Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари
XIX боб. Вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган жазолар ва уларни тайинлаш
1-§. Вояга етмаганлар жавобгарлигининг хусусиятлари
Вояга етмаганлар ўзларининг жисмоний ва ақлий жиҳатидан ҳали тўла етилмаганлиги, уларга нисбатан алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларни ҳимоя қилиш ва махсус ҳуқуқий ҳимоя қилишни талаб этади. Шунга кўра, жамият вояга етмаганларга нисбатан катта ёшдагиларга қўйиладиган талабларни қўя олмайди. Улар интенсив шаклланиш босқичини бошидан кечираётган бўлади. Уларда ҳали таъсирчанлик, тақлидчилик кучли бўлади. Шунга кўра, вояга етмасдан жиноят содир қилган шахслар учун жиноят қонунида алоҳида жавобгарликнинг белгиланиши ижтимоий нуқтаи назардан ҳам, инсонпарварлик нуқтаи назардан ҳам мақсадга мувофиқдир.
Иккинчи томонидан эса вояга етмаганларнинг руҳий хусусиятларини ҳисобга олиб, унча оғир бўлмаган жазо чораларини тайинлаш орқали ҳам жазонинг мақсадига эришиш имкониятини беради. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган, унча оғир бўлмаган ёки биринчи марта жиноят содир қилган вояга етмаганларни тарбиялашда жиноий жазо ҳисобланмаган тарбиявий хусусиятдаги мажбурий чораларни қўллаш жазонинг мақсадига тарбиявий хусусиятдаги чоралар орқали эришиш имкониятини беради.
Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган Жиноят кодексида биринчи марта вояга етмаганларнинг жавобгарлиги алоҳида ажратилиб ЖКнинг олтинчи бўлимида берилди.
Жиноят содир қилиш пайтида ўн тўрт ёшга тўлган, аммо ўн саккиз ёшдан ошмаган шахслар вояга етмаган шахслар ҳисобланади. Юридик адабиётларда кўпинча вояга етмаганларни икки туркумга бўладилар. Ўн тўрт ёшдан ўн олти ёшгача бўлган шахсларни кичик ёшдаги вояга етмаганлар, ўн олти ёшдан ўн саккиз ёшгача бўлганларни катта ёшдаги вояга етмаганлар деб ҳисоблайдилар. Вояга етмаганларга тайинланадиган озодликдан маҳрум қилиш (85-модда) жазоси ана шу қоидага асосланиб белгиланган.
Жиноят субъекти ёши билан вояга етмаганлик ёши тушунчалари ҳар хил тушунча бўлиб, жиноят субъекти ёши муайян турдаги жиноят учун қонунда белгиланган жавобгарликка тортилиш ёши бўлса, вояга етмаганлик ҳали тўла муомала лаёқатига эга бўлмаслик (масалан,сайловда қатнашмаслик, армия сафига чақирилмаслик, муайян мансабларни эгаллай олмаслик ва ҳоказолар)дан иборатдир.
Ўзбекистон Республикаси жиноят қонунида ўн олти ёшга тўлганлар жиноятнинг субъекти бўла оладилар. Аммо айрим қилмишларни ўн олти ёшга тўлмаганлар ҳам ижтимоий хавфли ва жиноят эканлигини англаганлари боис айрим жиноятлар учун ўн тўрт ёшга тўлганлар жиноят субъекти бўлиши мумкин. Жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдиришнинг алоҳида хавфли эканлигини, ўн тўрт ёшга тўлмаганлар ҳам бундай қилмиш оғир жиноят эканлигини англаганлиги туфайли ўн уч ёшга тўлганлар ҳам бу жиноятнинг субъекти бўла олади. Демак, жиноят субъекти ёши жиноят-ҳуқуқий муносабатларнинг вояга етмаганлик муомала лаёқатига тўла эга бўла олмаслик ёшини англатади. Хориж давлатларнинг айримларининг жиноят қонунларида ўн тўрт ёшга тўлганлар жиноятнинг субъекти бўладилар (масалан, Россия, Австрия, Германия, Япония), Франция ЖК да ўн уч ёш, Нидерландия ва Португалия ЖК да ўн икки ёш, Ирландия ҳуқуқида етти ёш. Ҳозирги замон жиноят қонунлари ривожланиши вояга етмаганларга нисбатан асосан тарбиявий хусусиятдаги чораларни қўллашга алоҳида аҳамият берилаётганлиги туфайли жиноий жавобгарлик ва тарбиявий хусусидаги чоралар ўртасида деярли жуда кам фарқ қолаётганлиги туфайли жиноят субъекти ёши камайтирилганлигини маълум даражада оқлайди. Вояга етмаганларнинг жиноий жавобгарлиги кўпроқ ҳуқуқий чеклашлар билан боғлиқ бўлмоқда.
Ўн тўрт ёшга тўлмаганлар кичик ёшдагилар ҳисобланиб, ўз ҳаракатларининг ижтимоий хавфлилигини, жиноят эканлигини (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш бундан мустасно) ҳали тўла англаб ета олмайди. Ўн тўрт ёшга тўлганлар эса айрим қилмишларнинг жиноят эканлигини англайди, ўз ҳаракатларини тўла бошқара олади. Шунинг учун ЖКнинг 17-моддасида ўн тўрт ёшдан жиноят субъекти бўлиши мумкин бўлган жиноятларнинг рўйхати берилган.
Ўн олти ёшга тўлганлар эса руҳий ҳолати жиҳатидан ўз ҳаракатларини тўла бошқара оладиган, ҳаракати (ҳаракатсизлиги) туфайли келиб чиқадиган оқибатнинг ижтимоий аҳамиятини тўла англайди. Жиноят кодексида шундай жиноятлар назарда тутилганки, бу жиноятларни вояга етмаганлар ўзларининг ижтимоий ўрни туфайли содир қила олмайдилар (масалан, мансабдорлик, ҳарбий хизматни ўташ билан, сайлов билан боғлиқ ва ҳоказо жиноятлар). Бундай жиноятлар учун фақат ўн саккиз ёшга тўлганларгина субъект бўла оладилар.
Жисмоний ривожланишига нисбатан ақлий ривожланиши орқада қолиб кетган шахслар ЎзР ЖК 17-моддасининг мазмунига кўра, жиноятнинг субъекти бўла оладилар. Аммо суд бундай шахсларни жиноий жавобгарликдан ва жазодан озод қилишнинг асослари бор ёки йўқлигини текшириб кўришлари шарт.
Шахс ўн саккиз ёшга тўлиши билан вояга етмаганлик ҳуқуқий мақомини йўқотади. Халқаро ҳуқуқ нормаларида, бошқа бир қанча мамлакатларда ўн саккиз ёшга тўлганлик вояга етганлик ҳисобланади.
Вояга етмаганларга нисбатан қўлланадиган ҳуқуқий нормаларни икки гуруҳга бўлиш мумкин:
Биринчи гуруҳга жиноят содир қилиш пайтида вояга етмаган ёшда бўлганлар учун қўлланадиган нормалар;
Иккинчи гуруҳга муайян нормани қўллаш вақтида вояга етмаган ёшда бўлганлар учун қўлланадиган нормалар.
Биринчи гуруҳга жиноят содир қилиш пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаганларга нисбатан тадбиқ қиладиган нормаларга жиноятни квалификация қилиш, жазо тайинлаш, жазодан муддатидан илгари шартли озод қилиш, жазони енгилроғи билан алмаштиришни назарда тутувчи нормалар киради.
Иккинчи гуруҳга тарбия ёки жазони ўташ колониясини тайинлашга оид нормалар, мажбурлов чораларини қўллашни назарда тутувчи нормалар киради. Ана шу юқорида айтилганларга кўра, шахснинг жиноий жавобгарлигини тўғри белгилаш учун шахснинг ёшини тўғри аниқлаш муҳим аҳамиятига эгадир. Суд вояга етмаганнинг жавобгарлигини ҳал қилишда уларнинг туғилган йили, ойи ва кунини тўғри аниқлаш чораларини кўришлари керак. Бу масалалар ушбу дарсликнинг жиноят субъекти бобида батафсил берилган.
Вояга етмаганларга нисбатан тайинланадиган жазо турлари ҳам алоҳида ажратилиб, ЖКнинг 81-моддасида унинг тизими берилган. ЎзР ЖКнинг 43-моддасида назарда тутилган жазолар ўн саккиз ёшга тўлганларга нисбатан тайинланса, ЖКнинг 81-моддасида назарда тутилган жазолар эса, жиноят содир қилиш пайтида ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга нисбатан тайинланади.
Ўн саккиз ёшга тўлмасдан жиноят содир этган шахсларга нисбатан қўшимча жазо тайинланиши мумкин эмас.
Do'stlaringiz bilan baham: |