Масъул муҳаррир:
М.Ҳ.Рустамбоев,
юридик фанлари доктори, профессор.
Тақризчи:
М.А. Ражабова,
юридик фанлари доктори.
Муҳаррир:
Ш.Т. Акбаров.
© М.Усмоналиев
© «Янги аср авлоди» нашриёт-мат-
баа маркази, 2005 йил.
ISBN 5-633-00227-x
КИРИШ
Ҳурматли китобхон! Жиноят ҳуқуқи фани икки қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмини Жиноят ҳуқуқининг Умумий қисми, иккинчи қисмини Махсус қисми дейилади. Уларнинг тушунчалари ва ўзига хос хусусиятлари ушбу китобнинг биринчи бўлимида берилган.
Ўзбекистонда Жиноят ҳуқуқи Умумий қисми бўйича олдин ҳам икки марта дарслик китоби чоп қилинган. Биринчи марта профессор О.Х. Расулов томонидан 1969 йили «Совет жиноят ҳуқуқи (Умумий қисм)» дарслиги ёзилиб чоп қилинган эди. У дарслик ўша даврда жиноят ҳуқуқи Умумий қисми бўйича чиқарилган ўзбек тилидаги биринчи дарслик эди. У 1959 йили қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси асосида ёзилган бўлиб, ўз даврида анча мукаммал, ўша давр талабига тўла жавоб бера оладиган дарслик бўлган.
1991 йилда Ўзбекистон мустақилликка эришганидан кейин барча қонунлар, энг аввало, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва янги бозор иқтисодёти тизимига асосланган ҳуқуқий демократик давлатнинг қонунлари, шу жумладан, Жиноят қонуни ҳам (1994 йил 22 сентябрда) қабул қилинди. 1998 йилда ана шу Жиноят кодекси асосида бир қатор муаллифлар томонидан ҳаммуаллифликда Жиноят ҳуқуқи Умумий қисми дарслиги чоп қилинган эди. Ана шу дарслик чиқарилганидан бери ҳали кўп вақт ўтгани йўқ. Аммо ўша 1998 йилда чиқарилган дарслик ҳозирги кун талабига тамоман жавоб бермай қўйди. Буни қуйидагилар билан асослаш мумкин:
Амалдаги Жиноят кодексининг лойиҳасини тайёрлаш вақтида унинг муаллифлари бозор иқтисодиёти тизимига асосланган жиноят қонуни тўғрисида ҳали етарли даражада тасаввурга эга эмас эдилар.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки ўн йилида жиноятчиликка қарши кураш масаласи ғоят кескин қўйилган эди. Мамлакатимизда эски маъмурий буйруқбозлик тизими ҳукм сурган бошқарув тартиби ва ижтимоий муносабатлар ўрнига янги бошқарув тартиби ва ижтимоий муносабатларни шакллантириш, мамлакатда аҳолининг тинчлик ва осойишталигини сақлаш, мамлакатда ҳудудий яхлитликни сақлаш ва барқарорликни таъминлаш масалалари ғоят долзарб бўлиб турар эди. Айниқса, диний экстремизм, терроризм, коррупция каби жиноятлар Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга ошириш ва янги ижтимоий муносабатларни шакллантиришга жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда эди.
Ана шундай шароитда жиноятчиликка қарши кураш масаласи ғоят кескин қўйилган эди. Айтиш керакки, Ўзбекистон бу масалада Президент Ислом Абдуғаниевич Каримов раҳбарлигида намуна бўла оладиган ютуқларга эришилди.
Ана шу айтилганларга кўра, Ўзбекистонда мустақилликнинг дастлабки йилларида қаттиқроқ жазо чораларини қўллашга мойиллик кучлироқ бўлди.
Ўзбекистон Президенти И.А.Каримов томонидан ишлаб чиқилган ислоҳотларни босқичма-босқич амалга ошириш дастурига қатъий амал қилинганлиги туфайли 2000 йилга келиб, Ўзбекистон ўз ривожланишининг янги босқичига кўтарилди.
2000 йил июн ойида жамиятимизнинг сиёсий, иқтисодий ва маънавий соҳаларидаги ислоҳотлар жараёнини эркинлаштириш ва чуқурлаштириш Дастури қабул қилинган эди. Ана шу дастурга мувофиқ равишда суд-ҳуқуқ тизимини ҳам либераллаштириш давр талаби бўлиб қолган эди. Иккинчи чақириқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 2001 йил 29 августдаги олтинчи сессияси Ўзбекистоннинг суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштиришда туб бурилиш ясади. Ўзбекистоннинг Жиноят кодексига жиддий қўшимчалар ва ўзгартишлар киритилди. Жиноятларни таснифлашнинг янги қоидалари қабул қилинди.
Жиноят кодексидаги оғир ва ўта оғир жиноятлардан айримлари ижтимоий хавфи катта бўлмаган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар туркумига ўтказилди. Жиноят кодекси Махсус қисмидаги моддаларнинг фақат 15,5 фоизида оғир жиноятлар, 12,2 фоизида ўта оғир жиноятлар қолдирилди холос. Жавобгарликдан ва жазодан озод қилиш мумкин бўлган нормалар доираси ғоят кенгайиб кетди.
Жавобгарликдан озод қилишнинг янги институтлари қабул қилинди. Озодликдан маҳрум қилишни тайинлаш жуда ҳам чекланди.
Ана шу ва бошқа қўшимча ва ўзгартиришларнинг Жиноят кодексига киритилганлиги боис 1998 йили чиқарилган Жиноят ҳуқуқи Умумий қисми дарслиги умуман талабга жавоб бермай қўйди.
Булардан ташқари, у дарслик ғоят қисқа ёзилган бўлиб, ҳажми бор-йўғи 15,62 босма тобоқдан иборат ва шунга мувофиқ Жиноят ҳуқуқи Умумий қисмининг айрим муҳим қоидалари батафсилроқ ёритилмаган. Ана шу айтилганлар Жиноят ҳуқуқи Умумий қисми бўйича дарликни янгидан тайёрлашни долзарб вазифалардан бири қилиб қўйди.
Ушбу дарсликда ҳар бир мавзуни имкони борича кенгроқ ёритишга ҳаракат қилинди ва 2004 йил 1 сентябргача Жиноят кодексига киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ҳисобга олинди.
Ушбу дарслик юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини билдирган китобхонлардан миннатдор бўлар эдик.
Do'stlaringiz bilan baham: |