Натижаларнинг эълон қилинганлиги. Диссертациянинг асосий мазмуни республика илмий журналларида, чет эл нашрида ва илмий тўпламларда эълон қилинган мақолаларда ўз ифодасини топган. Иш юзасидан 15 та мақола ва тезис эълон қилинган, жумладан, журнал Филологические науки (Вопросы теории и практики. – Тамбов, 2010. № 3) хориж электрон журналида акс этган.
Диссертациянинг тузилиши ва ҳажми. Диссертация кириш, уч боб, умумий хулосалар, фойдаланилган адабиётлар рўйхатидан иборат.
Ишнинг умумий ҳажми 142 саҳифани ташкил қилади.
ДИССЕРТАЦИЯНИНГ АСОСИЙ МАЗМУНИ
Ишнинг Кириш қисмида туркийшуносликда, жумладан, ўзбек тилшунослигида сўз ясалиши бўйича олиб борилган тадқиқотлар илмий-танқидий таҳлил қилинган, сўз ўзлаштириш назарияси, усуллари юзасидан ҳозирги давр тилшунослигидаги мавжуд фикрлар диссертациянинг мавзуи ва мақсади нуқтаи назаридан ўрганилган ҳамда ўзлашмаларнинг сўз ясалишига муносабати белгиланган.
Диссертациянинг «Ўзлашма луғавий бирликлар иккиламчи номинация манбаи сифатида» номли биринчи бобининг биринчи қисмида ўзлашмалар янги сўз ясашнинг манбаи эканлиги ҳақида фикр юритилади.
Сўз ясалишини алоҳида мустақил соҳа деб ажратиш ўзбек тилшунослигида ўтган асрнинг 70-80-йилларида юз берди.
Сўз ясалиши туфайли номинация жараёни таъминланади. Сўз ясалиши тизими доирасида сўз ясаш базаси, сўз ясаш маъноси, сўз ясаш воситаси, сўз ясаш усули, сўз ясаш типи, сўз ясаш қолипи каби тушунчалар мужассамлашган. Айниқса, сўз ясаш базаси деб аталувчи тушунчанинг аҳамияти муҳим ва асосийдир. Бу тушунча сўз ясаш воситаси, сўз ясаш қолипи каби ички қисмлар муносабатидан ташкил топади. Сўз ясаш базасининг муҳимлиги шундаки, у янги сўз ҳосил бўлишида мотивация асоси вазифасини ўтайди.
Тилда сўз ясалиш тизими шу тилнинг ўзигагина қарашли бўлган лисоний бирликларгагина таяниб қолмайди. Сўз ясалиши жараёнида ўзга тил луғавий унсурларининг роли ҳам кам эмас.
Ўзбек тили лексикасида бошқа тиллардан ўзлашган сўзлар анчагина миқдорни ташкил этади. Араб ва форс-тожик луғавий ўзлашмалари аффиксал сўз ясалиши жараёнида айниқса фаолдир.
Бу ҳол арабча луғавий ўзлашмалари учун ҳам хос. Ўзбек тилида ҳозирда ҳам фаол амалда бўлган араб ва форс-тожик лисоний бирликлари сўз ўзлаштиришнинг тарихий-анъанавий кўринишига мансуб, чунки исталган ҳар бир тилда анъана мавжуддир1.
Э.Бегматов ўзбек тилининг лексик қатламларига бағишланган ишларида ўзбек тилининг ўз ички луғавий ресурси бўлган, ўзбек тилининг ўзида асрлар давомида ҳосил қилинган сўзларни ўзбекча сўзлар деб юритади2. Бундай сўзларнинг ижодкори ва эгаси ўзбек халқи, ўзбек тилидир. Чунки ўзбекча сўзларни ўзбек тилида гаплашувчи этнос ўз тилининг имкониятлари асосида ясайди, унинг лисоний ижодкоридир, яъни “ўзбекча сўзлар ўзбек тилининг ўз сўзи, ўз маҳсулидир”3.
Сўз ясалиши ҳақида гап борганда сўз ҳосил қилувчи луғавий негизнинг қайси луғавий қатламга тегишли эканини эътиборга олиш фикри ўзбек тилшунослигида биринчи бор Э.Бегматовнинг ишларида илгари сурилади. Ушбу муносабат билан у арабча ўзлашмалар негизида ясалган сўзлар хусусида қисқача тўхталган. Унинг ёзишича, ўзбекча сўзлар арабча луғавий негизлардан ўзбекча қўшимчаларни (тақсимлагич, асосламоқ, ниқобламоқ); тожикча сўз ясовчи морфемаларни (амалдор, аризабоз, серихлос); ҳатто баъзи арабча морфемаларни қўшиш орқали ҳам (мажусий, ақлий) ясалади 4.
Ушбу бобнинг иккинчи қисмида сўз ўзлаштиришнинг сўз ясалишига муносабати таҳлил килинади.
Ўзлашган луғавий бирликлар сўз ясалиши жараёнида иштирок этганда, тилнинг ривожланиши учун иккинчи бор ҳисса қўшган бўлади. Сўз ясаш базаси даражасига етишган ўзлашма сўзлар сўз ўзлаштирган тилнинг деярли ўз сўзи мақомига киради.
Ўзлашманинг семантик мослашуви ўзлашманинг ўзга тилдаги мақоми ва вазифасини белгилаш учун хизмат қилади. Семантик мослашув жараёнининг босқичлари “ўзлашма макоронизм – ўзлашманинг органик тарздаги омонат мавқеи – ўзлашма-ўзники, ўзлашма-потенциал ва окказионал сўз” тартибидан иборат5.
“Сўз ясалиши - номинация назариясининг объекти сифатида” деб номланган учинчи бўлимда сўз ясалиши билан номинация орасидаги муносабат тадқиқ қилинган. “Арабча сўзларнинг ўзбек тилига морфологик жиҳатдан мослашиши икки ҳолатда: а) арабча сўзлар негизида ўзбек тилида янги сўзлар ҳосил қилинишида; б) арабча сўзларнинг ўзбек тилидан грамматик форма ясовчи қўшимчаларни қабул қила олишида ёрқин кўринади”6.
Do'stlaringiz bilan baham: |