади. Ватан туйғусини ўзида мужассам этган кишигина жамият ва халқ манфаати, унинг бахт-саодати учун курашади. Ватанпарварлик умуминсоний қадриятларга бўлган садоқатнинг негизи сифатида ҳаётимизни фаровон, эркин қилиш йўлида, юртимиз учун, халқимиз учун, жон фидо қилишга тайёр бўлган ёшларни вояга етказишни талаб қилади.
Қадимги юнон адибларидан бири «Ватан шаънига» асарида «менинг бу гапларим ғоят эски гаплар, лекин ҳақиқат шундай ўз отасини ҳурмат қилмаган фарзанд ўзганинг отасини ҳам ҳурмат қила олмайди, ўз Ватанини севмаган киши ўзга Ватанини қадрлай олмайди» - деб ёзган эди.
Ватанпарварлик ҳисси юксак ҳисдир, у ижтимоий ҳисдир у одамларни аҳил, бир оила қилиб бирлаштиради.
Ватанпарварлик манбаалари.
Ватанпарварлик ҳисларини манбаи хилма-хилдир. Ватанпарварлик туйғуси биз туғилиб ўсган ерга, биз «турмуш лаззатини дастлаб тотиган», ўсиб унган, ўқиб камолга етган, ота-оналаримиз, ёри-биродарларимиз, қариндош-уруғларимиз, ўртоқларимиз яшаган ва ишлаб турган, халқимиз яшаб турган ерларнинг ўзиёқ, яъни, маҳалла, қишлоғимиз, ноҳия, шаҳар, вилоят, жумҳурият ватанпарварлик ҳисларининг манбаларидир.
Кишилар ўз Ватанига назар солиб, уни бепоён ерларини, бойликларини, гўзаллигини саҳоватли халқини тасаввур этганида, унда ўз Ватанига қойил қолиш ва унга меҳр-муҳаббат билан қараш ҳислари, ўз мамлакати учунфахрланиш ва унинг улуғворлигидан хурсанд бўлиш ҳислари беихтиёр пайдо бўлади.
Мамлакатимизнинг шонли ўтмиши, унинг тарихи, эркинлик ва мустақиллик учун олиб борган кураш тарихи ватанпарварлик манбаидир.
Тарихимизнинг энг яхши саҳифалари юксак ватанпарварлик қаҳрамонлари билан боғланган саҳифалардир. Бунда инсоният эътиборини айниқса ўзига тортиб мафтун қилган қаҳрамонликлар, жумладан: Александр Невский бошчилигида рус қўшинларининг 1242 йилда немис «кўппак рецарлари» устидан қозонган ғалабаси, Минин Пожарский етакчилигидаги рус лашкарларининг 1613 йилда Москвани пояк интервенциячиларидан озод қилганликлари, Петр I нинг 1709 йилда шведлар устидан қозонган ғалабаси, Европани забт этиб келган Наполеон армиясининг 1812 йилда тор-мор келтирилганлиги тарихдаги қаҳрамонлик саҳифаларидир.
Шунингдек, жаҳон маданиятига буюк ҳисса қўшганФоробий, Ибн Сино, Беруний, Улуғбекларнинг жасорати-чи? Ибн Сино жаҳон табобат илмини муваффақиятларига осонликча эришмади. У ўша замонларда дин кучли бўлгани учун касаллик сирларини яширинча ўрганди, яъни янги мурдаларни кечаси қабрдан ковлаб олиб, шам ёриғида уларни текшириб кўрди. Улуғбек эса коинот сирларини ўрганишда ҳам кучли қаршиликларга дуч келди. Ёки А.Навоий, Низомий, Умар Ҳайём, Бобур, Фурқатлар ҳам буюк қаҳрамонлик эвазига оргинал мазмун ва шаклга эга бўлган асарларни мерос қолдирдилар. Бу тарихдаги қаҳрамонлик, ватанпарварлик учун манба ролини ўйнайди.
Ватанпарварликнинг энг муҳим белгиларидан бири қатъийликдир. Бу инсон ҳулқидаги ўз қарашларини онгли ва изчил ҳимоя қилишдир. У инсонни ўткинчи нарсаларга, тасодифий таъсирларга, салбий хислатларга, қайсарликка берилмасликда, балки ўзининг эътиқодига қатъий амал қилишда намоён бўлади. Қатъийлик, мардлик ва ростгўйликка жуда яқин туради. Фақат ўз ишининг ҳақлигига ишонган кишигина қатъиятлидир ва у ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлигича қолади, пасткашлик, разиллик қилмайди, сотқинликка юз тутмайди.
А.Навоийнинг фикрича, киши қатъиятли бўлиши ҳамда мақсадга эришиш имконияти олдида иккиланмаслиги, ҳақиқат учун хормай курашиши ва уни дадил излаши лозим. Навоийнинг бош қаҳрамонларидан бири Фарҳод худди мана шундай аҳлоқий фазилатлар соҳиби эди. У фақатгина доно киши сифатидагина донг таратиб қолмасдан, балки енгиб бўлмас паҳлавон бўлиб, қатъий характерга эга эди ва у ҳақиқат учун сабот-матонат билан курашади. Ҳисрав билан Фарҳод ўртасида бўлиб ўтган савол-жавобни эслаш кифоядир. Фарҳод Ҳисравнинг асири бўла туриб, ўзининг иззат-нафсини мардонавор ҳимоя қилибгина қолмай, балки подшоҳнинг аҳлоқий қашшоқлигини дадиллик билан фош этди. Инсонни кўп жафоларга дучор қилувчи, унинг камолотига тўсқинлик қиладиган салбий хислатлар кишиларда ватанпарварлик ҳисларини шаклланишга салбий таъсир қилади.
Одамларимиздаги юксак маънавий хислатлар ватанпарварликнинг манбаидир.
Мамлакатимизда мустақиллик учун кураш бизнинг энг яқин истиқболимиздир. Шу идеалларни тасаввур қилиш ва ҳар биримиз мана шу бурилишнинг қатнашчиси эканлигимизни англаш зўр хурсандлик ҳисларини туғдиради.
Ватанпарварликдаги фаоллик унинг энг муҳим хусусиятидир. Ватанпарварлик пассив ва ишда кўрилмайдиган ҳис эмас, балки бу ҳис амалда синалади.
Баъзи бир кишилар Ватанимиз равнақи йўлида учрайдиган қийинчиликлар ва камчиликлар ҳақида гап борганда ўзларини билимдон қилиб кўрсатиб «буни бундай қилиш керак, уни бу йўл билан эмас, балки бу йўл билан ҳал қилиш лозим, бундай қилса бўлмайди» - деб турли йўлларни кўрсатадилар-у, аммо ўзлари уни сидқи дилдан бажаришга киришмайдилар, бу ишлардан ўзларини доимо четга тортиб юрадилар. Гўё улар билимдону, улкан юмушларни бажаришга киришган шахслар, фаол ҳаракат қилаётган кишилар билимсиз, уқувсиздек бўлиб қолади. Йўқ, бундай изтиробдан сира фойда йўқ. Ҳамма Ватан истиқболи йўлида қўлдан келганича ҳаракат қилмоғи керак.
Ватанпарварлик фаолияти жаҳон уруши йилларида кишиларнинг давлат манфаатларини ва номусини ҳар қандай шароитда, ҳар маҳал ҳаттоки ўз жонларини ҳам аямай ҳимоя қилишга тайёр бўлиб туришларида ифодаланади. Бу хусусият жангчиларимизнинг Ватан бахти-саодати йўлида, инсон шуҳрати йўлида, унинг куч-қувватини мустаҳкамлаш йўлида қилаётган фидокорона меҳнатлари йўлида ифодаланади. Бу ҳусусият кишиларнинг мустақиллик режаларини оммавий ғайрат ва завқ билан бажарганликларида намоён бўлади.
Халқларимиз ватанпарварлиги ҳисси қудратли, ҳаётбаҳш кучга эгадир. Бу ҳис кишиларга ҳамма қийинчиликларни ва тўсиқларни ўз йўлларидан олиб ташлаб, муттасил олға бориш учун куч ва ғайрат бағишлайди. Ватанпарварликдаги фаоллик кишиларнинг маънавий жиҳатдан бойитади ва олийжаноб туйғуларга тўлдиради, ундаги бутун ижодий кучларни сафарбар қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |