ФАНШУНОСЛИК – фанни вужудга келиши ва тараққиёт қонуниятлари, структураси ва динамикаси, унинг бошқа ижтимоий омиллар ва жамиятнинг моддий ҳамда маънавий ҳаёт соҳаси билан боғлиқ ҳолда ўрганувчи йўналиш.
Ф.нинг айрим унсурлари (фанлар классификацияси ва илмий ижод масалалари) қадимдан фалсафа ва хусусий фанлар томонидан ўрганилди. Аристотелнинг ўз асарлари номини «Физика», «Метафизика», «Аналитика», деб қўйиши фан классификацияси соҳасидаги дастлабки ғоялардандир. Ал-Хоразмий илмий ижод кашфиётининг вазифасини илмдаги қийинчиликни енгиллаштириш, хатоларни тўғрилаб кетишдан иборат, деб билган. Форобий ва Ибн Сино фанлар классификацияси тўғрисида қизиқарли фикрлар айтишган. Берунийнинг илмий тадқиқот методлари, жумладан тарихий ахборотлар ҳақидаги мулоҳазалари, Маҳмуд Кошғарийнинг фан асосларини мужассамлаштирувчи «Девони луғатит турк» асари катта аҳамиятга эга, Абдуллоҳ ал-Хоразмий фанлар таснифини берган.
И.Ньютоннинг XVII асрда яратган «Табиий фалсафанинг математик принциплари» асари фаннинг ички мантиқига ижобий таъсир кўрсатди. XVIII а.да Ж.Л.Лагранж, Л.Эйлернинг фан асосларига янгича муносабатлари, XIX асрда Г.Гельмгольц, Т.Гексли, Н.И.Лобачевскийларнинг ўзларидан аввал ўтган олимларнинг фаолияти ҳақидаги илмий фикрлари ф.нинг айрим масалаларини ёритди.
ХХ асрнинг I-яримида ф.нинг баъзи соҳалари, чунончи фаннинг ривожланиши дастурини яратиш, илмий фаолиятнинг ижтимоий ва психологик томонларини ўрганиш ривожланди.
АҚШ, Англия, Франция ва б. мамлакатларда ф. тадқиқотнинг мустақил йўналиши сифатида шаклланди.
Ф. предмети ва вазифаларини ифодаловчи тушунчалар ҳамда ф. муаммоларини ўрганувчи илмий жамоалар вужудга келади. Ф.нинг фан экономикаси, фан психологияси, фан социологияси каби тармоқлари ривожланди. Тадқиқотларнинг аналитик ва меъёрий йўналишлари пайдо бўлди. Фан тараққиётининг ички қонуниятлари, билимлар системаининг генезиси, фан тармоқларининг тузилишини ўрганиш таҳлилий йўналишнинг мақсадини ташкил қилади. Фаннинг таҳлилий ўрганиш натижаларига ф.нинг меъёрий тадқиқотлари асосланади. Ф.нинг тадқиқот методи фан тармоқларининг барча методларидан иборатдир.
Айниқса, тарихий ўзгарувчан система бўлган фанни ифодаловчи ҳар хил компонентларнинг ўзаро таъсири муносабати система назариясини қўллаш имконини бермоқда.
Йирик комплекс тадқиқот бирлашмалари ва марказлари ташкил топмоқда. Космос, жаҳон океани, экология муаммолари ахборот хизматини кенг миқёсда такомиллаштиришни, кадрларни тайёрлаш ва улар орасидаги муносабатларни комплекс тадқиқот талабларига жавоб бера олиш асосида, социологик ва психологик жиҳатдан ўрганиш масаласини қўймоқда. Фан объектларининг глобал хусусияти халқаро илмий муносабатларни ўрганиш ва ривожлантириш лозимлигини тақозо қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |