ҲИСЛАРНИНГ ИНДИВИДУАЛ ХУСУСИЯТЛАРИ.
Эмоционал кечинмалар ва ҳолатларнинг ҳамма турлари ҳар бир кишига хосдир. Лекин айни вақтда ҳар бир кишининг эмоционал ҳаёти ўзига хос хусусиятга эга.
Аввало турли кишиларда ҳиссиётлар ўзининг тезлиги, кучли бўлиши ва барқарорлиги жиҳатидан бир хилда ўтмайди. шундай одамлар борки, уларда ҳислар секинлик билан туғилади, ўртача куч билан ўтади ва барқарор бўлади. Булар «бир маромдаги», «осойишта одамлар». Шундай одамлар борки, уларда ҳислар тез пайдо бўлади, кучли равишда ўтади ва барқарор бўлмайди. Булар «серҳаракат», «қизғин», «жиззаки» одамлардир. Баъзи одамларда фақат бирор фавқулодда воқеалар натижасидагина, очиқ ифодаланган ҳислар туғилиши аксинча, баъзи одамларда арзимаган бир нарса кучли эмоциялар вужудга келтириши мумкин. Бундай кишиларда шок ва аффектлар ҳолати тез пайдо бўлади.
Эмоционал жиҳатдан одамлар яна шу нарса билан фарқ қиладиларки, улар мазмуни турлича бўлган ҳар хил ҳиссиётларга бир хилда берилавермайдилар. Органик эмоцияларга кўпроқ бериладиган одамлар ҳам бўлади. Бундай одамларнинг ҳаётида овқатланиш билан, ўзларининг сиҳат-саломатликлари, дам олишлари ва шу кабилар билан боғланган ва кечинмалар энг кўп ўринни олади. Улар ўз хислатларини қондириб, ҳузур қилишни ҳаётнинг завқи деб биладилар. Шундай кишилар борки, уларнинг ҳаётида интеллектуал (ақлий) ҳиссиётлар энг кўп ўринни олади. Улар ҳаёт завқини тадқиқотлар билан шуғулланишдан, янгиликни билишдан, илм-фан билан шуғулланишдан иборат деб биладилар ва шундай ишлар билан шуғулланиб ҳузур қиладилар. Шундай кишилар борки, уларнинг ҳаётида ижтимоий, эстетик эмоциялар, ўзларини сақлашга интилиш, ўзларига баҳо бериш ҳислари биринчи ўринда туради.
Одамлар эмоционал жиҳатдан яна шу билан ҳам фарқ қиладиларки, баъзи бир кишилар ижобий эмоцияларга – хурсандликка, ўйин-кулгига кўпроқ мойил бўладилар, оқ кўнгил бўладилар, баъзи кишилар салбий эмоцияларга ғазабланиш, қўрқиш, ваҳима, маъюслик, ғамгинлик ҳисларига кўпроқ мойил бўладилар.
Ҳар бир кишида ўзига хос у ёки бу хил кайфият бўлади. Биз одамларни қувноқ кайфиятли кишилар деб, ғамгин кишилар деб, жаҳлдор кишилар деб ёки маъюс кишилар деб фарқ қиламиз ва ҳоказо.
Эмоциялар соҳасидаги мана шу индивидуал хусусиятларнинг ҳаммаси қисман органик сабабларга (асосан, нерв системасинннг ҳолати ва фаолиятидаги хусусиятларга) боғлиқ бўлади, лекин кўп жиҳатдан одам яшаб, ўсаётган муҳитга ва қай ҳолда тарбияланганлигига боғлиқ бўлади. Кишиларимиз қувноқ меҳнат шароитида яшайдилар.
Шунинг учун ҳам қувноқликка, руҳланишга, улфатчиликка, ўртоқчиликка, дўстликка ҳамда бошқа юксак ижтимоий ва маънавий эмоцияларга мойиллик вужудга келади. Мамлакатимизнинг ҳаёти ва ижтимоий меҳнатда актив қатнашиш, Ватанга чексиз меҳр, Ватанни душманлардан ҳимоя қилишда фидокорлик ҳисларини вужудга келтирди.
Эмоциялар ва ҳиссиётлар соҳасидаги мана шу индивидуал хусусиятларнинг ҳаммаси одам мижозининг, характерининг белгиларидир ва одамнинг нималарга қизиқаётганлигини кўрсатувчи белгилардир.
Do'stlaringiz bilan baham: |