ТУРСУНМУХАМЕДОВ САТТОР ПАЗИЛҲАКОВИЧ – Чимкент вилоятининг Туркистон шаҳрида 1929 й.нинг 11 январида туғилган.
1952 й.да Ўрта Осиё давлат университетининг юридик ф-т.ини тамомлаган. 1960 й.и д-р.лик диссертациясини ёқлаган. Фалсафа фанлари д-р.и. ЎзР ФА академиги, проф..
Меҳнат фаолиятини 1944 й.дан бошлаган. Колхозчи, фабрика ишчиси (1944-1946), Тошкент иқтисодиёт университетининг аспиранти(1952-1955), мазкур университет кафедраси ассистенти, катта ўқитувчиси, доценти, кафедра мудири (1955-1965), Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институти ректори (1979-1983), ТошДУ қошидаги Олий педагогика институти директори, мазкур институт фалсафа кафедраси мудири, ижтимоий-сиёсий муносабатлар кафедрасининг мудири бўлиб ишлаб келди.
Ижтимоий фалсафа, социология, сиёсатшунослик йўналишларида и.т. ишлари олиб борди. Мазкур соҳаларга оид 130 дан зиёд ишлар муаллифи.
ХI Халқаро сиёсий фанлар ассоциацияси Жаҳон конгрессининг иштрокчиси, Бутуниттифоқ ва республика илмий анжуманларида қатнашган.
Саноат ва қишлоқ хўжалиги меҳнати, ижтимоий гуруҳлар, табақалар, мулкдорлар синфининг шаклланиши, жамиятнинг ижтимоий таркиби муаммолари талқини билан яқиндан қизиқади.
6 та д-р.лик (А.Эшмуҳамедов, У.Тоштемиров, В.М.Кандинов, И.Муртазақулов, С.Саидқосимов, К.Раҳмонов) ва кўплаб номзодлик диссертация ишларига илмий маслаҳатчилик ва раҳбарлик қилган.
3 та монография ва ўнлаб рисолалар муаллифи ҳамда бир қанча жамоавий монографиялар ҳаммуаллифи.
Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатияси университети сиёсатшунослик кафедрасининг проф.и. «Шавкатли меҳнати учун» медали, «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби» каби фахрий унвонлар билан тақдирланган.
ТУҒМА ҒОЯЛАР – фалсафада алоҳида концепция шаклида мавжуд бўлиб, унинг моҳиятини тажрибага қадар ғояларнинг мавжуд бўлиши, улар борлиқ ва билишнинг универсал тамойиллари эканлиги ҳақидаги тасаввурлар ташкил этади. Мазкур концепция турли хил кўринишларда мавжуд. Хусусан, Платон фикрича, туғма ғоялар, билимлар инсон онгида тайёр ҳолда унинг билиш фаолиятини амалга оширилишига қадар мавжуд, лекин у турли хил тўсиқлар таъсирида ҳамма вақт ҳам уларни тўғри англаш имконига эга бўлавермаймиз. Декарт концепциясига мувофиқ, туғма ғоялар субъектда потенциал ҳолда мавжуд бўлиб, улар фақат баъзи бир ташқи шарт-шароитлар таъсиридагина реаллашиши, яъни билимлар ҳосил қилишга олиб келиши мумкин. Т.ғ.лар субъект онгига тегишли ҳодиса сифатида, талқин қилинганлиги учун мазкур концепцияларда объектив борлиқни билиш масаласини тушунтиришда муҳим аҳамият касб этади. Бу масала бўйича баъзилар инсон туғилгунга қадар унинг “жони” мавжуд нарсаларни мушоҳада қилиш имконига эга бўлган деса, бошқалар т.ғ.ларни билиш, объектларнинг реаллигини кўрсатувчи мезонларга эга яъни т.ғ.ларнинг ўзлари билиш объектларини яратадилар, деган фикрларни илгари сурадилар.
Фалсафада т.ғ.лар концепциясига яқин турган турли хил таълимотлар мавжуд, уларни бир-биридан фарқлаш зарур. Мас., Кант априоризми т.ғ. концепциясидан фарқ қилади: унда билимларнинг мазмуни эмас, фақат шакли тажрибага қадар мавжуд, деб таъкидланади.
Т.ғ. концепциясини ҳозирги пайтда америкалик лингвист И.Комский қайта тиклашга уринмоқда. Унинг фикрича, нутқда бевосита намоён бўлмайдиган универсал тил унсурлари мавжуд бўлиб, улар т.ғ. лар ҳақидаги тасаввурларнинг тўғрилигини тасдиқлайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |