МИЛЛАТ – араб. «миллат» – халқ, лот. Notio – миллат. М.нинг талқин қилишда иккита ёндошиш мавжуд. Биринчисига асосан миллат маълум давлат фуқароларининг сиёсий бирлиги (сиёсий миллат). Иккинчисига биноан м. бу маълум давлат фуқароларининг ягона тил ва ўз–ўзини англаш асосида ташкил топган этник бирлиги (этно–миллат) назарда тутилади. Битта м.га тегишли одамлар умумий худуд, тил ва маданиятга эга бўлишади. М.нинг келиб чиқиши тўғрисида ҳам турли ёндашувлар мавжуд. Улар ичида энг замонавий ва жаҳон фанига катта таъсир кўрсатган концепциялар муаллифлари бу К. Дойч, Э. Геллнер, Б. Андерсон ва Э. Смитлардир. К.Дойч м.ни шаклланиши ижтимоий мобилизация (сафарбарлик) жараёнида бир нечта этник элементларнинг халққа айланиши жараёни билан боғлиқ деб ҳисоблаган. Э.Геллнернинг фикрича («Миллат ва миллатчилик», 1983) м. бу индустриал тараққиёт сабабли ҳозирги жамиятнинг маданий умумийликка бўлган эҳтиёжи деб тушуниш мумкин.
М.нинг шаклланиши бевосита умумий таълим ва оммавий ахборот воситалари тарқалиши билан боғлиқдир. Геллнернинг фикрича, миллат бу аниқ бир мақсадда ташкил қилинган жамоадир. М.нинг шаклланишида миллатчи элита (зиёлилар) катта рол ўйнайди. Э.Геллнер ғоясига Б. Андерсоннинг концепцияси яқин («Фараз қилинадиган жамиятлар», 1991). Унга асосан ҳозир миллатлар сунъий ташкил қилинган «тасаввур қилинадиган сиёсий жамиятлардир». Уларнинг шаклланишида китобларнинг нашр қилинишини кашф этилиши, миллий тилнинг пайдо бўлиши каби сабаблар аҳамиятли рол ўйнаган.
Э.Смитнинг фикрича, миллат умумий ҳудуд, умумий афсона (миф) ва тарихий хотира, умумий маданият, иқтисод ва ҳамма учун умумий ҳуқуқ ва вазифаларга эга бўлган инсоний жамият. Унинг тахминига кўра, ҳозирги м.ларнинг келиб чиқиши ўтмишдаги этник жамоалар билан боғлиқ бўлган. Этнос назарияси (Ю.Бромлей, К.Шониёзов ва б.) тарафдорларининг фикрича, миллат узоқ давом этган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий ва этно–маданий жараёнда, аниқ ҳудудий доирада, тил ва ўзликни англаш бирлиги асосида шаклланган халқ этник тарихининг энг юксак чўққиси, ўзига хос маданият, онг ва менталитет асосида таркиб топган ижтимоий бирлик шаклидир.
М. кишиларнинг жипс тарихий бирлиги, умум иқтисодий турмуш, тил, ҳудуд бирлиги, маданият, онг, руҳият уйғунлиги ва муштараклиги демакдир. Унгача ижтимоий тараққиётнинг этнос (халқ) шакли ҳам мавжуд бўлиб, «халқ» атамаси жуда кенг ва тор маънода ишлатилади. Этник бирликнинг элатдан кейинги шакли миллат бўлиб, унинг шаклланиши элатнинг шаклланиш жараёни каби узоқ давом этадиган ижтимоий воқелик, миллат этник бирлик тарихининг, элатнинг энг юқори чўққиси, камолот босқичики, бу босқичга кўтарилган халқнинг тарихан таркиб топган давлати, биринчидан миллат номи билан юритилади; иккинчидан унинг аниқ ҳудудий чегарасида муомалада булган умуммиллат тили давлат тили мақоми даражасига кўтарилади; учинчидан давлат ҳудудининг бутунлиги ва чегарасининг дахлсизлиги тан олинади; тўртинчидан миллат ва унга хос менталитет шаклланган бўлиб, фуқароларнинг ўзлигини англаш даражаси уларнинг ҳаёт мазмунига, кундалик турмуш тарзига айланади ва ниҳоят бешинчидан давлат жамият томонидан бошқарилади. Миллатни тил, ҳудуд ва этно–маданий жиҳатдан бирлаштирувчи омиллардан бири иқтисодий негиздир.
ХХ аср бошларидан м. атамаси мусулмон давлатларида ва жумладан Ўрта Осиёнинг маҳаллий аҳолиси томонидан мусулмон жамоаси деб тушунилган. Айрим жадидчилар бу сўзни туркистонликлар маъносида ҳам ишлатганлар. Ер юзида уч мингдан етти минггача миллат ва элат мавжуд. Улар ўз қаторига инсониятнинг ўрта ҳисоб билан 96 фоизини бирлаштиради, 4 фоизи элатлар ва қабилалардир. Жаҳондаги энг йирик 27 миллат Ер юзи аҳолисининг қарийиб 75 фоизини ташкил қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |