Инвестиция шартномаси ва шариат талаблари
23.11.2020 730 views
Инвестиция битимининг баъзи шартлари шариат талабларига зид келиб қолиши мумкин ва албатта мусулмон тадбиркорлари бундан огоҳ бўлишлари мақсадга мувофиқдир.
Мана шундай шартларларни қуйида кўриб чиқамиз:
Бир томоннинг иккинчи томон олдидаги қарзини инвестиция шартномасига сармоя сифатида киритилиши. Шариат тамойилларига кўра, инвестиция шартномасини тузишда томонлар, амалга оширилиши кўзда тутилаётган инвестиция лойиҳасига хоҳ нақд пул кўринишида бўлсин, хоҳ мол-мулк кўринишида бўлсин, янги сармоя киритишлари талаб этилади.
Бир томоннинг иккинчи томон олдидаги қарзини инвестиция шартномасида сармоя сифатида қайд этилишининг шаръий нуқтаи назардан тақиқланишининг ҳикмати – қарз берувчининг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кўзланишидадир, чунки қарздор унга (яъни қарз берувчига) олган қарзини тўлиқ қайтариши керак. Лекин олинган қарз инвестиция лойиҳасига тўлиқ ёки қисман сармоя сифатида киритилса, у ҳолда қарз қайтарилмай қолиш хавфи пайдо бўлади (чунки инвестиция лойиҳаси зарарга кириши ҳам мумкин).
Инвестиция шартномасини бекор қилувчи сабаблардан яна биттаси томонлардан бирининг иккинчи томонга унинг (яъни иккинчи томоннинг) киритган сармоясини қайтариб олишига ёки қатъий белгиланган фойда миқдорини олишига олдиндан кафолат бериши саналади.
Аммо, бир томон иккинчи томонга ўзининг бепарволиги / лоқайдлиги туфайли келиб чиқиши мумкин бўлган зарарларни қоплаб берилиши юзасидан кафиллик бериши шаръий жиҳатдан жоиз саналади. Албатта бунда фақатгина бепарволик / лоқайдлик сабабидан келиб чиқадиган зарарларгина қоплаб берилади.
Бирор томон ўзи киритган сармоянинг муайян қисмини қайтариб олмагунча барча фойдани унинг бир ўзи олиб туришини кўзда тутувчи шартнинг мавжуд бўлиши ҳам инвестиция шартномасини бекор қилади. Чунки бу, киритилган инвестиция бўйича қатъий фойда берилишини (яъни инвестиция лойиҳаси натижасидан қатъий назар) кўзда тутиш билан баробар бўлади ва бу худди фоиз асосида қарз бериш (яъни рибо ан-насия)га ўхшаб қолади, ва бу иккинчи томонни инвестиция фаолияти натижасида олиниши мумкин бўлган фойдадан улуш олиш ҳуқуқидан маҳрум қилади.
Инвестиция шартномасининг шариат тамойилларига зид қилувчи яна бир нарса – томонлар ўртасида фойдани тақсимлаш нисбатининг шартнома тузиш пайтида белгиланмаганлиги ва бу масалани фойда тақсимланиши керак бўлган пайтга қадар кечиктириш ҳисобланади.
Яна бир жуда муҳим масала: икки томон ҳам сармоя киритган инвестиция лойиҳаси доирасида (масалан, Мушорака ёки қўшма корхона каби) кўрилган зарарни бир ёки иккала томоннинг умумий сармоядаги улуши миқдори билан чеклаш мумкин эмас. Шариат бўйича, томонлар киритилган умумий сармоя қолмагандан кейин ҳам, қолдиқ зарар уларнинг дастлабки киритган сармоялари нисбатига мос равишда қопланиши керак бўлаверади.
Do'stlaringiz bilan baham: |