ТОЛЕРАНТЛИК (лот. tolerantia – чидам, сабр-тоқат) – ўзгаларнинг турмуш тарзи, хулқ-атвори, одатлари, ҳис-туйғулари, фикр-мулоҳазалари, ғоялари ва эътиқодларига нисбатан чидамлилик, бағрикенглик.
Бу бир-бирига ўхшамаган одамларнинг бирга аҳилликда яшашга интилишидир. Бирор-бир инсонда ёки бирор-бир бегона маданиятда бизга нимадир ёқмаслиги мумкин, бироқ улар ўзгаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига зиён етказмаса, жорий қонунларни бузмаса, уларнинг мавжудлиги ва ривожланишини тан олишимиз керак. Яъни, т. – бу ўзгаларнинг фикри, қарашлари ва ҳатти-ҳаракатига пассив, табиий равишда бўйсунишни англатмайди. Балки, алоҳида одамлар, турли гуруҳлар, халқлар, ижтимоий гуруҳлар ўртасида бир-бирини тушуниш, ижобий ҳамкорлик йўлидаги фаол ахлоқий позиция ва психологик ҳозирликни англатади.
Ҳозирги глобаллашув жараёнида т. энг муҳим умуминсоний қадриятлардан бири сифатида танилганлигини 1995 й.да ЮНЕСКОнинг Бош Конференцияси томонидан қабул қилинган «Толерантлик тамойиллари декларацияси» яққол кўрсатади. «Толерантлик – бу тинчликка эришиш имконининг мавжудлигини англатади ҳамда уруш маданиятсизлигидан тинчлик маданияти сари етаклайди», дей.ади ушбу декларациясида.
Т. – бу хилма-хилликдаги уйғунликдир. Бу жаҳон маданиятининг хилма-хиллиги, ўзлигимизни намоён қилиш шакллари ва инсоний фазилатларни ифодалаш усулларига ҳурмат ва уни қабул қилишдир. Шу билан бирга, толерантлик дунёқараш сифатида зўравонлик кўриниши бўлган экстремизга қарама-қаршидир.
Бошқа жаҳон халқлари қатори ўзбек халқининг юксак маънавияти ўта вазминлик, сабр-тоқатлилик, инсонпарварлик фазилатлари билан ўзига хос тарзда намоён бўлади. Халқимиз толерантлиги Ўзбекистонда миллий ҳамжиҳатлик руҳини таркиб топтирди. Турли миллат вакиллари Ўзбекистонни ўз ватани деб ҳис эта бошлаб, миллий маданияти, санъати, диний муносабатлари ва эътиқодини намойиш этишда кенг имкониятларга эга бўлдилар. Ўзбекистонда иш юритаётган 100 дан ортиқ миллий-маданий марказлар ва уларнинг фаолиятлари ана шундан далолат беради.
ТУЛЕНОВ ЖОНДОР (1928-2002). 1950 й.да Олмаота давлат юридик институтини тамомлаган. 1951-1953 й.ларда Москва Фалсафа институти аспирантурасида фалсафа ихтисослиги бўйича таҳсил олган. 1953 й.и Москвада номзодлик, 1962 й.и Ленинградда «Фалсафада қонун категорияси» мавзуида д-р.лик диссертацияларини ёқлаган. Фалсафа фанлари д-р.и, 2000 й.дан Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг академиги, проф..
Меҳнат фаолиятини 1954 й.дан бошлаган. 1954-1958 й.ларда Олмаота Олий партия мактабида фалсафа кафедрасининг доценти , 1958-1961 й.ларда Қозоқ давлат тиббиёт институти фалсафа кафедрасининг мудири, 1961-1971 й.ларда Қозоқ давлат университети фалсафа кафедрасининг мудири лавозимларида ишлаб келган.1971-1972 й.ларда Тошкент давлат университети қошидаги ижтимоий фанлар ўқитувчилари малакасини ошириш институти фалсафа кафедрасининг проф.и. 1972 й.дан эътиборан Тошкент давлат педагогика институти фалсафа кафедрасининг мудири, мазкур кафедранинг проф.и лавозимларида ишлаб келди.
Диалектика ва билиш назарияси, ижтимоий фалсафа йўналишларида и.т. ишларини олиб борди. Мазкур соҳаларга оид 350 дан зиёд чоп этилган ишлар муаллифи.
Илмий тафаккур услуби, илмий бошқариш, истиқлол мафкураси, мустақилликнинг фалсафий жиҳатлари, мустақиллик ва маънавият, қадриятлар, миллий ва умуминсоний қадриятлар муштараклиги каби долзарб муаммоларнинг ечими устида ишлайди.
Бухарест (1971), Зальцбург (1983), Москва (1987) каби ш.ларда ўтказилган IV, VII, VIII мантиқ, методология ва фалсафа конгресслари, бошқа бир қанча халқаро симпозиум ва илмий анжуманларнинг иштирокчиси. Олимнинг ташаббуси билан диалектика ва билиш назарияси бўйича 3 та Бутуниттифоқ илмий анжуманлари ўтказилган.
15 та д-р.лик ва 100 дан зиёд номзодлик диссертация ишларининг илмий маслаҳатчиси ва раҳбари.
«Қонун фалсафий категория сифатида» (Олмаота, 1959), «Диалектиканинг қонун ва категориялари системаси» (Т., 1974), «Диалектика ва илмий билиш» (Т., 1977), «Диалектика ва тафаккур услуби» (Т., 1979), «Диалектика ва ҳ. замон» (Т., 1988) каби монографияларнинг муаллифи. Шунингдек, «Истиқлол ва тараққиёт мафкураси» (Т., 1993), «Замон ва ёшлар» (Т., 1978), «Илмий билиш диалектикаси ва мантиқи муаммолари» (Т., 1984) каби жамоавий монографияларнинг ҳаммуаллифи.
Олим ЎзР ФА иқтисод, фалсафа ва хуқуқ бўлими бюросининг аъзоси, Ўзбекистон Республикаси фан ва техника Давлат қўмитаси муаммолар Кенгашининг аъзоси, Ўзбекистон ижтимоий фалсафа ва миллий маданиятни тиклаш жамоатчилик бирлашмаси Марказининг директори. Хизматлари «Меҳнат Қизил Байроқ» ордени, «Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби», Беруний номидаги Давлат мукофоти лауреати унвонлари, қатор фахрий ёрлиқлар билан тақдирланган. Олим ҳақида «Фалсафа энциклопедияси» (М., 1970, 5-т, рус тилида, «Ўзбекистонда ижтимоий фанлар» (1988 й. №1), «Совет мактаби» (Т., 1988 й. №2) каби энциклопедия ва журналларда мақолалар чоп этилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |