2-§. Тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг турлари
ЎзР ЖКнинг 93-моддасида тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларининг қуйидаги турлари назарда тутилган:
а) мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва руҳий касаллик мутахассисида даволаниш;
б) умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш;
в) умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг соғлиқни тиклаш махсус бўлимида даволаниш;
г) кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида ёки бўлинмасида мажбурий даволаниш.
Тиббий йўсиндаги мажбурий даволаш, яъни мажбурий амбулатория кузатувида бўлиш ва руҳий касаллик мутахассисида даволаниш ЖК 92-моддасида назарда тутилган асослар мавжуд бўлган тақдирда бундай шахсни руҳий касалликлар шифохонасида даволаш зарурати бўлмаса қўлланади. Бундай турдаги тиббий йўсиндаги мажбурий даволаниш, даволанишнингмахсус шароитини талаб қилмайдиган, шахснинг ўзига ва бошқа шахсларга хавф туғдирмайдиган, доимий махсус муомала усулларини қўлланишни талаб қилмайдиган шахсларга нисбатан тайинланиши мумкин. Бундай шахсларни руҳиятшунос мутахассисга учрашиб, даволаниш муолажаларини олиб туришнинг ўзи етарли деган хулосага келинса тайинланади.
Тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишнинг иккинчи тури, яъни умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш, агарда шахснинг руҳий ҳолатининг бузилганлик даражасига, даволанишнинг шароитига, уларни сақлаш ва кузатув олиб бориш шароитига кўра, руҳий касалликлар шифохонасида даволанишни талаб қилинсагина тайинланади.
Умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасида мажбурий даволаниш ўзининг руҳий ҳолатига кўра, кузатув олиб бориш ва руҳий касалликлар шифохонасида даволаниш талаб қилинадиган ҳолдагина тайинланади.
Демак, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонаси шахснинг содир этган жиноятининг хусусиятлари ва унинг руҳий ҳолатига кўра, шифохонада сақланган ҳолда мажбурий даволанишни талаб қиладиган шахсларга нисбатан тайинланади.
Тиббий йўсиндаги мажбурий даволанишнинг учинчи тури, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонасининг соғлиқни тиклаш махсус бўлимида мажбурий даволаниш тури бўлиб, шахснинг руҳий ҳолатига кўра, доимий равишда кузатув олиб боришни, даволанишнинг махсус чораларини қўлланишини талаб қиладиган ҳолатдаги руҳий касалларга нисбатан тайинланади. Бундай касаллар шахснинг ҳаёти учун хавфли бўлган жиноят содир қилмаганликлари ва ўзларининг руҳий ҳолатига кўра ўзлари ва бошқалар учун ҳеч қандай хавф туғдирмайдилар. Аммо шунга қарамай уларни шифохонада махсус даволаш усулларини қўллаган ҳолда даволаниши керак бўлган руҳий касаллардир.
Тиббий йўсиндаги даволанишнинг тўртинчи тури, кузатув кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида ёки бўлинмасида даволаниш руҳий ҳолатига кўра, ўзига ва бошқаларга нисбатан хавф туғдирадиган, доимий равишда муттасил назорат қилишни талаб қиладиган махсус руҳий касалликлар шифохонасида даволаниш талаб қиладиган шахсларга нисбатан тайинланади. Шундай қилиб, бу қаттиқ назорат остида даволаш чораси, руҳий касал ўз ҳаракатлари билан ўзига ёки атрофдагиларга зарар етказиши мумкин бўлган (ўзининг баданига шикаст етказиши, бошқаларнинг баданига шикаст етказиши, ўлдириши мумкинлиги, ўт қўйиш хавфи ва ҳоказо ҳаракатлар содир қилиши мумкинлиги хавфи) ҳолларда қўлланиши мумкин. Бундай шахслар жуда оғир оқибатлар келиб чиқиши мумкин бўлган ҳаракатларни қилиши мумкин. Уларни жуда қаттиқ назорат остида даволашга тўғри келади. Уларни сақлаш шароити шундай ташкил қилинадики, касал ўзига даволовчи ходимларга ва бошқаларга жиддий зарар етказа олмайди.
Шундай қилиб, кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонасида ёки бўлимида мажбурий даволаш ўта ижтимоий хавфли бўлган ёки ўз хулқига кўра, умумий тартибли руҳий касалликлар шифохонаси шароитида даволанишнинг иложи бўлмаган руҳий касалларга нисбатан тайинланиши мумкин. Кузатуви кучайтирилган руҳий касалликлар шифохонаси ёки бўлимида руҳий касаллар батамом ажратилган ҳолда сақланади ва қўриқланади.
Тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари муддатини узайтириш, ўзгартириш ва бекор қилиш масалаларини руҳий касалликлар шифохонасидаги комиссиянинг хулосасига асосланган ҳолда суд ҳал қилади.
Do'stlaringiz bilan baham: |