ПЕССИМИЗМ (лот. рessimus – энг ёмон) кечаётган воқеа-ҳодисаларнинг содир бўлишига икки хил қарама-қарши фикрлар ёки муносабатларнинг оқибатини самарасиз (фатализм эмас), тушкунликка йўйиш билан ифодалайди. Оптимизмнинг, яъни умидбахшлиликнинг тескариси. П. воқеалар ёмонлашиб бораяпти деган қарашларда тушкунлик кайфиятларида, яхшилик ва адолатнинг тантанасига ишончнинг йўқлигида намоён бўлади.
ПЛАТОН - антик даврининг машҳур файласуфи. У 30 дан ортиқ рисолалар, жумладан "Парменид", "Давлат" «Теэтет», "Пир", "Федон" ва «Федр», "Софист", "Политик", "Тимей", "Критил" каби асарлар муаллифидир.
Файласуфнинг фикрича, табиат – ғоялар маҳсули. Ғоялар ўзгармас, абадий, ҳаракатсиз. Ҳис қилинадиган нарсалар эса ғояларнинг сояси. Моддий дунё ўткинчи, ғоялар дунёсида энг олий ғоя худодир. Моддий дунё –ҳайвонлар, маъданлар, ўсимликлар "умумий ғоялар"нинг нусхасидир. Энг олий ғоя ва ҳақиқат ғояси гўзаллик ғояси бўлмай, балки фаровонлик ғоясидир. У фаровонликни мақсадга мувофиқлик ва ақл билан тенглаштиради. П. ўзининг "Тимей" асарида космогоник ва космологик назарияни илгари суради.
Унинг билиш назариясида диалектика масалалари муҳим ўрин эгаллайди. Диалектика деганда, у савол–жавоб, оғзаки суҳбат, исботлаш, ҳиссий билишдан қутулиш ва тафаккур орқали ғоялар дунёсининг идрок қилиш воситасини тушунади. П.нинг диалектик қарашлари метафизик табиатга эга бўлиб, ундаги умумий ғоялар ҳаракатсиз ва ўзгармасдир.
П. савол беришни биладиган ва унга жавоб бера оладиган кишиларни диалектиклар, деб атайди. Унингча, диалектика, бу – кишилар саволлар беришнинг уддасидан чиқиб, унга жавоб беришга қодир бўлишдир. П.нинг фикрича, одамлар ҳиссий қабул қилишдан воз кечиб, ақлий билимга ўтишлари зарур.
Умуман олганда, П.нинг диалектикаси Гераклит диалектикасига яқин туради. П.нинг диалектикаси Гегель диалектикаси учун асос бўлиб хизмат қилди.
П. ижтимоий–сиёсий масалаларга бағишланган бир неча асарлар муаллифидир. Булар "Давлат", "Қонунлар", "Критий", "Сиёсат" каби рисолалардир. П. давлат ва уни бошқариш услублари тўғрисида фикр юритар экан, мавжуд давлатларни инсонлар ҳаётида салбий роль ўйнаёганлигини, зероки уларда бойлар ва камбағаллар мавжудлигини айтади. Бундай давлатлар шаклига қараб олигархия, демократия, тирания, теократияга бўлинади. У демократияга қарши курашиб, уни энг ярамас давлат, деб ҳисоблайди. П. аристократик давлат тарафдори бўлади. У мукаммал давлат тўғрисидаги утопик–хаёлий қарашларини баён этади. Бундай давлатни ақлли, ишбилармон, доно, қобилиятли кишилар гуруҳи идора қилиши керак. Мукаммал давлатнинг муҳим хусусияти адолат қонун–қоидаларига амал қилишдир.
П. аристократик жамиятини учта ижтимоий қатламга ажратади: биринчиси – файласуфлар, иккинчиси – ҳарбийлар, учинчиси – деҳқонлар ва ҳунармандлар. У давлатни файласуфлар ёки фалсафий фикр юритишга қодир арбоблар бошқариши лозим, деб ҳисоблайди. Ҳарбийлар эса мамлакатда тартиб–интизом ўрнатилишига ёрдам бериши, давлатни ҳавсизлигини таъминлаши лозим. П.нинг фикрича, файласуф ва ҳарбийлар ҳеч қандай мулкка эга бўлмасликлари керак. Деҳқонлар ва ҳунармандлар мулк эгалари бўлиб, улар файласуф ва ҳарбийларни таъминлаб туришлари керак. П. ўзининг ижтимоий қарашларида фақат эркин фуқаролар тўғрисида фикр юритади. Қулларни эса инсонлар қаторига қўшмайди. Қуллар жамиятда ҳар қандай ҳуқуқдан маҳрум этилган, деб билади.
П.нинг ахлоқий қарашлари у тарғиб қилган ғояларга асослангандир. Файласуф инсонлар яшаб турган дунёни ҳақиқий дунёнинг, яъни ғоялар дунёсининг сояси, деб билгани учун инсоннинг бирдан–бир мақсади ахлоқий идеал яна қайтиб, ана шу ғоялар оламига қўшилишидан иборат, дейди. Мутафаккир ахлоқ муаммоларига тўхталар экан, инсондаги фазилатлар ва салбий иллатлар туғма эканлигини таъкидлайди. Унинг ақидасига кўра, яхши ҳулқ – одоб эгаси бўлган киши ўзининг фазилатларини бошқача намоён эта олмайди. Яхши малакани ҳатто таълим бериш, ўқиш–ўқитиш ва машқ қилиш орқали ҳам эгаллаб бўлмайди. Яхши хулқли ота–оналарнинг фарзандлари ҳамма вақт одобли бўлавермайди деб хулоса қилади.
П. кишиларнинг фазилатларини туғма, бир хил ва ўзгармас, деб ҳисоблайди. Унингча, инсонда туғилгандаёқ яхшилик, софдиллик, ёмонлик, ғаразгўйлик тўғрисида тушунча бўлади. У ҳар хил табақага ҳар хил хислатлар хослигини айтади. Мас., донолик файласуфга, шижоаткорлик ҳарбийларга, мўътадиллик (иффат) қуйи табақага хосдир. Юқоридаги учта фазилатнинг қўшилувидан адолат ҳосил бўлади. Ҳар бир табақа ўз иши билан машғул бўлиши, бошқаларнинг ишига арашмаслиги даркор. Давлат эса ўз фуқароларини, айниқса ёшларни тарбияси билан шуғулланиши лозим. П. ахлоқ масалаларини объектив идеа. нуқтаи назаридан туриб ҳал қилди.
П.нинг эстетик қарашлари унинг "Софист", "Базм", "Қонунлар", "Федон" ва б. асарларида ўз ифодасини топган. П. эстетикаси унинг "ғоялари" билан чамбарчас боғлиқдир. У мана шу ғояларидан келиб чиқиб, ҳамма учун бир хил, ўзгармас, мутлақ гўзалликни қидиради. П. гўзал ғояни хислатларга қарама–қарши қўяди. Уни ҳиссиёт орқали эмас, ақл ёрдамида идрок этиш мумкин, дейди. Санъатга ҳам шу нуқтаи назардан қарайди. У санъат соҳасида, ҳиссий нарсаларга тақлид қилиш тўғрисида фикр юритиб, бу ҳиссий нарсалар ғоялардан иборат эканлигини айтади. Унингча, мусаввир ҳиссий нарсалардан нусха кўчиради, нарсалар эса ҳиссий ғоялардан иборат, П. эстетиканинг мукаммал давлатда ўрни бўлмаслиги тўғрисида гапирса ҳам, санъат ва тароналар кишиларда жасурлик ва ватанпарварлик ҳиссини тарбиялаши лозим, деб ҳисоблайди.
Do'stlaringiz bilan baham: |