ПРОГРЕСС (лотин. Progressus – олға қараб ҳаркатланиш, муваффақият) фанда тараққиётнинг йўналтирилган илгариланма шакли ҳамда бунда қуйидан юқорига, номукаммалликдан мукаммалликка ўтиш.
П. турли системаларга яхлит равишда ҳамда унинг қисмлари ва унсурларига айрим равишда хос бўлади. П. тушунчасига регресс кескин қарама–қарши туради ва кейингиси биринчисининг акси ўлароқ, илгариланиш ҳаракатининг барҳам топишини ифодалайди.
П. типологиясига бағишланган ишларда илм–фан ютуқларига асосланиб, табиатда энг кўп учрайдиган прогрессив ўзгаришларни таснифлашга ҳаракат қилинади. Шунга биноан прогресс хилларининг ўзаро боғлиқлигининг икки хил таснифи мавжуд. Бири материя ташкил этилишининг тобора юқорироқ даражасини вужудга келишига асосланган бўлса, иккинчиси шу даража доирасида моддий система ташкил этилишининг ортишига асосланади. Биринчиси даражалараро кенг миқёслироқ тасниф бўлса, иккинчиси эса даража ичига оид формациявий таснифдир. Биринчисининг мазмуни иккинчисига оид хусусий ҳоллар — материянинг ядровий, атомий, химиявий, планетар, геологик, биологик ва ижтимоий ташкил этилишининг амалга ошишидан ҳосил бўлади.
П. (ёки регресс) мезонларини аниқлаш масаласида фалсафа тарихида якдиллик бўлмаган ва у ҳозир ҳам йўқ. Мас., қадимги юнон файласуфлари –– Гесиод, Сенека нуқтаи назаридан тарих ҳолатларининг прогрессив, бошқа юнон файласуфлари Платон, Аристотель ғояларида эса, улар цикллар даврий алмашинуви тарзида намоён бўлса, Ф.Бэкон, Р.Декарт, А. Трюго, Ж. Кандорсе каби маърифатпарварлар жамиятдаги ўзгаришлар, умуман олганда доим олға қараб амалга оширилган, прогрессив ўзгаришлар тарзида содир бўлади. Юқоридагилар билан деярли айни бир вақтда яшаган италиялик файласуфлар – Ж.Б.Вико, Ж.Ж. Руссолар эса тарихий тараққиётни доимо олға қараб ҳаракатланадиган мураккаб, зиддиятли жараён эканини кўрсатишга интилганлар. ХIХ аср “романтик тарихчилари” назарида ҳар бир тарихий давр ўз индивидуаллигига эга бўлиб, бу даврни бошқасига ўхшаши, асло шарт эмас.
Немис классик файласуфи Гегель, ўтмишга эътиборсиз қараган маърифатпарвар ҳамда тарихчиларни, ёлғон тарихшуносликни танқид қилиб, борлиқнинг худо томонидан оқил идора этилишининг (теодиция) уйғун тараққиёти ғоясини илгари сурган эди.
Шарқнинг чуқур билимдони ҳисобланган, дунё фалсафаси ва динларни теран ўрганишга ўзини бахш этган ва ислом сўфий донишмандлигининг изчил намояндасига айланиб, Қоҳирага кўчиб бориб, сўфийлик даражасига эришган, француз традиционалисти Ренегенон (1886–1951) борлиқни прогрессив эмас балки, регрессив йўналишларда ўзгаришларга дуч келганини, ўзининг “Борлиқнинг қотиб бориши”, деган концепциясида баён этди. Айнан шундай ғояни машҳур ҳинд файласуфи Ауробиндо Гхош ҳам илгари сурди. Ушбу ғояларни бошқа файласуфлар ва олимлар, хусусан, Н. Рерих, Е. Блаватская, А.А. Горовский ва б. ҳам тан олганлар.
ПСИХОАНАЛИЗ – кишиларнинг, З.Фрейд томонидан таклиф қилинган, асаб ва психологик касалликларини аниқлаш ва даволашнинг услуби ва назарияси (Қ.: З.Фрейд, онгсизлик).
Do'stlaringiz bilan baham: |