ФАТАЛИЗМ (лот. fatatis – тадирга оид) – бутун олам, жумладан инсоннинг ҳаёти олий ирода томонидан толе, тақдир сифатида азалдан белгилаб қўй.ганлиги тўғрисидаги таълимот.
ФЕЙЕРБАХ ЛЮДВИГ (1804–1872) – немис классик фалсафасининг йирик намояндаси. У Баварияда таниқли немис ҳуқуқшуноси Ансельм Фейербах оиласида таваллуд топган. Бу оилада машҳур математик, ҳуқуқшунос ва археолог олимлар етишиб чиққанлиги маълум. Лекин, Генриетта Файербахнинг таъбирича, бу оила аъзолари фавқулодда истеъдодли, аммо ёппасига бахтсиз кишилар бўлишган. Ф. 1823 й.да Гейдельберг университетининг илоҳиёт ф-т.ига ўқишга кирди, лекин уни 1824 й.да тарк этиб, 1827–1828 й.ларда Берлин университетида Гегелнинг фалсафа бўйича маърузаларини тинглай бошлайди. Орадан кўп ўтмасдан 1928 й.дан Ф. Эрлинген университетида ўқитувчилик фаолиятини бошлади. 1830 й.да чоп этилган «Ўлим ва мангулик ҳақида фикрлар» номли асари туфайли, у мазкур университетдан қувғин қилинди. Ф. умрининг охирига қадар Тюрингиядаги қишлоқлардан бирида яшади.
Ф.нинг асосий асарлари: «Гегель фалсафасининг танқидига доир», «Христианликнинг моҳияти», «Келажак фалсафасининг асослари», «Фалсафа ислоҳига доир тезислар».
Ф. ўзининг фалсафий таълимотини материалистик таълимот сифатида талқин этилишини хуш кўрмаган, уни антропологик фалсафа, деб атаган. Унга кўра, тана ва руҳ дуализми рад этилади, руҳий ва моддий, психологик ва физиологик жараёнларнинг ўзаро бирлигини эътироф этиш мақсадга мувофиқдир. Борлиқ, табиат, материя, воқелик мазмун жиҳатидан бир хил тушунчалардир. Табиат ҳодисалари хилма-хилдир, улар умумий негиз тамойилига бўйсунмайди. Табиат абадийдир, пайдо бўлиш эса айрим ҳодисаларга хосдир.
Ф.нинг билиш назарияси субъект ва объект, инсон ва табиат, инсон ва инсон ўзаро бирлиги тўғрисидаги тамойил асосига таянади. Воқелик билиш объектидир. Билишнинг субъекти мавҳум ақл эмас, балки инсон саналади. Инсондаги мавжуд сезги аъзолари оламни тўлалигича инъикос этишга етарлидир. Табиат уларнинг миқдорини кўпроқ ёки озроқ қилиб яратмаган. Бордики уларнинг сони кўпроқ бўлган тақдирда жараёнлар моҳиятини ҳ.дан зиёдроқ очиб берар эдик, деган фикрга бориш хатодир.
Ф.нинг фикрига кўра инсон ахлоқ-одоб бобида ҳиссиёт талабларига ҳамоҳанг тарзда ҳаракат қилади. Ҳиссиёт шакллари хилма-хил бўлиб, улар ҳаётга муҳаббат, бахт-саодатга интилиш, манфаат, эгоизм, инсон ҳиссий табиатини қондиришга бўлган эҳтиёж, муайян ноз-неъматлардан лаззатланишдан иборатдир. Инсоннинг ўз табиий манфаатдорлигига кўра бахт-саодатга интилиши зарурий ҳаракатдир. Унга эришиш эркинлик орқали рўёбга чиқади. Мас., қуш ҳавода, балиқ сувда, инсон эса у унинг бахт-саодатга эришишига монелик қила олмайдиган шароитдагина эркиндир.
Ф. ўзининг инсонпарварликка асосланган ижтимоий қарашларини ахлоқий тамойиллар кўмагида ишлаб чиқишга уринади. Унинг фикрича ҳар бир инсоннинг одилона, тўғри уқиб олган манфаати жамият манфаатига мос тушади. Бу борада эгоизм, саҳоват ва мурувват тушунчалари муҳим аҳамият касб этади. Эгоизм – айрим шахснинг молу мулкка қул бўлиши эмас, балки у инсоний эҳтиёжларнинг намоён бўлиши. Адолатли жамиятда эҳтиёжлар рақобати, саҳоват ва мурувват орқали ҳал этилади. Ф. таъбирича, эгоизмни тан олмаган инсон – калласиз инсон, мурувватдан йироқ инсон эса қалбсиз инсондир. Ҳар бир инсон ўз ҳолича бахтли бўла олмайди, унинг бахти бошқаларнинг бахтиёрлиги билан чамбарчас боғлиқдир.
Ф.нинг антропологик фалсафаси немис классик фалсафасини ниҳоясига етказди. Унда кўрилган муаммолар ва уларнинг ечими Ф.гача бўлган кўпгина фалсафий қарашлардан, жумладан Гегель ва марксизм фалсафасидан қатор жиҳатлари билан фарқ қилади. Унинг асарларида ғоят сермазмун ғоялар билан ёнма-ён, чуқур таҳлил талаб фикр-мулоҳазалар ҳам ўрин олган.
Do'stlaringiz bilan baham: |