294
фикрга келади. Ёш қаҳрамон аҳволни ўнглаш мушкуллигини кўриб, маданият тараққий
қилмагунча халқнинг кўзини очиб, ҳуқуқини ҳимоя қилишни “ердан туриб юлдузларга қўл
узатиш”га қиёслайди.
Абдулла Қодирий ҳам маърифатсизликни ёшлар ҳаёти билан боғлаган ҳолда
этнографик муаммоларни “Бахтсиз куёв” фожиасида ифодалайди. Абдулла Қодирийнинг ёшлар
психологиясини жуда яхши ҳис этиши унинг романларида намоён. Драматургиядаги ижодида
ҳам ушбу мавзу ўзгача ечимда ўз долзарблигини кўрсатган. Асарда бахт остонасидаги ёш
келин-куёвнинг ортиқча урф-одат ва тўйдаги дабдабабозлик сабаб ҳикоялари фожеий якун
топиши тасвир этилади. Икки ёш катталарнинг ўйламай кўзбўямачилик учун қилган
тадбирлари сабаб ҳалок бўлишади. Муаллиф халқимизда қаттиқ ўрнашиб олган бундай
иллатлар охир-оқибат катта фалокатларга сабаб бўлишини очиб беради.
“Бой ила хизматчи” драмаси ҳам Ҳамза аксарият асарларида бош мавзу бўлган – ёш
аёлнинг ҳуқуқсизлик ва эрксизлик учун курашини 16 яшар Жамила мисолида тасвирлайди.
“Очликдан силлам қуриб, илигим пучайган чоғимда ҳам сизларга ялинмайман! Ахир, бу
кўзлардан оққан жигар қонлари, бева-бечора, етим-есирларнинг оҳу зорлари кўнглингизни
юмшатмайдими? қачонгача кимхоб чопонлар, ёғлик паловлар учун бойларга зулм пичоғини
қайраб берасиз! Ахир, бу
дуолар, ривоятлар ниқобига яширинган зулмдан, жафолардан биз
шўринг қурғурлар кимга дод деймиз? Кимга? Бу ғурбатхонада нотавон йиғлаганларнинг,
афсус-надомат чекканларнинг, доду фарёдини ким тинглайди, ким?!
Гапиринг шариат
пешволари!!!”, деган сўзларда эса Жамиланинг турмуш ўртоғи, ёш қаҳрамон Ғофирнин
адолатсизлик учун шариат пешволарига билан тенгма-тенг олишганини кўрамиз. Ғофур бойга,
у орқали эса ҳукуматнинг адолатсиз тартибларига қарши чиқувчи ёш қаҳрамон сифатида
гавдаланади. Буни Имом ўз сўзлари билан тасдиқлайди: “Тақсир, шариатгагина эмас, бу
гапнинг таги пошшоликка ҳам бориб етади! Кулли шайъин яржиу илла аслиҳий”.
Жадидлар томонидан илгари сурилган ғоялар - ёш аёл қаҳрамонларнинг озодлик ва
ҳуқуқлари учун курашга чорлаш мавзуси кейинги йилларда ҳам ўз долзарблини йўқотмади ва
саҳналардан ўрин олиб келди.
Демак, тараққиёт учун кураш бошланган 1910 йиллардан то октябр инқилоби юз
бергунга қадар, яъни тузум ўзгармагунга (руслаштириш сиёсати кенг авж олмагунга)ча асосан
илм-маърифат учун курашга ундовчи асарлар ёзилиб, саҳналаштирилган бўлса, кейинчалик
тараққийчиликнинг кейинги даврида аёлларнинг эрки учун курашга чорловчи асарлар саҳнага
олиб чиқилди.
Do'stlaringiz bilan baham: