3-§. Зарурий мудофаа
ЎзР ЖКнинг 37-моддасига мувофиқ зарурий мудофаа ҳолатида содир этилган, яъни мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан тажовузчига зарар етказган ҳолда ҳимоя қилиш чоғида қилинган ҳаракат, агар зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқилмаган бўлса, жиноят деб топилмайди.
ЎзР ЖКнинг 2-моддасида белгиланишига кўра, жиноят қонунининг вазифалари шахсни, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини, жамият ва давлат манфаатларини, мулкни, табиий муҳитни, тинчликни, инсоният хавфсизлигини жиноий тажовузлардан қўриқлашдан иборатдир. Уларни ҳар қандай тажовузлардан қўриқлаш эса ҳар бир фуқаронинг конституциявий бурчидир.
ЎзР Конституциясининг 47-моддасида «Барча фуқаролар Конституцияда белгилаб қўйилган бурчларини бажарадилар» дейилади. Зарурий мудофаа ҳолатида қонун билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатларга қилинган тажовузлардан уларни ҳимоя қилиш фуқароларнинг бурчидир. Шунингдек, Конституциянинг 27-моддасида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимоя қилиш ҳуқуқига эга эканлиги таъкидланади. Шунга кўра, мудофааланув-чининг ёки бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини зарурий мудофаа ҳолатида ҳимоя қилиш чоғида тажовузчига зарар етказилса, агар мудофааланувчи зарурий мудофаа чегарасидан чиқмаган бўлса жиноят ҳисобланмайди.
Инсоннинг ҳаёти, соғлиғи, жинсий эркинлигига қарши қилинган жиноий тажовузлардан ҳимояланиш инсоннинг бевосита ҳуқуқи ҳисобланади. Шунга кўра, шундай тажовузлардан зарурий мудофаа ҳолатида ҳимояланиш туфайли тажовузчига зарар етказиш ижтимоий хавфли ҳисобланмайди. Аксинча, юқорида таъкидлаганимиздек конституциявий бурчи ҳисобланади.
Зарурий мудофаанинг қонуний ҳаракат эканлиги фуқаролар-нинг жиноятчиликка қарши фаол кураш олиб боришнинг самарали усулидан бири ҳисобланади.
Айтиш керакки, айрим ҳолларда жиноятчига жинояти учун жазоланишга нисбатан зарурий мудофаа ҳолатида унга зарар етказиш хавфлироқдир. Чунки жабрланувчига (мудофааланувчига) ҳеч қандай зарар етказилмагани ҳолда жиноятчига нисбатан оғир оқибатли зарар (масалан, баданига оғир шикаст) етказилиши мумкин. Жиноий тажовуз қилиш вақтида ўлдириб қўйиш ёки баданига оғир шикаст етказиш унинг учун қўрқинчлироқдир.
Шахсларда зарурий мудофаа ҳуқуқининг мавжудлиги, фуқароларда ҳар қандай жиноий тажовузларга муросасизлик, ўзининг фуқаровий бурчини бажараётганлигини ҳис қилиш, эзгулик учун ҳаракат қилаётганлигидан фахрланиш каби сифатларнинг турғун ҳолда киши шахсида шаклланишининг муҳим омили ҳамдир.
Демак, зарурий мудофаа ҳолатида ҳаракат қилаётган шахс ўзининг ижтимоий бурчини бажараётган ҳисобланади.
Маълумки, жиноят қонуни билан қўриқланадиган ижтимоий муносабатлар қонун ҳимояси остида бўлади. Тажовузчига нисбатан зарурий мудофаа акти қўлланган вақтда (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқмаган бўлса) унинг ҳаёти, соғлиги, мулки қонун ҳимоясидан чиқарилади. Тажовуз вақтида унга етказилган зарар Ҳозирқонуний ҳисобланмайди, қонун билан қўриқланадиган объектлар доирасидан чиқарилади.
Қонун мазмунига кўра, зарурий мудофаа фаол ҳаракатлар орқали амалга оширилади.Қонунда белгиланишига кўра, бошқа шахсларга ёки ҳокимият органларига ёрдам сўраб мурожаат қилиш ёхуд тажовуздан ўзга йўсинда (масалан, қочиб кетиш орқали) қутилиш имконияти бор-йўқлигидан қатъи назар, зарурий мудофаа актини қўллаш мудофааланувчига тегишли ҳуқуқдир. Ана шундай имкониятлардан фойдаланиб, зарурий мудофаа актини қўлламаган кишининг ҳаракатларини жамият ҳам, кишилар ҳам маъқулламайди. Аммо зарурий мудофаа актини қўлламаганлик учун жавобгарлик белгиланмаган ва белгилаш ҳам мумкин эмас. Чунки зарурий мудофаа актини қўллаш мудофааланувчининг ҳаёти ёки соғлигини жиддий хавф остига қолдириб таваккал қилиш билан боғлиқдир. Зарурий мудофаа фаол ҳаракатлар билан тажовузни бартараф қилишга қаратилган.
Зарурий мудофаа ҳуқуқи барчага бирдай тегишлидир. Ҳар бир шахс у ким бўлиши, қандай вазифани бажариши, қандай мансабни эгаллаб турганлигидан қатъи назар, ўзини, бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини қонунга хилоф тажовузлардан зарурий мудофаа актини қўллаб ҳимоя қилиш ҳуқуқига эгадир. Шунга кўра, зарурий мудофаа ҳуқуқи милиция ходимларига, жазони ижро этиш муассасаларининг ходимларига, ҳарбий хизматчиларга ва бошқа махсус вазифаларни бажарувчи шахсларга ҳам тегишлидир. Улар жиддий тажовузлардан қурол ишлатиш орқали зарурий мудофаа актини қўллашлари ҳам мумкин.
Кўпчилик фуқаролар учун зарурий мудофаа актини қўллаш уларнинг шахсий ҳуқуқлари ҳисобланади. Бундай ҳуқуқдан фойдаланишни рад қилиш ёки фойдаланишдан воз кечиш ахлоқан қораланишга сабаб бўлади ҳолос. Хизмати ёки бажараётган вазифаси туфайли зарурий мудофаа актини қўллаш мажбурияти юклатилган шахслар бундай мажбуриятларини бажармасалар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.
Зарурий мудофаани қўллашнинг асослари қуйидагиларда ифодаланади:
1) зарурий мудофаа актини қўллаш учун тажовуз ижтимоий хавфли бўлиши керак;
2) тажовуз мудофааланувчи ёхуд бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларига, давлат ёки жамият манфаатларига қарши қаратилган бўлиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 37-моддаси-нинг мазмунига кўра, тажовуз шахсга, яъни мудофааланувчининг ўзига ёки бошқа шахсларга, уларнинг ҳуқуқларига қарши ёки жамият ёхуд давлат манфаатларига қарши қаратилган бўлиши мумкин. Шахсларнинг шахсий ҳукуқ ва эркинликлари Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг YII бобида баён қилинган. Конституциянинг 24-моддасида «Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир», дейилади. 25-моддасида эса «Ҳар ким эркинлик ва шахсий дахлсизлик ҳуқуқига эга” дейилади. Демак, ана шу Конституциявий ҳуқуқлардан зарурий мудофаа ҳолатида ҳимояланиш ҳуқуқи ҳар бир кишига тегишлидир.
Ижтимоий хавфли тажовуз жиноий ҳаракат бўлиши ёки жиноят ҳисобланмаган ижтимоий хавфли қилмиш бўлиши мумкин. Ақли норасо ёки жиноят субъекти ёшига етмаган шахсларнинг тажовузи ижтимоий хавфли ҳисобланади, аммо жиноят ҳисобланмайди. Уларнинг ижтимоий хавфли қилмишларига ҳам зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин.
Фақат қасддан қилинадиган қилмишларгагина зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин. Аммо ҳар қандай қасддан қилинадиган қилмишларга нисбатан зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин бўлмайди. Масалан, қасддан қилинадиган товламачилик билан пора олиш, контрабанда, ёлғон кўрсатув бериш ва ҳоказо жиноятларга нисбатан зарурий мудофаа актини қўллашнинг иложи бўлмайди. Зарурий мудофаа фаол ҳаракатлар билан тажовуз қилинаётган қилмишларга, масалан, одам ўлдириш, баданига шикаст етказиш, номусга тегиш ва ҳоказо зўрлик ишлатиш билан содир этиладиган жиноятларга нисбатан қўлланиши мумкин. Фақат ҳаракат билан содир этиладиган ижтимоий хавфли қилмишгагина зарурий мудофаа қўлланиши мумкин. Ҳаракатсизликдан содир этиладиган ижтимоий хавфли қилмишларга нисбатан зарурий мудофаа акти қўлланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 39-сонли «Ижтимоий хавфли тажовузлардан зарурий мудофаа ҳуқуқини таъминловчи қонунларни судлар томонидан қўлланиши ҳақида”ги қарорининг биринчи бандида, «...судларга тушунтирилсинки, Жиноят кодексининг Махсус қисмида назарда тутилган ҳаракатлар уни содир этган шахснинг жавобгарликка тортилганлиги ёки руҳий касаллик туфайли, жиноий жавобгарлик ёшига тўлмаганлиги сабабли ва бошқа асосларга кўра жавобгарликдан озод қилинганлигидан қатъи назар, Жиноят кодексининг 37-моддаси доирасида ҳимояланишига асос берувчи ижтимоий хавфли тажовуз деб ҳисобланади», дейилади83[83].
