Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш. ЎзР ЖК 37-моддасининг иккинчи қисмида «Тажовузнинг хусусияти ва хавфлилиги даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади», дейилади.
Юқорида баён қилинган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарорида «Тажовуз туфайли вужудга келган кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида ҳимояланувчи ҳамма вақт ҳам юз берган хавфнинг характерини аниқ англаб олмаслиги ва ҳимоянинг тажовузга нисбатан мувофиқ усулини танлай олмаслигини судлар эътиборда тутишлари керак”. Агар тажовуз қилувчига ҳимояланувчи томонидан етказилган зарар, тажовуз қилувчининг етказган зараридан кўп бўлса ва тажовуз оқибатида етказилган зарарни тўла қопласа ҳамда ҳимояланиш тажовузнинг характери ва хавфлилик даражасига нисбатан бутунлай номувофиқ бўлишига йўл қўйилмаган бўлса, бундай ҳолда ҳимояланувчининг ҳаракатларини зарурий мудофаа чегарасидан чиқиб содир этилган деб ҳисоблаш мумкин эмас», дейилади85[85].
ЎзР ЖК 55-моддасининг 1-қисми «ё» бандига кўра, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш жазони енгиллаштирувчи ҳолат ҳисобланади.
ЎзР ЖКнинг 100-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб одам ўлдириш, 107-моддасида эса зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жавобгарлик белгиланган. ЎзР Олий суди Пленумининг юқорида баён қилинган қарорида таъкидланишича, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш тажовузчининг ўлимига олиб келса, ҳимояланувчининг айби тажовузчининг ўлимига нисбатан эҳтиётсизлик оқибатида юз берган бўлса, ЖКнинг 107-моддаси (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб қасддан баданга оғир шикаст етказиш) билан квалификация қилиш кераклиги тўғрисида тушунтириш берилган. Шунингдек, кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб одам ўлдириш (ЎзЖКнинг 98-моддаси), кучли руҳий ҳаяжонланиш ҳолатида қасддан баданга оғир ёки ўртача оғир шикаст етказиш (ЎзР ЖКнинг 106-моддаси) назарда тутилган жиноятни ташкил қилади. Аммо тўсатдан пайдо бўлган кучли руҳий ҳаяжонланиш (физиологик аффект) ҳолати ўз мазмунига кўра, қўрқув, ғазаб, нафрат, мушкул аҳвол бўлиши мумкин.Қўрқув аффекти ўзини-ўзи ҳимоя қилиш воситаси бўлиши мумкин. Бундай ҳолат шахснинг ҳаёти ёки соғлигига тажовуз қилинганда юз бериши мумкин. Мудофааланувчи юз берган тажовузни тўғри баҳолай олмаслиги ва тажовузчини анча хавфли тасаввур қилиши мумкин. Бундай ҳолда зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш қасддан ҳисобланмайди. Агар тажовуз туфайли ғазаб аффектини қўзғатган ёки нафрат аффектини қўзғатган ва унинг таъсирида мудофаа акти қўлланиб, зарурий мудофаа чегарасидан чиқилган бўлиши мумкин.
Тажовуз ижтимоий муносабатга зарар етказишга қаратилган тажовуз бўлса, зарурий мудофаа тажовузга зарар етказишда ифодаланади. Шунга кўра, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш келтирилиши мумкин бўлган зарар билан бартараф қилинган ва етказилган зарар ўртасидаги номувофиқликдир. Ана шундай номувофиқликни аниқлаш учун тажовузнинг хусусияти ва хавфлилик даражаси олинади.
Тажовузнинг хусусияти — тажовузнинг сифат кўрсаткичидир. Ана шу кўрсаткични баҳолаш орқали мудофаанинг қонунга асосланилганлиги аниқланади. Агар тажовуз мудофааланувчининг ҳаётига қарши қаратилган бўлса, ҳар қандай мудофааланиш усулини қўллаш мумкин. Мудофааланишнинг миқёси тажовузчининг тажовуз миқёси, келтириладиган зарарнинг миқёсига мувофиқ келиши керак. Айнан ана шу тажовуз ва мудофаанинг хусусияти бутунлай мувофиқ келмаслиги, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилган деб ҳисоблашнинг шарти ҳисобланади. Айнан ана шу номувофиқлик биринчи навбатда мудофааланувчига тегишли бўлиши керак.
Тажовузнинг хусусияти ва хавфлилик даражасига бутунлай мувофиқ келмайдиган мудофаа, масалан, анча миқдордаги мулкни ўғрилаш учун тажовуз қилган шахсни ўлдириш, безорилик ҳаракатлари қилаётган шахсни, агар безори кишиларнинг соғлиғи ёки ҳаёти учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиш билан қилинганда жабрланувчини ўлдириш ва ҳоказолар. Шахснинг баданига енгил шикаст етказишга қаратилган ҳаракатга нисбатан мудофааланиб тажовузчининг баданига оғир шикаст етказиш ҳам зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш деб топилади.
Мудофаа чегарасидан четга чиққан ёки чиқмаганлик масаласи ҳар бир ишда индивидуал ҳал қилинади. Бунда тажовузчи ва мудофааланувчининг жиноят содир этиш ва мудофааланиш воситалари, ҳар бирининг имкониятлари, жисмоний сифатларини характерловчи белгилари, уларнинг кучи ва ҳоказолар солиштирилади. Шунингдек, мудофааланиш вақти (тажовуз бошланмасдан ёки тажовуз тугаганидан кейин мудофаа қўлланганлиги ва ҳоказолар) ҳисобга олинади. Зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш ҳимояланишнинг чегарасидан четга чиқишдир. Шунга кўра, зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиш фақат тажовузни қайтариш ёки уни бартараф қилиш вақтидагина бўлиши мумкин. Тажовуз ҳали бошланмаган ёки тамом бўлган жойда зарурий мудофаа ҳам йўқ. Зарурий мудофаа йўқ жойда ундан четга чиқиш ҳам йўқ. Реал тажовуз йўқ жойда хаёлий мудофаа ҳам йўқ, зарурий мудофаа йўқ жойда унинг зарурий чегарасидан чиқиш ҳам йўқ.
ЎзР ЖКнинг 100-моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан одам ўлдириш, 107-моддасида эса зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш учун жиноий жавобгарлик назарда тутилган. Бу жиноятлар қасддан одам ўлдиришнинг енгиллаштирувчи турлари бўлиб, улар ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятлар турига киритилган.
ЖК Махсус қисмининг моддасида зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб жиноят содир этиш муайян модданинг зарурий белгиси сифатида жиноят таркиби доирасига киритилган бўлса, ЖКнинг 55-моддаси (жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар) нинг қоидалари қўлланилмайди. Агар жиноят зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқиб содир қилинган ва ўша моддада зарурий белги сифатида кўрсатилмаган бўлса ЖК 55-моддаси қоидалари тадбиқ қилинади.
Do'stlaringiz bilan baham: |