РИМ КЛУБИ – халқаро нодавлат футурологик ташкилот номи. 1968 й.да йирик бизнесмен ва инсонпарвар, "Оливетти" ширкатининг вице–президенти Аурелли Печчеи томонидан ташкил этилган. Бу ташкилотнинг туғилишини 60–й.ларда бошланган инсониятнинг учинчи минг й.лик бўсағасидаги истиқболларига бағишланган футурологик шовқин–сурон билан боғлаш мумкин. Бу соҳадаги дастлабки изланишларга асос солган, системали динамика услуби негизида жаҳон ривожланиш моделини ишлаб чиққан олим Д. Форрестердир.
У Форрестернинг услуби асосида унинг ёрдамчиси Д.Медоуз бир гуруҳ тадқиқотчилар билан жаҳон ривожланиш моделининг такомиллашган вариантини ишлаб чиқади. Умумбашарий ривожланиш жараёни имитациявий ҳисобланиши натижалари Рим клуби маърузасида келтирилган ва "Ривожланиш чегаралари"("The limit growth"), деб номланган унга оид китоб нашр этилган. Китобнинг асосий хулосаси шундан иборатки, жаҳон ривожланишининг қандай тарзда юз беришидан қатъий назар, хом ашё, озиқ–овқат танқислигидан, ерларнинг қувватсизланишидан, атроф–муҳитнинг ифлосланишидан инсоният тараққиёти имкониятлари чегараланиб бораверади. Рим клубининг бундай хулосаси жамоатчилик орасида катта баҳс бўлишига сабаб бўлди. Форрестер ва Медоузнинг бундай пессимистик хулосасига Рим клубининг иккинчи маърузаси сифатида эълон қилинган, М.Месарович ва Э. Пестелнинг "Инсоният танлов олдидан" ("Manking of the turning point"), деб номланган лойиҳасида қаттиқ эътироз билдирилди ҳамда бунга оид янги парадигма таклиф этилди: органик ўсиш ва ривожланиш ғояси таклиф этилди. Бу парадигмани таклиф қилган муаллифлар ўзлари ишлаб чиққан андазалар системаини қўллаш имкониятларини ривожланиш стратегияси танлаш мисолида кўрсатишга ҳаракат қилиб кўрдилар. Бу ҳ. замоннинг асосий муаммосини ҳал қилишга, яъни ривожланган ва ривожланиб келаётган мамлакатлар ўртасидаги, чуқурлашиб бораётган жарликнинг олдини олиш имконини беради.
Олимларнинг кейинги вақтда олиб борган тадқиқотлари эволюцияси дунё ривожланишидаги номатлуб майлларни бартараф этиш йўлларини излашга бағишланди. Булар голланд иқтисодчиси, Нобель мукофоти соҳиби Я.Тинбергеннинг "Халқаро тартибни қайта кўриб чиқиш", ("Reshaping the international order") инг. физиги, Нобель мукофоти соҳиби Д. Габорнинг "Исрофгарчилик асрининг чегараси ортида" ("Begond the age of wast") маърузаларида ўз аксини топди. Бу маърузаларда "бой" ва "камбағал" давлатлар ўртасида халқаро ислоҳотларни, янги иқтисодий ва сиёсий муносабатларни яратиш зарур эканлиги илгари сурилди.
Кейинги й.ларда Рим клубининг маърузалари, асосан муқобил лойиҳаларга қаратилган бўлиб, улар ривожланиш муаммоларига ва ривожланиб келаётган мамлакатлар келажагига бағишланди.
Булар: 1973 й.да Рим клубининг Я.Кайа раҳбарлигида, япон гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган "Ривожланишга янгича назар" лойиҳаси; 1974 й.да ишлаб чиқилган умумбашарий мувозанатнинг лотинамерикача андазаси ёки "Барилоче андазаси" ва б..
Олимларнинг 80–й.лардаги тадқиқотлари, жумладан, Халқаро бошқарув институтининг директори Б.Гаврилишининг "Келажакка олиб борувчи йўллар" ("Road map the future") номли маърузаси Рим клуби фаолиятининг янги босқичини бошлаб берди. Бу босқич сиёсий реалликни таҳлил қилишга, мавжуд ижтимоий–сиёсий институтларнинг ўзаро муносабатларини ва уларнинг инсоният ривожланишидаги ўрнини ўрганиш билан боғлиқ. Нобель мукофотининг лауреати Ф. Перунинг "Ривожланишининг янги концепцияси" ("New concept of development"), деб номланган маърузасида, иқтисодга нисбатан ривожланиш ҳақидаги ўзига хос тасаввурларни исботлашга уринишларини кўришимиз мумкин.
Йигирма беш й. ичида Рим клубининг ташаббуси билан ўн саккизта маъруза тайёрланди. Шуни айтиб ўтиш лозимки, тадқиқотлар мавзуси жаҳонда бўлаётган ўзгаришларни ҳисобга олган ҳолда, доимо кенгайиб ва янгиланиб бормоқда. Лекин, худди илгаригига ўхшаб, клуб фаолиятининг асосий йўналишлари – янги инсонпарварлик тафаккурини шакллантириш, умумбашарий системани янгича идрок этиш, бу идрокни бутун дунё халқларига ёйиш, умуминсоний муаммоларни ҳал қилишда, халқаро ҳамкорлик соҳасидаги янги ташаббусларни қўллаб–қувватлаш ҳозир ҳам ўз долзарблигини йўқотмади.
Рим клубининг 1994–1997 фаолият дастури қуйидагиларни кўзда тутган:
– бошқарув ва б.риш қобилияти;
– халқаро кооперациянинг ривожланиши;
– XXI асрда таълим;
– инсоният бандлиги истиқболлари;
– миллий даромаднинг доимий даражаси.
Ҳозирги кунда Рим клуби фаолияти янги парадигмал изланишлар асосида умумбашарий муаммоларни ҳал қилишга янгича ёндашишмоқда.
Do'stlaringiz bilan baham: |