Ижтимоий хавфлилигига кўра, кам аҳамиятли ҳисобланган қилмишларга нисбатан зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин эмас. Масалан, полиздан бир ёки икки дона қовун, боғдан оз миқдорда олма ўғирлагани учун жабрланувчининг баданига шикаст етказиш зарурий мудофаа ҳисобланмай, умумий асосларда жавобгарликка тортилади. Аммо жиноят ҳисобланмай маъмурий жавобгарликка тортиш мумкин бўлган қилмишга нисбатан зарурий мудофаа актини қўлласа бўлади. Масалан, жамоат тартибини бузиш билан боғлиқ бўлган қилмишга нисбатан зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин.
Эр-хотин А. ва С.лар хиёбонда кетаётганларида Б. исмли маст ҳолдаги шахс А.нинг хотини С. га тегажоқлик қила бошлайди, турли таклифлар қилиб аёлни қўлидан ушлаб торта бошлайди. Шунда А.Б.нинг кўкрагидан итариб юборади. Б. мувозанатини йўқотиб йиқилади ва бир қўл суяги синади. Суд А. зарурий мудофаа ҳолатида бўлган деб топади ва А.га нисбатан қўзғатилган ишни бекор қилади.
Зарурий мудофаанинг ҳуқуқий шарт (белги)лари қуйидагилардир:
1) зарурий мудофаа фақат ҳаракат орқали содир этилади;
2) зарар фақат тажовузнинг ўзигагина етказилади;
3) жиноятга суиқасд қилиш вақтида охирига етказилмаган вақт ичидагина зарурий мудофаа қўлланиши мумкин;
4) зарурий мудофаанинг мақсади тажовузни бартараф қилишга қаратилган бўлади;
5) ҳужум ва мудофаанинг характери бир-бирига мувофиқ бўлиши керак.
Зарурий мудофаа фақат ҳаракат орқали содир қилинади. Ҳаракатсизликдан зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин бўлмайди. Ўз мазмунига кўра, зарурий мудофаа туфайли тажовузчига жисмоний ва мулкий зарар етказилиши мумкин. Жисмоний зарар тажовузчининг баданига шикаст етказишда, мулкий зарар эса тажовузчининг мулкига зарар етказиш ёки мулкни нобуд қилиш билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Автобус бекати яқинида яшовчи С. маст ҳолда автобус бекатида безорилик ҳаракатларини содир қила бошлайди. Милиция ходими Б. С. дан безорилик ҳаракатларини тўхтатишни талаб қилади. Бунга жавобан С. милиция ходимини сўкиб, ҳақорат қилади ва уйига кириб қопоғон итини қўйиб юборади. Милицияга ташланган итни ўзига биркитилган тўппончадан отиб ташлайди. Б. зарурий мудофаа ҳолатида С. нинг мулкини (ити) нобуд қилади.
Зарар фақат тажовузчининг ўзигагина етказилади. Зарурий мудофаа актини қўллаш вақтида учинчи шахсга нисбатан зарар етказилмайди. Агар зарурий мудофаа актини қўллаш вақтида учинчи шахсларга зарар етказилса жавобгарлик умумий асосларга биноан, айбининг хусусиятига қараб ҳал қилинади.
Мудофаа тажовуз бошланганидан жиноят охирига етказилмасдан қўлланилган бўлса, қонуний ҳисобланади. Тажовуз тугаганидан кейин мудофаани давом эттиришни зарурий мудофаа деб топилмайди. Яъни зарурий мудофаани фақат жиноий ҳаракат бошланган вақтдан охирига етказилгунча бўлган вақт мобайнидагина қўллаш мумкин. Жиноятга тайёргарлик кўриш вақтида зарурий мудофаа актини қўллашнинг мумкин эмаслиги, аввало жиноий ҳаракат ҳали бошланмаган ва бу босқичда жиноий қилмишни зарурий мудофаа актини қўллашда бошқа чоралар орқали жиноятнинг олдини олиш учун тўла имкониятлар бор. Зарурий мудофаа эса қонуний ҳаракат ҳисоблансада тажовузчига жисмоний ёки мулкий зарар етказилиши мумкин. Шунингдек, жиноят охирига етказилган тақдирда ҳам зарурий мудофаа актини қўллаш мумкин бўлмайди. Чунки бу вақтда жиноий ҳаракат охирига етказилган, жиноий оқибат юз берган бўлади. Тугаган тажовузга нисбатан зарурий мудофаани қўллаш мумкин бўлмайди. Тугаган тажовузга нисбатан зарурий мудофаани қўллаш зарурий мудофаа деб эмас, балки жиноят учун қасд олиш деб ҳисобланади.
