Уч ва ундан ортиқ мотивловчи восита билан муносабатга киришувчи арабча луғавий ўзлашмалар. Сўз ясалиш структурасида иккитадан кўп мотивловчи восита билан синтагматик алоқада бўлувчи арабча луғавий ўзлашмалар ҳам ўнга яқин. Уларга ижара, инсон, исроф, маишат, сандиқ, тарих, қоида, қалам, бўз кабилар киради. Шулардан кейинги иккитаси (қалам, бўз)нинг сўз ясаш структурасидаги синтагматик имконияти кенг бўлиб, мотивловчи восита мақомидаги тўрт аффикс билан қўшилиб, янги луғавий ясалмалар ҳосил қилади. Қуйида мотивловчи асос мақомида келувчи арабча луғавий ўзлашмаларга тўхталамиз.
Ижара лексемаси уч аффикс билан алоҳида – алоҳида тарзда сўз ясаш муносабатида бўлади ва уч луғавий ясалма ҳосил қилади: 1) -чи: ижарачи, 2) -дор: ижарадор, 3) -хўр: ижарахўр.
Ижарачи “Nsub + -чи = Nsub” қолипи асосида реаллашган ва у “ўзакдан англашилган хусусиятни ўз фаолиятига айлантирган шахс” маъносини билдиради. “Nsub + -хўр = Nsub” қолипи орқали ижарахўр ясалмаси ҳосил бўлган: у “ўзак маъноси фаолиятида амал қилувчи шахс” маъносига эга. Ижарадор ясалмаси “Nsub + -дор = Nsub” қолипининг маҳсулидир: у “ўзакдан англашилган фаолиятга мавжуд шахс” маъносини билдиради. Ижарачи, ижарадор, ижарахўр ясалмалари умумий бир сўз ясалиш типига эга. Сўз ясалиш маънолари ҳам айтарли бир хил: “ўзак тушунчасига асосланган шахс”, қисқароқ айтганда, шахс отлари. Лекин улар сўз ясалиш структурасидан айрим семаларининг кучли - кучсизлиги (асосий -- асосий эмаслиги)га кўра фарқ қилади.
Инсон лексемасининг сўз ясалиш жараёни -лик, -гарлик ва -парвар аффикслари билан амалга ошади.
Сўз ясалиши структурасида -лик мотивловчи восита ролини бажарганда, унинг қолипи “Nsub + -лик = Nsub” кўринишида бўлади: инсонлик ясама лексемаси ҳосил бўлади.
Сўз ясалиши структураси “Nsub + -гарлик = Nsub” қолипига эга бўлганда ҳам, юқоридаги маъно англашилади: инсонгарлик. Инсон лексемасининг форс-тожик тилидан ўзлашган -парвар аффикси (ясовчи восита) билан янги ясалма бирлик ҳосил қилиши “Nsub + - парвар = Nsub” қолипининг амалга ошиши туфайлидир: инсонпарвар. Бу қолип ёрдамида “ўзакда ифодаланган хусусият интилишига сингишган шахс” маъноси англашилади. Демак, инсон лексемаси от ясалишининг икки алоҳида - алоҳида типига мансуб кўринишларда иштирок этади, бунда “Nsub + -лик = Nsub” ҳамда “Nsub + -гарлик = Nsub” қолиплари сўз ясашнинг бир типига қарашли бўлади; “Nsub +- парвар = Nsub” қолипи эса от ясашнинг улардан фарқ қилувчи бошқа типига мансуб бўлади.
Диссертацияда мана шулар каторида араб катламига оид исроф, сандиқ, қалам, бўз лексемалари асосида юзага келувчи ҳосила лексемалар ҳам ўрганилган.
Do'stlaringiz bilan baham: |