Зарурий мудофаа қасддан қилинадиган ҳаракат бўлсада, тажовузни бартараф қилишга қаратилган, мудофааланувчининг мақсади ҳам ўзининг ёки бошқа кишининг шахси ёки ҳуқуқларини, жамият ёки давлат манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат бўлади. Зарурий мудофаанинг айнан ана шу мақсади унинг жиноийлигини истисно қилади.
Агар зарурий мудофаа қасд олиш мақсадида қилинган бўлса зарурий мудофаа ҳисобланмайди.
А. ва К.лар ўртасида кўпдан бери низо мавжуд эди. А. К.дан қасд олиш учун вазият вужудга келишини кутар эди. Аммо қулай вазият вужудга келавермагач шундай вазиятни унинг ўзи пайдо қилади. А. 55 см келадиган темир бўлагини олиб К. ишлайдиган корхонага боради ва темир бўлагини ўша ердаги буталар орасига яшириб қўяди. Сўнгра К. ишлайдиган хонага кириб уни ҳақорат қила бошлайди, юзларига тарсаки уради. Натижада К. нинг жаҳли чиқиб А. га ташланади. А. эса қочиб, темир бўлаги яшириб қўйилган буталар олдига келади. К. уни қувиб шу ерга келганида темир бўлагини олиб К. нинг бошига уриб, баданига оғир шикаст етказади. А. мен зарурий мудофаа ҳолатида бўлганман деб ўзини оқламоқчи бўлади. Аммо терговчининг дастлабки тергов ҳаракатларини пухта олиб борганлиги туфайли суд А.нинг ҳаракатида зарурий мудофаанинг белгилари йўқ. А. қасд олиш мақсадида жабрланувчининг баданига қасддан шикаст етказган деб топади.
Тажовуз ва мудофаанинг характери бир-бирига мувофиқ келиши керак. ЎзР Олий суди Пленумининг 1996 йил 20 декабрдаги 39-сонли «Ижтимоий хавфли тажовузлардан зарурий мудофаа ҳуқуқини таъминловчи қонунларни судлар томонидан қўлланиши ҳақида» ги қарорининг бешинчи бандида «Судлар зарурий мудофаа аломатлари бор ёки йўқлиги масаласини ҳал этишда ҳимояланиш ва ҳужум воситаларини ҳисобга олишдан ташқари, тажовузчи томонидан ҳимояланувчига туғдирилган хавфнинг характери, ҳимоянинг кучи ва тажовузни қайтариш имкониятлари, шунингдек, ҳужум ва ҳимояланувчининг куч нисбатларига таъсир кўрсатувчи ишдаги барча ҳолатларини (ҳужум қилувчи ва ҳимояланувчиларнинг сони, уларнинг ёши, жисмоний қуввати, қуроли, жой, вақт ва бошқалар) ҳисобга олишлари зарур. Агар тажовуз бир гуруҳ шахслар томонидан содир этилган бўлса, мудофааланувчи ҳужум қилувчиларнинг ҳар бирига нисбатан гуруҳдаги барча тажовузчилар ҳаракатининг характери ва хавфлилик даражасига қараб тегишли ҳимоя чораларини кўришга ҳақли», дейилади.84[84]
Тажовуз ва мудофаанинг характери бир-бирига мувофиқ келиши керак деганда, тажовузчи томонидан келтирилиши мумкин бўлган зарар билан мудофааланувчи томонидан тажовузчига келтирган зарарнинг мувофиқлиги ҳақида эмас, балки тажовузчи ва мудофааланувчи куч ва воситаларнинг мувофиқлиги тўғрисида гап кетади.
Одам ўлдиришга тажовуз қилган шахс мудофааланувчи томонидан (зарурий мудофаа чегарасидан четга чиқмай) ўлдирилса, зарурий мудофаа асосли ҳисобланади. Баданга шикаст етказиш, босқинчилик, номусга тегиш ва шунга ўхшаш зўрлик ишлатиш билан боғлиқ бўлган жиноятларга нисбатан зарурий мудофаа ҳолатида тажовузчининг баданига ҳар қандай шикаст етказилса зарурий мудофаа асосли деб топилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |